Жаҳон | 14:12 / 16.09.2024
5143
8 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Халқаро суд ортидан жосуслиги, Эронга нисбатан санкциялар ва Трампга навбатдаги суиқасд — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Фаластиннинг WAFA агентлиги маълумотларига кўра, Исроил армияси аскарлари дрон воситасида Ғазо шаҳрининг Зайтун туманидаги Салоҳиддин кўчасида фаластинликлар гуруҳига ҳужум қилган.

Исроил армиясининг пилоисиз бошқариладиган парвоз қурилмаси секторнинг шимолидаги Ғазо шаҳрида ташлаб чиқиб кетилган уйларини кўздан кечириш учун борган оила устига бориб урилган. Натижада 5 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Маҳаллий манбалардан олинган ахборотга кўра, ҳалок бўлганларнинг барчаси Ал-Борну оиласи вакилларидир.

Шанба куни Исроил армияси Зайтун туманидаги мактаблардан бирига ҳам ҳужум уюштирган. Натижада беш киши, жумладан, 2 ёш бола ва бир аёл ҳалок бўлган. Кўплаб фаластинликлар жароҳат олишган.

2023 йилнинг 7 октябридан буён Исроилнинг тўхташ билмаётган ҳужумлари натижасида қамал қилинган Ғазода ҳалок бўлган фаластинликлар сони 41 минг 206 кишига етди. Ярадорлар сони 95 минг 337 нафар.

Кейинги сутка ичида қилинган ҳужумлар натижасида ҳалок бўлганлар сони 24 нафар, яна 57 киши жароҳатланган.

Исроил қарталарни очди

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро жиноят судининг мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Йоав Галлант ҳибсга олиш учун ордер бериш тўғрисидаги ҳали расман эълон қилинмаган қарорини қоралаб чиқарилган баёнотни муддатидан аввал эълон қилиб, жуддий хатога йўл қўйди.

«Исроил давлати Ҳаагадаги Халқаро жиноят судининг Исроил давлатининг бош вазири ва мудофаа вазирини ҳибсга олиш тўғрисида ордер берилишини маъқулловчи шармандали ва абсурд қарорини рад этади», — дейилган баёнотда ва у тезда ташқи ишлар вазирлиги сайтидан ўчириб ташланган.

Бу воқеа Исроил Халқаро жиноят суди фаолияти юзасидан разведка маълумотлари олиб боради деган тахминларда жон борлиги билан диққат марказига тушди. Исроил суд аъзолари ортидан жосуслик қилиши ва чиқарилиши кутилаётган қарорлар ҳақида дастлабки маълумотлар олиб туриши аён бўлди.

Халқаро жиноят суди тўрт ойдан буён бош прокурор Карим Хоннинг Нетаняҳу ва Галлантни ҳибсга олиш учун халқаро ордер бериш тўғрисидаги талабномасини кўриб чиқмоқда. Бироқ, чиқарилган қарор ҳақида ҳали расман маълум қилинмаган эди.

Россия-Украина уруши

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШга қилган ташрифи чоғида ўзининг тинчлик режаси билан президент Жой Байден, шунингдек, навбатдаги сайловларда президентлик лавозими учун курашаётган Камала Ҳаррис ва Доналд Трампни таништиради, деб ёзмоқда Bild нашри вазиятдан абардор манбаларига асосланиб.

Уларнинг берган маълумотларига кўра, Россиянинг ичкарисидаги ҳудудларга ғарб қуроллари билан зарба беришга рухсат сўраш, шунингдек, Украина фронтнинг айрим участкаларида жанговар ҳаракаларни вақтинча тўхтатишга тайёр экани тўғрисидаги таклифлар ам бор.

Зеленский шунингдек ғарб давлатларини Украинага қўшимча ҳарбий ёрдам беришга чақирган. «Биз ҳамкорларимиздан миннатдормиз. Бироқ бизга ҳарбий ёрдам пакетлари керак», — деган Зеленский.

Нашрнинг қайд этишича, Киевнинг иттифоқчилари қурол-яроғлар ва ўқ-дориларни катта кечикиш билан етказиб бермоқда. Масалан, Украинага ваъда қилинган 60 дона F-16 қирувчи самолётларидан шу вақтгача бор-йўғи 6 донаси етказилган. Германия Киевга етказишни ваъда қилган 400 дан зиёд зирҳли машиналардан эса йил бошидан буён бирортаси етказилмаган.

Мюнхендаги Бундесвер университети профессори Карло Масаланинг Bild нашрига маълум қилишича, Зеленский ниҳоятда ташвишланиб қолган ва барча нарсани «қартага тикиб, жанг майдонидаги вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилади». Профессорнинг сўзларига кўра, бунинг учун Байденнинг узоқ масофадаги нишонларларни ура оладиган қуроллардан фойдаланишга рухсати зарур бўлади.

