Ўзбекистон | 23:48 / 11.09.2024
3554
6 дақиқада ўқилади

11 сентябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Қайта қўлга тушаётган коррупционерлар, судда даъвоси қаноатлантирилган Ботир Қодиров, янги қурилишлар билан танишган президент — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

556 нафар коррупционер қилмишини такрорлаган

Ўзбекистонда коррупцион жиноятларни содир этган 566 нафар шахс 2023 йилда давлат хизматига қайта қабул қилинган ва яна коррупцияга қўл урган

Бу ҳақда депутат Умида Раҳмонова Қонунчилик палатасининг 10 сентябр кунги йиғилишида маълум қилди. Раҳмонова коррупцион жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ реестри ҳалигача ташкил этилмаганининг оқибати эканини таъкидлаган.

Коррупционерларнинг очиқ электрон реестрини юритиш 2021 йил 6 июлдаги президент фармонида белгиланган эди. Фармонга кўра, 2021 йил 1 октябргача тегишли қонун лойиҳаси Президент администрациясига киритилиши керак эди.

Акмал Бурҳоновга кўра, дастлабки қонун лойиҳаси 2022 йил бошида ишлаб чиқилиб, жорий йил бошида Президент администрациясига киритилган. Лекин администрация томонидан бир қатор эътирозлар бўлган, халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштириш бўйича вазифа юклатилган.

«Биз вазифалардан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини янада такомиллаштирдик. Шу кунларда яна бир марта охирги версиясини Президент администрацияси орқали Қонунчилик палатасига киритишни режалаштирганмиз. Ўйлайманки, шу ой охирига қадар бу қонунни сизларнинг эътиборингларга кўриб чиқиш учун киритамиз», — деган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов.

 

Ботир Қодиров судда ютди 

Жўраевлар ишида суд қарори ўқилди. Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди хонанда Ботир Қодировнинг даъво аризасини қаноатлантириб, марҳум Шерали Жўраевнинг унга нисбатан оталик фактини белгилади

“Ботир Қодировнинг жавобгарлар Жўраев Шоҳжаҳон Шерали ўғли ва Жўраев Зоҳиршоҳ Шерали ўғлига нисбатан оталик фактини белгилаш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилсин. Марҳум, 2023 йил 4 февралда вафот этган Шерали Жўраев 1981 йил 5 майда туғилган Қодиров Ботир Шералиевичга нисбатан оталик факти белгилансин”, дейилади суд қарорида.

Шунингдек, қарорда Ботир Қодировнинг Андижон шаҳар ФҲДЁ бўлимида 1983 йил 11 март 12-сон билан қайд этилган туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви ота устунига “Шерали Жўраев, 1945 йил туғилган, миллати ўзбек” деб кўрсатиш ҳам белгиланган.

Шерали Жўраевнинг ўғли Зоҳиршоҳ Жўраев билан боғланиб, суд қарорига нисбатан муносабатини сўради. Хонанда ҳал қилув қарори ғайриқонуний эканини, далил ва исботлар етарли бўлмай туриб, бундай қарорга келинганини, шу боис унинг устидан апелляция шикояти киритилишини маълум қилди.

Хонанда Ботир Қодиров эса суддан сўнг «энг оғриқли нуқтасини босишмагунча даъво аризаси киритиш нияти бўлмаганини» таъкидлаган

«Бошқа чора қолдиришмади, энг нозик нуқтамни босишди. Уларнинг қўрқаётган нуқтаси – мерос. Менга мерос керак эмас. Ёмон гапирмоқчи эмасман, улар барибир менинг укаларим», — деди хонанда. 

 

Президент янги қурилишлар билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 10 сентябр куни Тошкент шаҳрининг Янги Ўзбекистон кўчасидаги қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари билан танишди.

Узунлиги 11 километр, эни 86 метр бўлган бу кўча сўнгги йилларда энг катта кўчалардан бирига айланди. 

Давлат раҳбари қарорига асосан, Янги Ўзбекистон кўчасида ишбилармонлик маркази қурилиши ва йўл бўйи инфратузилмаси ривожлантирилиши белгиланган эди. 

Лойиҳага кўра, кўчанинг икки томонида миллий руҳга уйғун замонавий турар жойлар, меҳмонхона, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари қурилади. Сайилгоҳ ва кўнгилочар масканлар, пиёда ва велосипед йўлакчалари ташкил этилади.

Бу ерда «Тошкент-Шарқий» аэропорти ва Олимпия шаҳарчаси ҳам қурилмоқда. Президент ушбу иншоотлар атрофини ҳамда уларга олиб борувчи йўл бўйини кўкаламзорлаштириш бўйича кўрсатма берган эди.

Ташриф чоғида ландшафт дизайни таклифлари кўриб чиқилди. Унга кўра, Янги Ўзбекистон кўчасининг икки тарафи янада обод қилинади. Чинор, эман, лола дарахти, каталпа, писардия, кипарис, ҳинд настарини, лаванда, Сурия атиргули каби дарахт ва буталар декоратив шаклда экилади. Аэропорт олдида иккита фаввора барпо этилади. 

Шавкат Мирзиёев Тошкентда Олимпия шаҳарчаси қурилишини бориб кўрди.

Йирик спорт мажмуаси 2025 йил юртимизда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасида Осиё ва Параосиё ўйинлари учун қурилмоқда. Мусобақаларда 29 та спорт тури бўйича қитъанинг 45 та давлатидан 3 мингдан зиёд спортчи иштирок этиши кутилмоқда.

100 гектар майдонга ёйилган Олимпия шаҳарчасининг асосий иншоотларида жадал қурилиш кетмоқда. Хусусан, 12 минг ўринли олимпия стадиони, ҳар бири 2 мингдан томошабинга мўлжалланган велодром, сув спорти саройи, яккакурашлар ва жамоавий ўйинлар мажмуалари қад кўтарган.

Олимпия шаҳарчасида, шунингдек, футбол, волейбол, теннис, чим устида хоккей, енгил атлетика кабилар бўйича 15 та очиқ майдон бўлади. Музей ва офисларни ўз ичига олган маъмурий бино, боғлар, сунъий кўл барпо этилади.

 

Тошкентда ижара нархлари бироз кўтарилди

Олийгоҳларда янги ўқув йили бошланиши билан пойтахт Тошкент шаҳрида ўртача таъмирланган хонадонлар учун ижара нархлари июл ойига нисбатан ўртача 1,9 фоизга, тўлиқ таъмирланган хонадонлар учун эса 0,3 фоизга ошгани таъкидланмоқда.

Бунга бир нечта омиллар, жумладан, сентябр ойидан олий таълим муассасаларида янги ўқув йилининг бошланиши бўйича кутилмалар таъсир кўрсатгани таъкидланмоқда.

Таҳлилда ижара нархлари АҚШ долларида келтирилган. Жумладан, ўртача таъмирланган 1 хонали хонадонлар учун нисбатан арзон ижара нархлари туманлар жойлашувига кўра 285 АҚШ долларидан 350 АҚШ долларигача бўлса, тўлиқ таъмирланган 1 хонали уй-жойларнинг энг арзон ижара нархлари 335 АҚШ долларидан 450 АҚШ долларигача бўлган қийматни ташкил этмоқда.

Мавзуга оид