Ўзбекистон | 17:02 / 14.09.2024
4273
2 дақиқада ўқилади

Мактаб ўқувчилари орқали фуқароларга эслатма-хат йўллаган солиқчиларга ҳайфсан берилди

Маълум қилинишича, Нишон тумани солиқ инспекцияси раҳбарияти томонидан эслатмани айнан мактаб ҳудудида тарқатиш ҳақида топшириқ берилмаган. Инспекция бошлиғининг биринчи ўринбосарига огоҳлантириш, икки ходимга эса ҳайфсан берилди. (Вилоят солиқ бошқармасининг бу ахбороти кўп ўтмай ўчирилди).

Нишон тумани солиқ инспекцияси ходимлари ҳудуддаги 14-мактабга бориб, ўқувчилар орқали солиқ тўловчиларга эслатма-хат тарқатгани кескин эътирозларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада икки солиқчи синфга кириб, ўқувчиларга жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк ва ер солиқларининг тўлов муддатлари ҳақида тушунтириш бериб, эслатмалар тарқатгани акс этган.

Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси ушбу солиқчиларга тайинланган хизмат текшируви натижасини маълум қилди. Унда келтирилишича, солиқчиларга интизомий жазо қўлланган.

“Жорий йил 4 сентябр куни солиқ инспекциясининг Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи ходимлар таркибидан Рўзмамат Нурманов ва Бобур Ҳазратқулов тумандаги 14-сонли ўрта мактаб бориб, 3-синф ўқувчиларига жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк ва ер солиқлари ҳақида эслатмаларни ота-оналарига етказиш учун тарқатган.

Инспекция раҳбарияти томонидан ушбу ходимларга эслатмани айнан мактаб ҳудудида тарқатиш ҳақида топшириқ берилмаган.

Ходимлар мактаб ўқитувчиси билан келишиб, синф хонага кирган ҳолда ўқувчиларга эслатмаларни тарқатган. Ҳолат синф раҳбари томонидан видеотасвирга олиниб, синф ўқувчилари ота-оналарининг Telegram’даги гуруҳига ташлаб юборилган. Натижада ушбу видеотасвир ижтимоий тармоқларга салбий талқинда тарқалиб кетган”, дейилади бошқарма расмий муносабатида.

Қўшимча қилинишича, ҳолат юзасидан Нишон тумани солиқ инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари И.Раҳимқуловга расмий огоҳлантириш берилган. Ходимлар Р.Нурманов ва Б.Ҳазратқуловга ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланган. Шунингдек, барча шаҳар ва туман солиқ инспекциялари бошлиқлари бу каби ҳолатларга йўл қўймасликлари юзасидан огоҳлантирилган.

Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси расмий каналида эълон қилинган мазкур муносабат негадир кўп ўтмай ўчириб ташланди.

Солиқ қўмитаси матбуот хизмати солиқчиларнинг ушбу ҳаракатини ноўрин деб ҳисоблаши ва кескин қоралашини билдирган, Болалар омбудсмани эса масъулларни жавобгарликка тортишни талаб қилганди.  

Мавзуга оид