Жаҳон | 13:20 / 12.09.2024
3903
9 дақиқада ўқилади

Ғазода муваққат оташкесим таклифи, Эрдўғаннинг Қрим бўйича баёноти ва тасдиқланган умумий турк алифбоси — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил мудофаа вазири ҲАМАС билан олти ҳафталик ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни ёқламоқда.

Журналистлар олдида чиқиш қилар экан, Йоав Галлант ҳарбий ҳаракатларда камида олти ҳафталик пауза қилиш бўйича шарт-шароитлар етилганини, бу вақт ичида ҲАМАС томонидан гаровда ушлаб турилган асирларни озод қилиш мумкинлигини таъкидлаган.

Бироқ у ҲАМАС талаб қилганидек, ҳарбий ҳаракатларни узил-кесил якунлаш бўйича мажбуриятни ўз зиммасига олмоқчи эмас ва бу келишувни шубҳа остига қўяди.

Сўнгги ҳафталар ичида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазонинг Миср билан чегарасидаги стратегик йўлакда Исроил аскарлари номаълум муддатга қолиши керак, дея таъкидлаб, сулҳ музокаралари учун тўсиқ бўлаётган янги муаммони яратди.

Урушнинг 341-кунига келиб Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҲАМАС бошқарувидаги Ғазо бўлими маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар сони 41 минг 84 кишига етган. 95 минг 29 киши ярадор бўлган. Ўлдирилганларнинг 17 мингдан ортиғи ёш болалардир.

Сўнгги сутка ичида исроиллик ҳабийлар 4 та оммавий қирғин ўтказишган, уларда 24 киши ҳалок бўлган ва 64 киши яраланган.

Россия-Украина уруши

АҚШ президенти Жо Байден Вашингтон Украинага Россия ҳудудига чуқур ракета зарбалари йўллашига рухсат берилишини истисно этмайди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Sky News телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.

Аввалроқ, Лондондаги матбуот анжуманида Блинкен Эрон Москвага қисқа масофага учувчи ракеталарни етказиб бергани ва Россия қуролли кучлари уларни «бир неча ҳафта ичида» Украинада қўллашни бошлаши мумкинлигини тасдиқлади. Давлат департаменти раҳбарининг сўзларига кўра, «ўнлаб россиялик ҳарбий хизматчилар» Эроннинг Фатҳ-360 баллистик ракеталаридан фойдаланиш бўйича ўқитилган.

АҚШ Украинани «Россия агрессиясини самарали қайтариш» учун керак бўлган ҳамма нарсага эга бўлиши учун қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, Вашингтон Украина ҳарбий хизматчилари ўзининг Ғарб иттифоқчиларининг «мураккаб тизимлари»га хизмат кўрсата олиши ҳақида ўйлаши керак эди, деб таъкидлайди Sky News.

«Қарор қабул қилишда буларнинг барчасини ҳисобга олиш керак, аммо шуни айта оламанки, биз йўлда ҳар бир қадамни мослаштирдик, тўғрилаб олдик ва давом этамиз. Шунинг учун биз буни истисно қилмаймиз», деган Энтони Блинкен.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми Украинага биргаликда ташриф буюришларини эълон қилишди. 10 сентябр куни АҚШ Давлат департаментининг аниқлик киритишича, Блинкен ва Лэмми Украинага боришади.

Эрдўғаннинг баёноти

Анқара Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигини қўллаб-қувватлашни ўзгартирмайди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Қрим платформаси саммити иштирокчиларига видеомурожаатида маълум қилди.

Туркия раҳбарининг қайд этишича, Қримнинг Украинага қайтарилиши халқаро ҳуқуқнинг талабидир. Эрдўған «Туркия урушни Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига асосланган адолатли ҳамда мустаҳкам тинчлик билан тугатишни чин дилдан исташини» таъкидлаган.

Туркия президенти саммитни ташкиллаштиришга ҳисса қўшган барчага, биринчи навбатда Украина президенти Володимир Зеленский ҳамда қрим-татар халқи етакчиси Мустафо Қримўғлига миннатдорчилик билдирди.

Туркия етакчиси жорий йилги саммит қрим-татар халқи депортациясига 80 йил тўлган санага тўғри келганини эслатиб ўтди. Унинг таъкидлашича, «ватанидан зўравонлик билан қувилган қрим-татар турклари бошидан кечирган фожиа оғриғи 80 йилдан бери сўнмаган ва яралар битмаган».

Шунингдек, Эрдўған Туркия ҳеч қачон «минтақа аҳолисининг азобларини янада чуқурлаштирган» Қрим аннексиясини тан олмаслигини таъкидлади.

«Қрим-татар туркларининг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш мақсадида Украина ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган ҳуқуқий меъёрлардан яна бир бор мамнунлигимни билдирмоқчиман», — дейди у. Туркия раҳбари келгуси даврда «қрим-татар туркларининг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш учун қўшимча қадамлар қўйилишига» умид билдирди.

