Жаҳон | 17:20 / 11.09.2024
9755
11 дақиқада ўқилади

Теодор Рузвелтдан Жо Байденгача – АҚШнинг энг ёш ва энг кекса президентлари ҳақида

АҚШ тарихида 45 нафар шахс президентлик қилган. Улар орасида энг ёши — Теодор Рузвелт, энг кексаси — амалдаги президент Жо Байден. Мабодо ноябр ойида ўтказиладиган сайловда Доналд Трамп ғалаба қозонса, Жо Байденнинг рекордини янгилайди.

Фото: alamy.com

2016 йил 8 ноябр куни АҚШда навбатдаги президентлик сайлови бўлиб ўтди. Унда Республикачилар партияси вакили Доналд Трамп Демократик партия вакили Ҳиллари Клинтонни ортда қолдириб мамлакат президенти бўлди.

Ўша сайловда Трамп АҚШ тарихидаги иккинчи энг кекса президент бўлганди. 1946 йил 14 июнда туғилган Трамп сайловда ғалаба қозонган куни 70 ёш 5 ойлик эди.

Унгача Америкада фақат Роналд Рейган 73 ёшида президент бўлган: бу ёшида у иккинчи муддат учун ўтказилган сайловларда ғалаба қозонган.

Бироқ 2021 йилги сайловда Рейганнинг рекорди янгиланди. Бу сафар Трампдан тўрт ёш катта бўлган демократлар вакили Жо Байден салкам 78 ёшида АҚШ президенти этиб сайланди.

Агар Байден 2024 йил ўтказиладиган сайловда ўз номзодини қайтариб олмаганида ва ғалаба қозонганида рекорд янгиланарди – қарийб 82 ёшли қария АҚШ президенти бўларди.

Энди Трамп Камала Ҳаррис билан рақобатлашяпти. Агар у ғалаба қозонса, Байденнинг рекордини янгилайди ва 78 ёш 5 ойлигида АҚШ президенти бўлади.

Қуйида АҚШни шу пайтгача бошқарган энг кекса президентлар ҳақида маълумот берамиз.

Фото: shutterstock.com

10. Жон Адамс – президентликка 61 ёшда сайланган

1796 йил 4 ноябрдан 7 декабргача АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари ўтказилади. Унда Федералчилар вакили Жон Адамс Демократик-республикачилар вакили Томас Жефферсон ўзаро рақобатлашади.

Якунда Адамс ғалаба қозонади ва АҚШнинг 2-президентига айланади. Ўшанда у 61 ёшда эди.

Фото: alamy.com

9. Эндрю Жексон – президентликка 61 ёшда сайланган

АҚШда 1828 йил 31 октябрдан 2 декабргача ўтказилган президентлик сайловларида Демократик партия вакили Эндрю Жексон ва Миллий республикачилар партияси вакили Жон Куинси Адамс ўзаро рақобатлашади.

Сайловда Эндрю Жексон ғалаба қозонади ва Жон Адамснинг натижасини такрорлаб, 61 ёшида АҚШнинг 7-президенти этиб сайланади.

Маълумот учун, 20 долларлик пулга Эндрю Жексоннинг сурати туширилган.

8. Дуайт Эйзенхауэр – президентликка 62 ёшда сайланган

1952 йил 4 ноябр куни ўтказилган сайловда Республикачилар вакили Дуайт Эйзенхауэр ва Демократлар вакили Эдлай Стивенсон ўзаро беллашади.

Сайловда Дуайт Эйзенхауэр ғалаба қозонади. У ўшанда Жон Адамс ва Эндрю Жексоннинг натижасини янгилаб, 62 ёшида АҚШнинг 34-президенти этиб сайланади.

7. Закари Тейлор – президентликка 64 ёшда сайланган

1848 йил 7 ноябр куни АҚШда навбатдаги президентлик сайлови ўтказилади. Бу сафар уч номзод – Виглар партиясидан Закари Тейлор, Демократик партиядан Люис Касс ва Озод ер партиясидан Мартин Ван Бюрен ўзаро рақобатлашади.

Сайловда Мартин Ван Бюрен умуман овоз ололмайди. Люис Касс билан билан рақобатда 64 ёшли Закари Тейлор ғолиб чиқади.

Ота-бола Бушлар

6. Жорж Буш (каттаси) – президентликка 64 ёшда сайланган

1988 йил 8 ноябр куни АҚШда ўтказилган навбатдаги президентлик сайловида Республикачилар вакили Жорж Буш ва Демократлар вакили Майкл Дукакис ўзаро рақобатлашади.

Сайловда 64 ёшли тўлиқ исми Жорж Герберт Уокер Буш бўлган “Катта Буш” ғалаба қозонади ва АҚШнинг 41 президентига айланади.

5. Жеймс Бюкенен – президентликка 65 ёшда сайланган

1856 йил 4 ноябрдаги президентлик сайловида Демократик партия вакили Жеймс Бюкенен, Республикачилар партияси вакили Жон Фремонт, Виглар партияси вакили Миллард Филлмор ўзаро рақобатлашади.

