Жаҳон | 23:07 / 14.09.2024
7854
2 дақиқада ўқилади

Украина ўз иттифоқчиларига Россия ҳудудидаги узоқ масофали ракеталар учун мўлжалланган нишонлар рўйхатини тақдим этди — ОАВ

Нишонлар орасида қўмондонлик марказлари, ёқилғи ва қурол-яроғ омборлари борлиги таъкидланмоқда.

Фото: REUTERS/Valentyn Ogirenko

Украина томони АҚШ ва Буюк Британияга Россия ҳудудидаги узоқ масофали ракеталар билан зарба бермоқчи бўлган нишонлар рўйхатини тақдим этди, деб ёзди Reuters Европа дипломатик манбаларига таяниб.

Агентлик суҳбатдошларига кўра, агар Россияга зарба бериш учун узоқ масофали ракеталардан фойдаланишга қўйилган тақиқ бекор қилинса, Украина ҳарбийлари зарба бериши кутилаётган нишонлар орасида қўмондонлик марказлари, ёқилғи ва қурол-яроғ омборлари бор.

Қайд этилишича, Украина ҳарбийлари дастлаб Россия аэродромларига ҳужум қилиш учун АҚШ томонидан етказиб берилган узоқ масофали ATACMS ракеталаридан фойдаланмоқчи. Бироқ, Пентагоннинг таъкидлашича, Россия бомбардимончи самолётларининг 90 фоизи чегарадан 300 километрдан кўпроқ масофадаги аэродромларда жойлашган - ATACMS ракеталари уларга етолмайди.

ATACMS билан бир қаторда, Украина ҳарбийлари Британиянинг Storm Shadow ракеталаридан ва улар билан деярли бир хил француз SCALP ракеталаридан фойдаланишни хоҳлайди. Британия расмийлари бундай ракеталарни ишлатиш учун АҚШдан рухсат олиши керак бўлса-да, Францияга бундай рухсат керак эмас.

Шу билан бирга, Американинг айрим юқори мартабали амалдорлари узоқ масофага учувчи ракеталардан фойдаланиш урушнинг боришини сезиларли даражада ўзгартира олмайди, деб ҳисоблаб, Украинадаги ATACMS ракеталари сони чекланган ва уларнинг нархи юқори эканлигини таъкидламоқда. Улар, шунингдек, Киев Россиянинг Украина шарқидаги стратегик аҳамиятга эга Покровск устидан назоратни йўқотиш билан таҳдид қилаётган ҳужумига қуруқликдаги қаршиликка эътибор қаратиши керак, деб ҳисоблайди.

11 сентябр куни The Guardian газетаси ўз манбаларига таяниб, Буюк Британия Украинага Россиядаги нишонларга ҳужум қилиш учун узоқ масофали Storm Shadow қанотли ракеталаридан фойдаланишга рухсат берганини ёзди. Бироқ бу расман тасдиқланмади.

Мавзуга оид