Ўзбекистон | 18:02 / 16.09.2024
3059
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда илк бор раҳбарликка тайёрлайдиган қўшма таълим дастури иш бошлади

Дастур тўрт ойга мўлжалланган бўлиб, иштирокчилар 6 ҳафта давомида иш жойидан ажралган ҳолда академияда аудитория машғулотларида иштирок этади, 8 ҳафта ўз иш жойларида мустақил таълим олади.

Фото: Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия канцлери Олаф Шолц қўшма Бошқарув кадрларини тайёрлаш мактабининг очилишига бағишланган маросимда иштирок этди, деб хабар беради Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги.

Қайд этилишича, лойиҳа Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Давлат бошқаруви академияси томонидан Ханнс Зайдел жамғармаси ҳамда Бавария давлат бошқаруви мактаби билан ҳамкорликда амалга оширилган.

Ўзбекистонда илк бор хорижий ҳамкорлар билан ташкил этилаётган «Ҳокимликка тайёрлаш мактаби» қўшма таълим дастури энг аввало замонавий шароитларда бошқарув кадрларининг касбий билим ва савиясига қўйилаётган талабларни ҳисобга олган ҳолда давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги раҳбар кадрларнинг захирасини яратишни мақсад қилиб олган.

Бунда, тингловчиларда маҳаллий бошқарув ва ҳудудий ривожланиш соҳасидаги чуқур ва амалиётга йўналтирилган, стратегик режалаштириш, горизонталь ва вертикал муносабатлар тизимига оид билимларни, давлат ва ҳудудий дастурларни ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни сифатли ижро этиш кўникмаларини шакллантиришга оид мавзуларга устуворлик берилади.

Дастур тўрт ойга мўлжалланган бўлиб, иштирокчилар 6 ҳафта давомида иш жойидан ажралган ҳолда академияда аудитория машғулотларида иштирок этади, 8 ҳафта ўз иш жойларида мустақил таълим олади, вазирликларда ва ҳокимликларда стажировка ўтайди. Шунингдек, аттестация натижаларига кўра юқори кўрсаткичларга эришган 20 нафар тингловчи 9 кун Германияда ўқув стажировкасини ўтайди.

Таълим дастури давомида ҳар бир тингловчи ўз тумани (шаҳри)нинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича лойиҳасини ишлаб чиқади. Тингловчиларнинг лойиҳа ишларига академия профессор-ўқитувчилари ва маҳаллий экспертлар раҳбарлик қилиб боради.

Таъкидланишича, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан дастур иштирокчилари сифатида бугунги кунда туман (шаҳар) ҳокимлари лавозимига захирага олинган кадрлар орасидан уларнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларига (КПИ) мувофиқ, 56 нафар номзод танлаб олингани.

«Мазкур дастурда иштирок этиш бошқарув кадрларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича профессионал компетенцияларини оширишга, шунингдек, уларнинг илғор хорижий тажриба билан танишишлари учун кенг имконият яратади», — дейилади хабарда.

Мавзуга оид