Сайловда энг кўп овоз олган 65 ёшли Жеймс Бюкенен ғалаба қозонади ва АҚШнинг 15-президенти этиб сайланади.

4. Уилям Ҳаррисон – президентликка 67 ёшда сайланган

1840 йилги сайловларда Виглар партиясидан Уилям Ҳенри Ҳаррисон ва Демократлардан Мартин Ван Бюрен рақобатида 67 ёшли Уилям ғалаба қозонади.

Таасуфки Ҳаррисон бор-йўғи бир ой президентлик қилади ва бу даврни ҳам бетоблик билан ўтказади. Сўнг вафот этади.

Гап шундаки, Ҳаррисон қасамёд қилган 1841 йил 4 март куни ҳаво жуда совуқ бўлади. Бир неча соат тўхтовсиз матн ўқиган Ҳаррисон қаттиқ шамоллайди ва бир ой бетоб бўлиб ётиб, 4 апрел куни вафот этади.

3. Доналд Трамп – президентликка 70 ёшда сайланган

2016 йил 8 ноябр куни ўтказилган сайловда Республикачилар вакили Доналд Трамп Демократлар вакили Ҳиллари Клинтонни ютиб чиқди.

Ҳиллари АҚШнинг 42-президенти Билл Клинтоннинг рафиқаси бўлиб, сайлов арафасигача Трампдан олдинда кетаётганди. Бироқ асосий сайловга бир неча кун қолганда Марказий Разведка бошқармаси ижтимоий тармоқларнинг бирида унинг номига яширинча саҳифа очилганини маълум қилди.

Шундан сўнг сайловда кескин бурилиш юз берди ва 70 ёшли миллиардер Трамп ғалаба қозонди. Орадан тўрт йил ўтгач 74 ёшли Трамп иккинчи муддат учун ўз номзодини қўйди, бироқ у ўзидан қарийб тўрт ёш катта бўлган Жо Байденга ютқазди.

2. Роналд Рейган – президентликка 73 ёшда сайланган (биринчи муддатга сайланганда 69 ёшда эди)

1980 йил 4 ноябр куни АҚШда ўтказилган президентлик сайловида уч нафар номзод ўзаро рақобатлашади. Булар Республикачилар партияси вакили Роналд Рейган, Демократлар вакили Жимми Картер ва мустақил номзод Жон Андерсон эди.

Сайловда республикачилар вакили 69 ёшли Роналд Рейган ғалаба қозонади ва 70 ёшида АҚШнинг 40-президентига айланади. Рейган 1976 йилда ўтказилган сайловларда ҳам ўз номзодини қўйган, бироқ партия ичидаги сайловда Жералд Фордга ютқазган.

Форд эса асосий сайловда Демократлар вакили Жимми Картерга ютқазади. 1980 йилги сайловда Рейган Картерни ютиб чиқиб, тўрт йил аввалги мағлубият аламини олади.

Рейган 1984 йилда ўтказилган сайловларда ҳам ғалаба қозонади ва АҚШни 77 ёшигача бошқаради.

1. Жо Байден – президентликка 77 ёш 11 ойлигида сайланган

2020 йил 3 ноябр куни АҚШда ўтказилган сайловда муҳим бир рекорд ўрнатилди. 78 ёшга тўлишига 17 кун қолган Демократлар вакили Жо Байден 74 ёшли Республикачилар вакили Доналд Трампни ютиб чиқди.

Шу тариқа АҚШ тарихида илк марта қарийб 78 ёшли шахс мамлакат президенти бўлди. Байденгача бу рекорд 73 ёшида президент бўлиб сайланган Роналд Рейганга тегишли эди.

АҚШнинг энг ёш президентлари

10. Миллард Филлмор – 50 ёшда президент бўлган

1848 йил 7 ноябрда ўтказилган сайловларда Виглар партияси вакили Закари Тейлор, Демократларлан Люис Касс ва Озод Ер партияси вакили Мартин Ван Бюрен ўзаро кураш олиб боради.

Унда Виглар вакили Закари Тейлор ғалаба қозонади ва АҚШнинг 12-президентига айланади. Бироқ у Қўшма Штатларни бир йилдан ошиқроқ бошқаргач касалланиб вафот этади.

Шундан сўнг унинг ўрнига 50 ёшли Милларда Филмор президентлик қилади. 1852 йилда ўтказилган навбатдаги сайловларда Виглар партияси амалдаги президент Миллард Филлморга эмас, генерал Уинфлид Скоттга ишонч билдиради. Аммо у Франклин Пирсга ютқазиб қўяди.

9. Жеймс Полк – президентликка 49 ёшда сайланган

1844 йил 1 ноябрдан 4 декабргача давом этган сайловларда Демократлар вакили Жеймс Полк ва Виглар партияси вакили Генри Клей ўзаро рақобатлашади.

