Жаҳон | 12:30 / 11.09.2024
3505
4 дақиқада ўқилади

Блинкен: Байден Киевга Россияга ATACMS билан зарба йўллашга рухсат бериши мумкин

АҚШ давлат котибининг сўзларига кўра, Жо Байден Вашингтон Украинага Россия ҳудудига ракета зарбалари йўллашига рухсат берилишини «истисно этмаяпти», деб хабар қилди Sky News.

Фото: DW

АҚШ президенти Жо Байден Вашингтон Украинага Россия ҳудудига чуқур ракета зарбалари йўллашига рухсат берилишини истисно этмайди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 10 сентябр, сешанба куни Sky News телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.

Аввалроқ, Лондондаги матбуот анжуманида Блинкен Эрон Москвага қисқа масофага учувчи ракеталарни етказиб бергани ва Россия қуролли кучлари уларни «бир неча ҳафта ичида» Украинада қўллашни бошлаши мумкинлигини тасдиқлади. Давлат департаменти раҳбарининг сўзларига кўра, «ўнлаб россиялик ҳарбий хизматчилар» Эроннинг Fath-360 баллистик ракеталаридан фойдаланиш бўйича ўқитилган.

Қўшма Штатлар Украинани «Россия агрессиясини самарали қайтариш» учун керак бўлган ҳамма нарсага эга бўлиши учун қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, Вашингтон Украина ҳарбий хизматчилари ўзининг Ғарб иттифоқчиларининг «мураккаб тизимлари»га хизмат кўрсата олиши ҳақида ўйлаши керак эди, деб таъкидлайди Sky News.

«Қарор қабул қилишда буларнинг барчасини ҳисобга олиш керак, аммо шуни айта оламанки, биз йўлда ҳар бир қадамни мослаштирдик, тўғрилаб олдик ва давом этамиз - шунинг учун биз буни истисно қилмаймиз (Вашингтоннинг зарбаларга рухсати)», деди Энтони Блинкен.

Блинкен ва Лэмми Украинага биргаликда ташриф буюришини эълон қилди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми Украинага биргаликда ташриф буюришларини эълон қилишди. 10 сентябр куни АҚШ Давлат департаментининг аниқлик киритишича, Блинкен ва Лэмми 11 сентябр куни Украинага боради. Сафар ҳақидаги маълумотни Британия ТИВ раҳбари Лондонда америкалик ҳамкасби билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида ҳам тасдиқлади. «Бу ўн йилдан ортиқ вақт ичида бундай турдаги биринчи қўшма ташриф бўлади», деди Лэмми.

Давлат департаменти сиёсатчиларнинг Украина президенти Володимир Зеленский ва Украина ҳукумати юқори мартабали вакиллари билан учрашиши режалаштирилганини тушунтирди. Хусусан, Россия агрессиясидан ҳимоя қилиш ва Украинанинг «узоқ муддатли истиқболда ҳарбий, иқтисодий ва демократик жиҳатдан гуллаб-яшнаши учун» Киевни қўллаб-қувватлаш масаласи муҳокама қилинади», дейилади департаментда.

АҚШ Украинага янги ёрдам пакети ажратилганини эълон қилди

АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага 250 миллион доллар миқдорида навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этишини эълон қилди. Бу ҳақда 6 сентябр куни Пентагон сайтида маълум қилинди.

Хусусан, Киев Вашингтондан Stinger ракеталари, HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун ўқ-дорилар, 155 мм ва 105 мм артиллерия ўқ-дорилари, танкка қарши Javelin ва AT-4 тизимлари, Bradley пиёда жанговар машиналари, М113 зирҳли транспорт воситалари, патрул қайиқлари ва бошқа нарсалар олади.

АҚШ Эрон Россияга баллистик ракеталар топширганидан хабар топди

AP хабарига кўра, Қўшма Штатлар иттифоқчиларини Россияга қисқа масофали баллистик ракеталарни топшириш эҳтимоли ҳақида хабардор қилган. Вазиятдан хабардор ва анонимлик шарти билан гапирган икки агентлик манбаси қанча ракеталар ва қачон узатилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади, деб ёзди AP 8 сентябр куни.

Шундай қилиб, агентлик суҳбатдошлари Америка разведкасининг хулосаларини тасдиқладилар, дейилади қўшимча равишда. AP таъкидлаганидек, Оқ уй Эроннинг Россияга ракеталарни топширганини тасдиқлашдан бош тортди, бироқ Эрон Москвани қўллаб-қувватлашни кучайтириб бораётганидан яна бир бор хавотир билдирди. Бир неча ойдирки, Вашингтон Теҳронни баллистик ракеталарни Россия Федерациясига бермасликка чақириб келади.

Мавзуга оид