Жаҳон | 20:37 / 15.09.2024
3462
2 дақиқада ўқилади

Мянма БРИКСга қўшилиш ниятида эканини маълум қилди

Мамлакат ахборот вазирининг сўзларига кўра, Мянма Қозонда ўтказиладиган БРИКС саммитида иштирок этишга қизиқиш билдирган, аммо ҳозирча расмий таклиф олмаган.

Маун Маун Он Фото: Сергей Булкин/ ТАСС

Мянма ҳукумати БРИКС бўйича кузатувчи мақомини олишга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда республика ахборот вазири Маун Маун Он маълум қилди.

«Биз тўлиқ аъзоликсиз кузатувчи давлат мақомида бирлашиш ниятидамиз. Келажакда ташкилотнинг тўлиқ аъзолигига ариза бериш режамиз ҳам бор. Минтақамизда, Жануби-Шарқий Осиёда кўпчилик ариза бериб бўлди», — дейди вазир.

Унинг сўзларига кўра, Мянма Қозонда ўтказиладиган БРИКС саммитида иштирок этишга қизиқиш билдирган, аммо ҳозирча расмий таклиф олмаган.

Сентябр бошида Туркия БРИКСга қўшилиш бўйича расмий ариза берганди, шунингдек, Озарбойжон ва Туркия ҳам блокка қўшилиш ниятида эканини маълум қилган.

БРИКС — иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти. 2001 йилда британиялик иқтисодчи Жим Онил жаҳон иқтисодини ўрганиш жараёнида бир гуруҳ катта давлатларда иқтисодий тизимли ўсишга эътибор бериб, шартли равишда БРИК деб атайди (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой). 2010 йилда бунга ЖАР қўшилди, бугун ташкилотда тўққизта давлат бор.

2023 йил 23 август куни ЖАР президенти Сирил Рамапоса Аргентина, Эрон, Саудия Арабистони, Миср, Эфиопия ва Бирлашган Араб Амирликларига тўлақонли аъзо сифатида ташкилотга қўшилиш таклифи билдирилганини маълум қилганди. Кейинроқ Аргентина БРИКСга қўшилишдан бош тортган.

Мавзуга оид