Жаҳон | 09:32 / 14.09.2024
12849
5 дақиқада ўқилади

Россия НАТОга Украинанинг Россия ичкарисига зарбалари учун оқибатлар билан таҳдид қилди

Россия Федерацияси ҳудудига Ғарб қуроллари билан зарбалар Россиянинг Украинага қарши урушига АҚШ ва НАТОни «тўғридан тўғри жалб қилади», деди Россиянинг БМТдаги вакили Василий Небензя.

Фото: AP

Украина ҳудудидан Россияга Ғарб қуроллари билан чуқур зарбалар НАТОни Россия Федерациясининг Украинага қарши урушига «тўғридан тўғри жалб қилади». Бу ҳақда 13 сентябр, жума куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя маълум қилди.

У Россия Федерацияси ядровий давлат эканлигини эслатди ва Киевнинг иттифоқчилари «буни унутмасликлари ва оқибатлари ҳақида ўйлашлари керак»лигини қўшимча қилди. Небензя ўз позициясини «НАТО ҳарбийлари Россия ҳудудига ҳужумлар уюштириш учун ракета тизимларини дастурлаши» билан изоҳлади. «Гап Киевга Россияга узоқ масофали зарбалар бериш имконини бериш ҳақида эмас, балки Ғарбнинг тўғридан тўғри зарбалари фойдасига қарор қилиш ҳақида кетяпти», деб тушунтирди у.

Путин: Ғарб қуроллари билан зарбалар НАТОнинг Украина урушидаги иштироки бўлади

Украина қуролли кучларининг Россия ҳудудига ҳужумлари учун Ғарбнинг юқори аниқликдаги узоқ масофали қуролларидан фойдаланиш НАТО давлатларининг Украинадаги урушда бевосита иштирок этишини англатади, деди Владимир Путин кеча «Россия 1» телеканалига берган интервюсида.

Унинг сўзларига кўра, Киев бундай зарбаларни ўзи амалга ошира олмайди, чунки бунинг учун унга сунъий йўлдошлардан олинган маълумотлар керак бўлади, у эса Украинада йўқ. Бундан ташқари, Путин «фақат НАТО ҳарбий хизматчилари ушбу ракета тизимларига парвоз вазифаларини белгилаши мумкин», дея қўшимча қилди.

«Гап Украина режимига Россияга ушбу қуроллар билан зарба йўллашга рухсат бериш ёки бермаслик ҳақида эмас. Гап НАТО давлатлари ҳарбий можарода бевосита иштирок этадими ёки йўқми деган қарорга келиш ҳақида. Агар бу қарор қабул қилинса, бу Украинадаги урушда НАТО давлатлари, АҚШ ва Европа давлатларининг бевосита иштирокидан бошқа ҳеч нарсани англатмайди», — деди Россия президенти. Тегишли қарор қабул қилинган тақдирда, «бу можаронинг моҳияти ўзгаради ва Россия биз учун яратиладиган таҳдидлардан келиб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилади», дея аниқлик киритди у.

Кирби: АҚШ Путиннинг таҳдидларини жиддий қабул қилмоқда

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг алоқалар бўйича директори Жон Кирби Владимир Путиннинг Украина иттифоқчиларига таҳдидларини изоҳлар экан: «Мен ҳеч қачон Путиннинг таҳдидларини жиддий қабул қилмаймиз, деб айтмаганман ва айтмайман», деди. Унинг сўзларига кўра, Россия президенти «эскалация ва агрессияга қодир эканлигини исботлади».

Шу билан бирга, Путиннинг таҳдидлари «биз олдин эшитмаган нарса эмас», дея қўшимча қилди Кирби. «Шундай экан, биз буни ҳисобга оламиз», деб хулоса қилди у.

Ўз навбатида, Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати расмий вакили Петер Стано 13 сентябр куни бўлиб ўтган брифингда Владимир Путиннинг сўзлари ЕИнинг Киев томонидан Россия ҳудудига чуқур зарбалар бериш учун Ғарб қуролларидан фойдаланишга қўйилган чекловларни бекор қилиш бўйича позициясига таъсир қилмаслигини айтди. «Путиннинг нотўғри баёнотлари, у Украинага қарши ноқонуний тажовузни давом эттирар экан, бизнинг позициямизни ўзгартирмайди», - деди у.

Лондон Украинага Россияга Storm Shadow ракеталари билан зарба йўллашга рухсат берди

Британия Украинага Россия ҳудудига ҳужум учун Storm Shadow қанотли ракеталаридан фойдаланишга рухсат беришга қарор қилди, деб хабар берди The Guardian газетаси 11 сентябр, чоршанба куни кечқурун Британия ҳукуматидаги манбаларига таяниб. Бу ҳақда нашр АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэммининг 11 сентябр куни Киевга қўшма ташрифига бағишланган мақоласида айтиб ўтган. Сафар чоғида улар Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашиб, Ғарб узоқ масофага мўлжалланган қуролларининг Россия ҳудудига зарбаларини муҳокама қилишган.

Газета манбаларининг таъкидлашича, Блинкен ва Лэмми Киевга Storm Shadow бўйича ижобий қарор қабул қилингани учун бирга келган. Шу билан бирга, The Guardian қайд этишича, агар Лэмми қарорни Киевда эълон қилганида эди, унинг сўзлари кераксиз провокация сифатида қабул қилиниши мумкин эди.

Нашрнинг қўшимча қилишича, Украинанинг ракеталардан фойдаланиши «кераксиз ҳужумлар олдини олиш учун» чекловларга дучор бўлиши мумкин. Блинкен Киевга ташрифи чоғида Қўшма Штатлар биринчи кунданоқ Украинадаги жанг майдонидаги вазият ўзгарганлиги сабабли ўз сиёсатини мослаштиришга тайёр бўлганини айтди. «Биз буни давом эттирамиз», деди у.

Мавзуга оид