Россия ва Украина асирларини алмашди
Украинага қайтганлар орасида азовчилар ҳамда қримлик Ления Умерова ҳам бор. Россия асосан Курск областида асир тушган ёш аскарларини қайтариб олган.
Россия ва Украина «49 га 49» формуласи бўйича навбатдаги асирлар алмашинувини ўтказди, бу ҳақда президент Володимир Зеленский хабар берган. Украинага қайтарилганлар орасида — Қримдан бўлган, 2022 йилда Россия ва Гуржистон чегарасида жосусликда гумонланиб қўлга олинган Ления Умерова ҳам бор.
Россия алмашув доирасида қайтарган 49 нафар ҳарбий хизматчининг аксари Курск областида асир тушган муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлардир, деб ёзади «Хочу жит» проекти. Россия томони ҳозирча бу жараён бўйича расман хабар бермаган.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украинага мамлакат қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари, Миллий гвардия, Миллий полиция, чегара хизмати ходимлари, шунингдек, тинч аҳоли вакиллари қайтарилган.
«Украина қаҳрамони, ҳарбий шифокор Виктор Ивчук ҳам уйда», — дейилади Зеленскийнинг телеграм-каналига қўйилган хабарда. 2022 йил баҳорида, Россия армияси Мариуполни қамал қилган чоғда, Ивчук ҳарбий ҳоспиталга раҳбарлик қилган ҳамда асир тушганди.
Шунингдек, Зеленскийнинг сўзларига кўра, «„Азовстал“ мудофаасида қатнашганларнинг ҳам бир қисми» — «Азов» полки жанчилари бўлган эркаклар ва аёлларни ҳам озод этишга муваффақ бўлинган.
«Булар асосан аёллар», — дея қайд этган «Азов» патронаж хизмати раҳбари Елена Толкачева.
Бунга қадар азовчилар иштирок этган сўнгги энг йирик алмашув бир йилдан ортиқроқ вақт олдин — 2023 йил июлида рўй берганди.
Украинага қайтганлар орасида — қримлик Ления Умерова ҳам бор, 2022 йил декабрида Россия-Гуржистон чегарасидаги «Верхний Ларс» назорат-ўтказиш пунктидан ўтишда россиялик чегарачилар томонидан қўлга олинганди. У Қримга бемор отасини кўриш учун борганди. Ўшанда уни Россия чегарасини кесиб ўтиш қоидаларини бузишда (Маъмурий кодекснинг 18.1-моддаси, 1-қисми) айблаб қамоққа ташлашади. Биринчи маъмурий муддат якунлангач, унга яна тўрт марта 15 кунлик маъмурий қамоқ жазосини қўллашади — «полиция ходими талабига бўйсунмагани учун».
2023 йил майида Умеровага нисбатан жосуслик бўйича айблов қўйилади (Жиноят кодекси 276-моддаси), шундан буён у тергов изоляторида сақланаётганди. Унинг иши махфийлаштирилганди.
Украина омбудсмени Дмитро Лубинец бу Украина ва Россия ўртасида ўтказилган 56-асирлар алмашуви бўлганини қайд этган, бу алмашинувлар доирасида Украинага 3,5 мингдан ортиқ киши қайтган.
Аввалги асирлар алмашуви август ойи охирида рўй берганди. Ўшанда ҳар икки томон 115 нафардан ортиқ одамини қайтариб олганди. Алмашув Бирлашган Араб Амирликлари воситачилигида амалга оширилган.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
17:00 / 09.11.2024
The Telegraph: Трамп режаси Британия қўшинларини Украина чегарасига жойлаштиришни назарда тутади
11:08 / 09.11.2024