Жаҳон | 14:20 / 16.09.2024
2789
2 дақиқада ўқилади

Polaris Dawn космик миссияси экипажи Ерга қайтиб келди

Polaris Dawn профессионал бўлмаган астронавтлар томонидан биринчи марта очиқ космосга чиқишни муваффақиятли якунлади. Миссия Ер яқинидаги орбитада 1400 км баландликка кўтарилиб, рекорд ўрнатди.

Фото: SpaceX

Polaris Dawn хусусий космик миссияси экипажи профессионал бўлмаган астронавтлар томонидан биринчи марта очиқ космосга чиқишни якунлаб, ерга қайтиб келди. 15 сентябр, якшанба куни тўрт кишилик экипаж билан Dragon капсуласи АҚШнинг Флорида штати қирғоқлари яқинида денгизга қўнди.

Биринчи тижорий тадқиқот миссияси Polaris Dawn 10 сентябрда старт олди. Crew Dragon кемаси Флорида штатидаги Канаверал бурунидан учирилган. Экипаж таркибига SpaceX билан Polaris миссиясини молиялаштирган миллиардер Жаред Айзекман, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг истеъфодаги подполковниги Скотт Потит, шунингдек, SpaceX икки ходими – космик операциялар бўйича етакчи муҳандис Анна Менон ва астронавтларни тайёрлаш бўйича муҳандис Сара Жиллис кирди.

Баландлик рекорди

11 сентябр куни Polaris Dawn миссияси Ер яқинидаги орбитада 1400 км баландликка кўтарилиб, рекорд ўрнатгани маълум бўлди. Орбита апогейидаги олдинги рекорд - 1373 км - бошқариладиган Gemini-11 космик кемасига тегишли бўлиб, 1966 йилдан бери сақланиб келаётганди (одамлар Ердан фақат ойга экспедициялар пайтида узоқроқ учишган). Polaris Dawn, шунингдек, Apollo'нинг 1972 йилда сўнгги парвозидан буён энг узоқ миссия ва аёл кишининг космосга қилган энг узоқ сафари бўлди.

Келгуси йилларда Жаред Айзекман ва SpaceX бош директори Илон Маск Polaris дастури доирасида яна иккита миссияни, жумладан, ҳали ишлаб чиқилаётган янги Starship ракетаси биринчи бошқариладиган парвозини режалаштирмоқда. Ушбу дастурнинг нархи ҳақида хабар берилмаган.

Мавзуга оид