Ўрта турк алифбоси

9-11 сентябр кунлари Озарбойжон пойтахти Бокуда Туркий давлатлар ташкилоти томонидан яратилган турк оламининг умумий алифбоси бўйича комиссиянинг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш якунларига кўра 34 та ҳарфдан иборат умумий турк алифбоси лойиҳаси тасдиқланган.

Йиғилиш Турк академияси ва Турк тили институти ҳамкорлигида ўтказилган ҳамда унда Туркий давлатлар ташкилотининг барча аъзолари иштирок этган.

Йиғилишнинг асосий мақсади туркий тиллар учун ягона алифбо лойиҳаси устидаги ишни якунлаш бўлди. Комиссия 1991 йилги дастлабки лойиҳани қайта кўриб чиққан ва зарур ўзгаришларни киритган.

«34 та ҳарфдан иборат умумий туркий алифбо бўйича келишувга эришилган. Таклиф этилган алифбода ҳар бир ҳарф туркий тилларда мавжуд турли фонемаларни ифодалайди», — дейилади расмий баёнотда.

Ташкилотчилар туркий давлатлар ҳукуматлари ҳамда комиссия аъзоларига алифбони ишлаб чиқишдаги ҳиссалари учун ташаккур билдирди. Энди барча тегишли муаассасалар Умумий турк алифбосини фаол жорий этишга таклиф этилади.

Қайд этиб ўтиш жоизки, янги алифбо асосида турк ва озарбойжон тили ўзгаришларга учрамайди. Лотин имлосига ўтган ўзбек, қорақалпоқ ва туркман тиллари айрим ҳарфларни ўзгартириши керак бўлади. Шунингдек, бу умумий алифбодан фойдаланиб қозоқ, қирғиз ва бошқа туркий тиллари бемалол ёза олади.

Тейлор Свифт Ҳаррисни қўллайди

Америкалик қўшиқчи Тейлор Свифт ноябрда ўтказиладиган президентлик сайловларида Камала Ҳаррисга овоз беришини маълум қилди.

У Ҳаррис ва республикачилар партияси номзоди Доналд Трамп ўртасидаги дебат якунланиши ортидан шундай баёнот берди.

«Мен 2024 йилги президентлик сайловларида ўз овозимни Камала Ҳаррис ва Тим Уолзга бераман», — дея ёзган у инстаграмда ва Ҳаррисни «иқтидорли етакчи», деб атаган.

«Мен ишонаманки, агар бизни тартибсизлик эмас, хотиржамлик бошқарса, кўпроқ нарсага эришишимиз мумкин», — дея қўшимча қилган қўшиқчи.

У бундай очиқ баёнот бериш қарорига келишига Доналд Трамп эълон қилган, сунъий идрок воситасида ясалган фотосурат туртки бўлганини айтган. Суратда Свифт гўёки республикачиларни қўллаши тасвирланганди.

«Бу менда сунъий идрок ҳамда дезинформация тарқалиши хавфи бўйича қўрқувни оширди. Натижада, бу сайловлар борасида ҳақиқий режаларимни ошкор этишим керак деган хулосага келдим», — дея ёзган у.

У постга мушук билан тушган фотосуратини илова қилган ва унинг остига «фарзандсиз мушук бекаси» деб ёзган, у бу орқали республикачиларнинг вице-президентликка номзоди Жей Ди Вэнснинг сўзларига ишора қилган.

Вэнс 2021 йилги видеоси туфайли танқидга учраганди, ўшанда у бир қатор нуфузли демократлар, жумладан, Ҳаррисни «бахтсиз ҳаёт кечирувчи, фарзандсиз мушук бекалари» деб атаганди.

Свифт — Ҳаррисни қўллашини очиқ эълон қилган навбатдаги таниқли шахс бўлди. Бунга қадар қўшиқчилар Жон Леженд ва Оливия Родриго, актёр Жорж Клуни ва режиссёр Спайк Ли демократлар номзодини қўллаб чиққанди.

Виетнамдаги тайфун оқибатлари

Виетнамнинг шимолий қисмига ёпирилган «Яги» супертайфуни натижасида юзага келган сув тошқини оқибатида камида 324 киши ҳалок бўлди ва бедарак йўқолган.

Маълумотларга кўра, шимолий провинцияларда юз берган қатор кўчки ва сув тошқинлари оқибатида 179 киши ҳалок бўлган. Шунингдек, яна 145 киши бедарак йўқолганлар сафида.

Виетнам Табиий офатлар ва қидирув-қутқарув ишлари бўйича миллий қўмитанинг қайд этишича, «Яги» супертайфуни мамлакатда сўнгги 30 йилда кузатилган энг кучли табиий офат ҳисобланади. У кўплаб бинолар, инфратузилма объектларини вайрон қилди, қишлоқ хўжалиги майдонларига сезиларли даражада зарар етказди.

Мавзуга оид