Жаҳон | 10:40 / 16.09.2024
3470
4 дақиқада ўқилади

Британия ташқи ишлар вазири: Путин бизни йўлдан қайтаролмайди

Дэвид Лэммининг сўзларига кўра, Британия ҳамон иттифоқчилари билан Киевга Россия ҳудудидаги нишонларга Ғарб қуроллари билан ҳужум қилишига рухсат бериш масаласини муҳокама қилмоқда, бироқ Россия раҳбарининг таҳдидлари уларнинг қарорига таъсир қилмайди.

Дэвид Лэмми Фото: Энди Рейн / EPA

Британия ҳали ҳам Украина иттифоқчилари билан Россияга Ғарбдан етказиб берилган узоқ масофали қуроллар билан зарба беришга рухсат бериш ёки бермаслик масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми 15 сентябр, якшанба куни чоп этилган BBC'га берган интервюсида айтди.

Вазирнинг сўзларига кўра, бу масала «украиналиклар билан ҳам муҳокама қилинмоқда», чунки Киевнинг ғарбий шериклари «қишга тайёргарлик кўришда уларга нима кераклигини» баҳоламоқчи. Лэммининг қўшимча қилишича, Украина президенти Володимир Зеленский яқин орада Ню-Йоркдаги БМТ Бош ассамблеясида иттифоқчилар билан учрашади, у ерда бошқа масалалар қатори бу масала ҳам кўриб чиқилади.

Лэмми, шунингдек, Россия президенти Владимир Путиннинг агар Киевга Ғарб қуроллари билан Россия ҳудудига чуқур зарба йўллашга рухсат берилса, НАТО давлатлари Украинадаги можарода бевосита иштирок этади, деган сўзларига ҳам изоҳ берди. «Бунда ёлғон бор - бу унинг иш услуби», деди Британия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари. У Путин фақат «ҳавога чанг кўтараётгани» ва Украина иттифоқчиларини йўлдан оздиролмаслигига ишонч билдирди.

Вашингтон ва Лондон Украинанинг Россияга зарба бериши бўйича қарорни кейинга қолдирди

АҚШ президенти Жо Байден 13 сентябр куни Вашингтонда Британия бош вазири Кир Стармер билан учрашди. Икки давлат етакчилари Украинани қўллаб-қувватлашларини яна бир бор тасдиқладилар. Бироқ учрашувдан сўнг Украина қуролли кучларининг Ғарб қуроллари билан Россия Федерацияси ҳудудидаги нишонларга зарба йўллаш бўйича кутилаётган рухсат эълон қилинмади.

Шу билан бирга, Байден ва Стармер Эрон ва Шимолий Кореянинг Россияга қуроллар етказиб бериши ҳамда «Хитой Халқ Республикасининг Россия мудофаа саноат базасини қўллаб-қувватлаётгани» ҳақида «чуқур ташвиш билдирди», дейилади Оқ уй сайтида.

Россия НАТОга Украинанинг РФ ичкарисига зарбалари учун оқибатлар билан таҳдид қилди

Украина қуролли кучларининг Россия ҳудудига ҳужумлари учун Ғарбнинг юқори аниқликдаги узоқ масофали қуролларидан фойдаланиш НАТО давлатларининг Украинадаги урушда бевосита иштирок этишини англатади, деди Владимир Путин «Россия 1» телеканалига берган интервюсида.

Унинг сўзларига кўра, Киев бундай зарбаларни ўзи амалга ошира олмайди, чунки бунинг учун унга сунъий йўлдошлардан олинган маълумотлар керак бўлади, у эса Украинада йўқ. Бундан ташқари, Путин «фақат НАТО ҳарбий хизматчилари ушбу ракета тизимларига парвоз вазифаларини белгилаши мумкин», дея қўшимча қилди.

«Гап Украина режимига Россияга ушбу қуроллар билан зарба йўллашга рухсат бериш ёки бермаслик ҳақида эмас. Гап НАТО давлатлари ҳарбий можарода бевосита иштирок этадими ёки йўқми деган қарорга келиш ҳақида. Агар бу қарор қабул қилинса, бу Украинадаги урушда НАТО давлатлари, АҚШ ва Европа давлатларининг бевосита иштирокидан бошқа ҳеч нарсани англатмайди», — деди Россия президенти. Тегишли қарор қабул қилинган тақдирда, «бу можаронинг моҳияти ўзгаради ва Россия биз учун яратиладиган таҳдидлардан келиб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилади», дея аниқлик киритди у.

Мавзуга оид