Путин Россия армияси штатлари сонини яна оширди
Владимир Путин Россия Қуролли Кучлари штатини яна 180 мингтага оширишга оид қарорни имзолади — уларнинг сони 2 миллион 389 мингга етди.
Владимир Путин Россия Қуролли Кучлари штатини яна 180 мингтага оширишга оид қарорни имзолади. Жорий йилнинг 1 декабридан кучга кирадиган ҳужжатга мувофиқ, мамлакат Қуролли Кучларининг штати 2 миллион 389 мингдан ошмоқда.
Қайд этилишича, уларнинг 1,5 миллион нафари ҳарбий хизматчилар ҳисобланади. Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан бери Путин қуролли кучлар куч тузилмаларидаги штатларни 2022 йил августда ва 2023 йил декабрда оширган эди. Биринчи марта ҳарбий хизматчилар сони 137 минг кишига, иккинчисида эса 170 минг кишига оширилган.
Уруш бошланишидан олдин Россия Федерацияси Қуролли Кучлари таркибидаги ҳарбий хизматчилар сони 1 миллион 13 минг 628 кишини ташкил этган.
2024 йил 13 август куни Bloomberg агентлиги ўз манбасига таяниб, Россия ҳукумати ҳарбий хизматчилар етишмовчилиги сабаб янги сафарбарлик тўлқинини эълон қилиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Кремл ва Россия Мудофаа вазирлигига яқин уч манбанинг сўзларига кўра, Россия шу орқали Украинага қарши урушдаги йўқотишларни қоплаш ниятида.
Ўз навбатида Путин июн ойида ўтказилган Петербург халқаро иқтисодий форумида Россияда янги сафарбарликни бошлаш кўзда тутилмаганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, жанговар ҳаракатларда иштирок этаётган мавжуд контингент мақсадларга тезда эришиш учун етарли эмас, аммо ҳозир Россия армияси қўмондонлиги бошқача тактикага амал қилмоқда.
Мавзуга оид
12:30 / 04.11.2024
Рада сафарбарлик тезлиги секинлашиши билан боғлиқ муаммо ҳақида маълум қилди
01:19 / 16.10.2024
Россия армияси Курск областида қўлдан чиқарган ҳудудларининг чорак қисмини қайтариб олди
22:40 / 11.10.2024
Россия армиясидан Қозоғистонга қочган 6 нафар дезертир Европа визасини олди
23:40 / 27.09.2024