Эронга қарши санкциялар

Европа Иттифоқи Эроннинг Россияга ракета етказиб бераётганини қоралади ва Теҳронга қарши янги санкциялар жорий этиш билан таҳдид қилди.

Эрон Россияга ракеталар етказиб бериши Европа хавфсизлигига тўғридан тўғри таҳдиддир, деган Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел. У Европа Иттифоқининг жавоби тез ва мувофиқлаштирилган бўлишига ваъда берди.

«Европа Иттифоқи бир неча бор Эронни Россияга баллистик ракеталар етказиб бермаслик ҳақида қатъий огоҳлантирди», — деган Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел.

Боррелнинг сўзларига кўра, Эронга қарши янги ва муҳим санкциялар жорий этилиши мумкин. Жазо рўйхатига Эроннинг баллистик ракета ва дрон дастурлари билан алоқадор шахслар ва компаниялар киради.

Аввалроқ шу ҳафтада Франция, Германия ва Британия Теҳронга қарши янги санкциялар эълон қилган эди. Россияга қурол етказиб берувчи компанияларга, жумладан, Европанинг қатор шаҳарларига парвоз қилаётган Iran Air авиакомпаниясига нисбатан жазо чоралари жорий этилди.

Франция Эроннинг Париждаги муваққат ишлар вакилини Ташқи ишлар вазирлигига чақириб, ундан Украинага қарши урушда фойдаланиш учун Россияга ракеталар етказиб берилгани ҳақидаги тахминларга изоҳ беришни талаб қилди.

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Россия Эрондан баллистик ракеталар олганини айтган эди.

Теҳрон ҳукумати бу айбловларни қатъиян рад этди. Эрон Россияга пилотсиз парвоз қурилмаларини етказиб берганини қатъиян тан олмасдан келмоқда, дея қайд этади dpa агентлиги.

Трампга навбатдаги суиқасд?

АҚШнинг собиқ президенти ва мамлакатнинг олий лавозими учун яна кураш олиб бораётган Доналд Трампга яна бир суиқасд уюштирилди.

15 сентябр куни Доналд Трамп Флорида штатидаги Уэст Палм-бичдаги ўз голф клубини тарк этаётган чоғда унга яқин жойда отишма юз берган .

АҚШ оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, расмий шахсларга кўра, Трампга қуролланган шахс ҳужум қилмоқчи бўлган. Бир киши ушланган.

Трампнинг сайловолди штаби вакили Стивен Чунгнинг маълум қилишича, собиқ президент «унга жуда яқин жойда» отишма юз берганидан хавфсиз жойга ўтказилган.

Федерал тергов бюроси Трампга нисбатан «суиқасд деб аталаётган» воқеани суриштиришини эълон қилди.

«ФТБ Флорида штатидаги Уэст Палм-Бичга келди ва собиқ президент Трампга нисбатан суиқасд деб аталаётган воқеа юзасидан суриштирув ишларини бошлади», — дейилади расмий баёнотда.

АҚШ яҳудийлари Ҳаррис томонда

АҚШдаги яҳудийларнинг фақат тўртдан бир қисми бўлажак сайловларда республикачилар партиясидан президентликка номзод Доналд Трампга овоз беришни режалаштирмоқда. Катта кўпчилик демократлар вакили Камала Ҳаррисни қўллашни мақсад қилган.

Бу Jewish Democratic Council of America томонидан ўтказилган сўнгги сўровларнинг натижаси.

Ушбу сўровнома америкалик яҳудийларнинг 87 фоизи Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ғоясини ҳам қўллаб-қувватлашига ҳам ойдинлик киритган.

Америкалик яҳудийларни кўпроқ «демократия келажаги» ва «аборт ҳуқуқи» ташвишлантириши маълум бўлди. Антисемитизм муаммоси 5-ўринни эгаллаган.

Кўплаб сўровномалардан маълум бўлмоқдаки, республикачиларнинг 7 октябрдан сўнг яҳудий сайловчиларни ўз томонига оғдириш бўйича саъй-ҳаракатлари айтарли натижага олиб келмаган ва яҳудий электоратни жойидан қўзғата олмаган.

Аввалроқ Доналд Трамп америкалик яҳудийлар электорати республикачиларни етали тарзда қўллаб-қувватламаётганига урғу бериб, аввалги сайловларда уларнинг 25 ва 26 фоиз овозларини қўлга киритганини айтиб ўтган эди.

Мавзуга оид