Ўзбекистон | 11:27 / 14.09.2024
4447
3 дақиқада ўқилади

Россия, Тожикистон ва Қирғизистондан олиб келинган наркотик моддалар тўхтатиб қолинди 

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Россия, Тожикистон ва Қирғизистондан олиб келинган наркотик моддалар тўхтатиб қолинди.

Фото: Видеодан кадр

Тожикистон фуқароси Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи 2 нафар шахс билан ўзаро тил бириктириб, Тожикистондан мамлакат ҳудудига айланма йўллар орқали 20 кг 749 гр “опий” моддасини олиб ўтган вақтларида Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Бошқа ҳолатда эса Россиядан Қозоғистон орқали мамлакатга кириш учун “Довут-ота” чегара-божхона постига келган вақтида, Бухоро вилоятининг Пешку туманида яшовчи шахс бошқарувидаги LADA Largus русумли автотранспорт воситаси ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ўрнатилган тартибда текширувдан ўтказилди. Натижада унда Москва шаҳридан олиб келинаётган 2 дона овоз чиқариш колонкаси ичига яшириб қўйилган 18 кг 97 гр “Мефедрон” синтетик наркотик моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. 

Терговга қадар текширув давомида, у ўзининг шахсий автомашинасида Ўзбекистон-Россия-Ўзбекистон йўналишида фуқароларни ташиш билан шуғулланиши маълум бўлди.

ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Фарғона туманида истиқомат қилувчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ва муқаддам ўғрилик жинояти учун судланган фуқаро ўзаро тил бириктириб, Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб келинган 56 000 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини яшаш хонадонларига яшириб қўйганликлари фош этилди.

Мазкур хонадонни кўздан кечириш жараёнида, қўшимча 6780 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги ҳам маълум бўлди. 

ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам божхона органлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида тезкор тадбир ўтказишди.

Натижада, Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида доимий яшовчи, муқаддам судланган фуқаронинг “Нексия” русумли автотранспорт воситаси ва унинг Яккасарой туманидаги ижарага олган хонадони кўздан кечирилганда, жами 43 666 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Таъкидланишича, ушбу дори воситалари ҳам Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб келинган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид