Ўзбекистон | 21:29 / 12.09.2024
16620
4 дақиқада ўқилади

Тошкент метрополитени донаси 100 минг долларга тенг эскалаторлар ўрнатяпти. Бу қиммат эмасми?

“Халқлар дўстлиги”, “Новза” ва “Пахтакор” бекатларига 8 та эскалатор ўрнатиш учун салкам 10,6 млрд сўмлик шартнома тузилган. Етказиб бериш ва ўрнатиш ишларига “Mercury Solution” МЧЖ танланган. Маблағлар манбаси – давлат бюджети. Kun.uz манбалари қурилмалар учун бунча сумма жуда кўплигини айтмоқда.

“Новза” бекатида эскалатор алмаштирилмоқда. / Фото: Kun.uz

Тошкент метрополитенида эскирган эскалаторлар янгиланмоқда.

Метрополитен маъмуриятига кўра, “Халқлар дўстлиги” бекатининг икки вестибюлидан биридаги эскалаторлар янгисига алмаштирилиб, йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлаган.

Ҳозирда “Новза” бекатида ҳам иккита эскалаторни алмаштириш ишлари кетмоқда. Компания матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, шундан кейинги навбат “Пахтакор” бекатига келади.

Эскалаторларни етказиб бериш ва уларни ўрнатиш учун тендер асосида Mercury Solution танлаб олинган. Очиқ манбаларга кўра, “Тошкент метрополитени” ДУК ва “Mercury Solution” МЧЖ ўртасида 10 млрд 559 млн сўмлик шартнома имзоланган.

Шартнома “Халқлар дўстлиги”, “Новза” ва “Пахтакор” метро бекатлари учун жами 8 та эскалатор етказиб бериш ва ўрнатишни кўзда тутади.

Ишлар 6 ойда бажарилиши керак эди, нега кечикди?

2023 йил 22 ноябр куни имзоланган шартномага кўра, Mercury Solution 180 календар кун ичида етказиш ва ўрнатиш ишларини тўлиқ бажариши лозим бўлган. Демак, декабр ойидан саналса, 3 та бекатдаги қурилиш ишлари июнгача тугатилиши керак эди.

Аммо “Халқлар дўстлиги” метросининг эскалаторлари 2024 йил сентябрга келиб алмаштирилганини ҳисобга олсак, ишлар кечиккан. “Тошкент метрополитени” буни қурилманинг кеч келиши билан изоҳлади.

[Эскалаторнинг] келиши ва божхона чегарасидан ўтишида бироз муаммо юзага келган. Бундан ташқари, қурилма ўрнатилганидан кейин ҳам йўловчиларнинг хавфсизлиги учун тест режимида ишлатгандик. Шунинг ҳисобига белгиланган муддатдан ўтиб, чўзилгани кузатилди”, – дейди ташкилот матбуот котиби Тўйчи Мирзаев.

Унинг қўшимча қилишича, GRE50 маркали бу эскалаторлар Хитойнинг “Sicher Elevator Co., Ltd” компаниясида ишлаб чиқарилган.

8 та эскалатор учун 830 минг доллар кўп эмасми?

“Sicher Elevator Co., Ltd” сайтидаги маълумотларга кўра, эскалаторларнинг нархи 10 минг доллардан 55 минг долларгача деб белгиланган. Айнан GRE50 маркалиларининг қанчага сотилаётгани эса кўрсатилмаган.

Шу турдаги қурилмалар импорти билан шуғулланувчи тадбиркор Kun.uz билан суҳбатда 8 та эскалатор учун 10,6 млрд харажатни жуда кўп деб баҳолади.

Катта-катта фирмалар билан айнан [эскалаторлар масаласидаги] тендерларда бу фирма иштирок этганини кўрмаганмиз. 8 та эскалатор ва уларни ўрнатиш учун бу жуда катта сумма. Ҳозир биз ўрнатаётган эскалаторларни 28-29 минг долларга олиб келяпмиз. Уларнинг ҳар бири учун божхона тўловларини ҳисоблаганингизда ҳам нари борса 35 минг доллар бўлади.

Метро эскалаторлар ўрнатиш бўйича тендер эълон қилганда, бизга ҳам чиқишганди, лекин давлат буюртмаси бўлгани учун қизиқмадик, қатнашмадик. Аввал Тошкент метроси учун эскалаторлар олиб киргандик, у эскалаторлар анча узун эди, оддий эскалатордан фарқ қиларди. Нархига келсак, 28 минг доллар бўлса, мен [фойдамизни] қўшиб ҳисоблаб, 40 минг долларга чиқарсам ҳам, 8 та эскалаторнинг нархи 320 минг доллар бўляпти – нари борса 4,1 млрд сўм”, – дейди шахси очиқланмаслигини истаган импортёр.

Kun.uz “Тошкент метрополитени”га нима сабаб қурилмалар бунча қиммат баҳоланганига оид сўров юборди.

Шунингдек, тендер учун бошланғич нарх белгиланаётганда бозор ўрганилгани ёки йўқлиги, қандай асослар бўйича бошланғич нарх ўрнатилгани савол остида.

Шунингдек, Mercury Solution'га иш тажрибаси мезони бўйича 10 балл қўйилишига корхонанинг қайси ишлари сабаб бўлгани, ушбу таъминотчи аввал қаерларда эскалаторлар ўрнатилгани ҳақида ҳам маълумот берилиши мақсадга мувофиқ.

Сўнгги вақтларда Рақобат қўмитаси давлат идораларининг харидларга оид келишувларидаги ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни аниқлашда фаоллашгани кузатилмоқда. Қўмита ушбу мақолада кўтарилган масалани ҳам ўрганишига зарурат борга ўхшамоқда.

Дилшода Шомирзаева,
Kun.uz

Мавзуга оид