Жаҳон | 09:50 / 11.09.2024
2124
3 дақиқада ўқилади

Блинкен ва Лэмми Украинага биргаликда ташриф буюришини эълон қилди

АҚШ давлат котиби ва Британия ташқи ишлар вазири Киевда Зеленский ва Украина ҳукуматининг юқори мартабали вакиллари билан учрашишни режалаштирмоқда.

Фото: Reuters

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми Украинага биргаликда ташриф буюришларини эълон қилишди. 10 сентябр, сешанба куни АҚШ Давлат департаментининг аниқлик киритишича, Блинкен ва Лэмми 11 сентябр куни Украинага боради. Сафар ҳақидаги маълумотни Британия ТИВ раҳбари Лондонда америкалик ҳамкасби билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида ҳам тасдиқлади. «Бу ўн йилдан ортиқ вақт ичида бундай турдаги биринчи қўшма ташриф бўлади», деди Лэмми.

Давлат департаменти сиёсатчиларнинг Украина президенти Володимир Зеленский ва Украина ҳукумати юқори мартабали вакиллари билан учрашиши режалаштирилганини тушунтирди. Хусусан, Россия агрессиясидан ҳимоя қилиш ва Украинанинг «узоқ муддатли истиқболда ҳарбий, иқтисодий ва демократик жиҳатдан гуллаб-яшнаши учун» Киевни қўллаб-қувватлаш масаласи муҳокама қилинади», дейилади департаментда.

АҚШ-Британия стратегик мулоқоти бошланди

Блинкеннинг Лондонга ташрифи чоғида мамлакатлар АҚШ-Британия стратегик мулоқотини бошлаб, ўртадаги «алоҳида муносабатлар»ни яна бир бор тасдиқлади. Мулоқот икки томонлама муносабатларнинг асосий элементлари, жумладан, мудофаа ва хавфсизлик, барқарор иқтисодий ўсиш ва бошқа глобал устуворликларни қамраб олади.

Лондонда Америка дипломатияси раҳбари Британиянинг юқори мартабали ҳукумат амалдорлари билан учрашиб, Ҳиндистон-Тинч океани минтақасидаги вазиятни, Австралия, АҚШ ва Британиянинг AUKUS блоки доирасидаги ҳамкорлигини, шунингдек, Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилади. 

Блинкен Киевга ташрифидан сўнг Полшага боради ва у ерда 12 сентябр куни Полша ҳукуматининг юқори мартабали вакиллари билан учрашади. Томонлар Вашингтон ва Варшава ўртасидаги мудофаа ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек, Украина мудофаасини қўллаб-қувватлаш учун НАТО иттифоқчилари сифатида ишлаш масалаларига тўхталиб ўтадилар.

АҚШ Украинага янги ёрдам пакети ажратилганини эълон қилди

АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага 250 миллион доллар миқдорида навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этишини эълон қилди. Бу ҳақда 6 сентябр куни Пентагон сайтида маълум қилинди.

Хусусан, Киев Вашингтондан Stinger ракеталари, HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун ўқ-дорилар, 155 мм ва 105 мм артиллерия ўқ-дорилари, танкка қарши Javelin ва AT-4 тизимлари, Bradley пиёда жанговар машиналари, М113 зирҳли транспорт воситалари, патрул қайиқлари ва бошқа нарсалар олади.

Мавзуга оид