Унда 49 ёшли Полк ғалаба қозонади ва АҚШнинг 11-президентига айланади.

8. Жеймс Гарфилд – президентликка 48 ёшда сайланган

1880 йил 2 ноябрда ўтказилган сайловларда Республикачилар вакили Жеймс Гарфилд ва Демократлар вакили Уинфилд Скотт Ҳанкок беллашади.

Унда 49 ёшга тўлишига 17 кун қолган Жеймс Гарфилд ғалаба қозонади ва АҚШнинг 20-президентига айланади.

Маълумот учун, АҚШда зарб этилган 1 долларлик тангага Жеймс Гарфилд сурати туширилган.

7. Франклин Пирс – президентликка 47 ёшда сайланган

1852 йилги сайловларда Демократлар вакили Франклин Пирс Виглар партияси вакили Уинфилд Скотт устидан ғалаба қозонади. 48 ёшга тўлишига 21 кун қолган Пирс АҚШнинг 14-президентига айланади.

6. Стивен Гровер Кливленд – президентликка 47 ёшда сайланган (55 ёшида иккинчи марта сайланган)

1884 йилги президентлик сайловида Демократик партия вакили Гровер Кливленд ва Республикачилар вакили Жеймс Блейн беллашади.

Якунда Гровер ғалаба қозониб, АҚШнинг 22-президентига айланади. Ўшанда Гровер 47 ёш эди.

Маълумот учун, 1888 йилда ўтказилган сайловда ютқазган Гровер 1892 йилда ўтказилган сайловларда яна ғалаба қозонади ва Американинг 24-президенти бўлади. У АҚШда бир муддат ўтказиб, икки марта президент бўлган ягона шахс ҳисобланади.

Агар жорий йил кузда ўтказиладиган сайловда Доналд Трамп ғалаба қозонса, у Гровер Кливленднинг натижасини такрорлайди.

5. Барак Обама – президентликка 47 ёшда сайланган

2008 йил 4 ноябрда ўтказилган сайловларда Демократлар вакили Барак Обама ва Республикачилар вакили Жон Маккейн рақобатлашади.

Унда 47 ёшли Обама ғалаба қозонади ва АҚШ тарихида президент бўлиб сайланган илк қора танли одамга айланади.

4. Улисс Грант – президентликка 46 ёшда сайланган

1868 йилда АҚШда ўтказилган президентлик сайловларида Республикачилар вакили Улисс Грант ва Демократлар вакили Горацио Сеймур ўзаро рақобатлашади.

Сайловда 46 ёшли Улисс Грант ғалаба қозонади ва АҚШнинг 18-президенти бўлади. 1872 йилда ўтказилган сайловда ҳам Грант ғалаба қозониб, АҚШни икки муддат бошқаради.

3. Билл Клинтон – президентликка 46 ёшда сайланган

1992 йилда АҚШда ўтказилган президентлик сайловларида Республикачилар вакили, амалдаги президент Жорж Буш, Демократлар вакили Билл Клинтон ва мустақил номзод Росс Перо ўзаро рақобатлашади.

Сайловда демократлар вакили 46 ёшли Билл Клинтон ғалаба қозонади ва АҚШнинг 42-президентига айланади. У 1996 йилда ўтказилган сайловларда ҳам ғалаба қозониб, АҚШни икки муддат бошқаради.

2. Жон Кеннеди – президентликка 43 ёшда сайланган

1960 йилги сайловда Демократлар вакили Жон Кеннеди Республикачилар вакили Ричард Никсонга қарши курашда ғалаба қозониб, 43 ёшида АҚШнинг 35-президентига айланади. Кеннеди АҚШни бор-йўғи 1 йил 11 ой бошқаради: 1963 йилда у суиқасд туфайли ҳалок бўлади.

1. Теодор Рузвелт – 42 ёш 10 ойлигида президент бўлган

АҚШ президентлари орасида энг ёши Теодор Рузвелт ҳисобланади. У сайланмасдан президент бўлган.

Гап шундаки, 1900 йил 6 ноябрда ўтказилган сайловда Республикачилар вакили амалдаги президент Уилям Мак-Кинли ва Демократлар вакили Уилям Брайан ўзаро рақобатлашади.

Унда Уилям Мак-Кинли ғалаба қозонади ва Теодор Рузвелтни ўзига вице-президент сифатида танлайди. Мак-Кинли иккинчи муддатга қасамёд қилганидан 6 ой ўтиб, Буффалло шаҳрида ташкил этилган Панамерика кўргазмасида иштирок этади.

Шу ерда унга суиқасд уюштирилади ва президент ҳалок бўлади. АҚШ қонунларига биноан президентлик ваколати ўша пайтда қарийб 43 ёшда бўлган вице-президент Теодор Рузвелтгга ўтади.

1904 йилда ўтказилган сайловларда Рузвелт Демократлар вакили Элтон-Брукс Паркерни енгиб чиқиб, яна тўрт йил АҚШни бошқаради.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид