Жаҳон | 08:00 / 11.09.2024
3550
4 дақиқада ўқилади

Париж, Берлин ва Лондон Эронга қарши янги санкциялар киритяпти

Теҳроннинг Москвага баллистик ракеталарни топшириши Европа хавфсизлигига тўғридан тўғри таҳдид солмоқда, дея таъкидлади Франция, Германия ва Британия ташқи ишлар вазирликлари.

Фото: Reuters

Париж, Берлин ва Лондон Теҳроннинг Россияга баллистик ракеталарни топширгани учун Эронга қарши янги санкциялар киритмоқда. Бу ҳақда ушбу мамлакатлар ташқи ишлар вазирларининг 10 сентябр, сешанба куни Британия ҳукумати томонидан эълон қилинган қўшма баёнотида айтилади.

«Ушбу ҳаракат ҳам Эрон, ҳам Россия томонидан эскалация бўлиб, Европа хавфсизлигига бевосита таҳдид солади», — дейилади ҳужжатда. «E3, агар ракета узатилиши содир бўлса, Эронга қарши янги ва муҳим чоралар кўришини очиқ ва ошкора айтди», дейилади баёнотда.

E3 Британия, Германия ва Франция ўртасида ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати соҳасидаги ҳамкорликнинг норасмий механизми ҳисобланади.

«Эрон етказиб беришни амалга оширди»

«Энди биз Эрон ушбу етказиб беришни амалга оширганини тасдиқладик», деди вазирлар. Париж, Берлин ва Лондонга кўра, «Эрон билан ҳаво қатнови бўйича икки томонлама келишувларни дарҳол бекор қилиш чоралари кўрилади». «Бундан ташқари, биз Эроннинг баллистик ракета дастури ва Россияга баллистик ракеталар ва бошқа қуролларни топширишда иштирок этган муҳим юридик ҳамда жисмоний шахслар рўйхатга киритилишига интиламиз», — дейилади уч давлат ташқи ишлар вазирликлари хабарида. Улар, шунингдек, Эроннинг Iran Air давлат авиакомпаниясига қарши санкциялар жорий этиш устида иш олиб боради.

E3 гуруҳи Европа ва халқаро ҳамкорлар билан саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштиради. «Биз Эронни Россиянинг Украинага қарши урушини зудлик билан қўллаб-қувватлашни тўхтатишга ва унинг баллистик ракеталарини ишлаб чиқиш ва топширишни бас қилишга чақирамиз», — деди вазирлар.

Айни пайтда, Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгунинг таъкидлашича, Россия Москва ва Теҳрон ўртасидаги янги асосий давлатлараро шартномани юқори даражада имзолашга тайёргарлик кўриш учун зарур бўлган ички давлат процедураларини якунламоқда. Шойгунинг сўзларини 10 сентябр куни ТАСС агентлиги келтирган.

Евроиттифоқ Эрон Россияга ракеталар бергани ҳақидаги маълумотни ўрганмоқда

Европа Иттифоқи «Россияга Эрон баллистик ракеталарини етказиб бериш бўйича иттифоқчилар томонидан тақдим этилган ишончли маълумотларга эга». Бу ҳақда 9 сентябр, душанба куни Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати вакили Петер Стано маълум қилди. «Биз Европа Иттифоқига аъзо давлатлар билан биргаликда ушбу маълумотни ўрганмоқдамиз ва агар у тасдиқланса, бу етказиб беришлар Эроннинг Украинага қарши Россия урушини қўллаб-қувватлашида сезиларли моддий эскалация экани ойдинлашади», - дея таъкидлади Стано.

Унинг қўшимча қилишича, Европа Иттифоқи етакчилари аниқ ва якдил позицияга эга. «Европа Иттифоқи тезкор ва халқаро ҳамкорлар билан мувофиқлашган ҳолда жавоб қайтаради, жумладан Эронга қарши янги ва муҳим чекловчи чоралар билан», - дея огоҳлантирди Европа Иттифоқи ташқи сиёсати вакили. 

АҚШ Эрон Россияга баллистик ракеталарни топширганидан хабар топди 

AP хабарига кўра, Қўшма Штатлар иттифоқчиларини Россияга қисқа масофали баллистик ракеталарни топшириш эҳтимоли ҳақида хабардор қилган. Вазиятдан хабардор ва анонимлик шарти билан гапирган икки агентлик манбаси қанча ракеталар ва қачон узатилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади, деб ёзди AP 8 сентябр куни.

Шундай қилиб, агентлик суҳбатдошлари Америка разведкасининг хулосаларини тасдиқладилар, дейилади қўшимча равишда. AP таъкидлаганидек, Оқ уй Эроннинг Россияга ракеталарни топширганини тасдиқлашдан бош тортди, бироқ Эрон Москвани қўллаб-қувватлашни кучайтириб бораётганидан яна бир бор хавотир билдирди. Бир неча ойдирки, Вашингтон Теҳронни баллистик ракеталарни Россия Федерациясига бермасликка чақириб келади.

Мавзуга оид