Жамият | 16:29 / 16.09.2024
10460
6 дақиқада ўқилади

Шишган, қизарган, йиринглаган кўзлар – конъюнктивитни қандай даволаш мумкин?

Айни пайтда юртимизда бу касалликка чалиниш ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Хўш, конюнктивит қанчалик хавфли? Унинг олдини олиш ва даъволаш учун нималарга эътибор қаратиш керак? Мутахассис Kun.uzʼга бу борадаги тавсиялари билан бўлишди.

Кўз гриппи бу – конъюнктиванинг яллиғланишига олиб келадиган вирусли инфекция ҳисобланади. Конъюнктива кўзнинг оқ қисми ва кўз қовоқларининг ички юзасини қоплаган, уларнинг нам ва тоза бўлиб туришига хизмат қилувчи нозик, шаффоф мембрана сифатида тавсифланади.

Ушбу касаллик аввал одамнинг бир кўзидан бошланиб, иммунитетнинг кучли-кучсизлигига қараб иккинчи кўзга юқиши ёки юқмаслиги ҳам мумкин. Вирусли инфекция билан хасталанган кўз, одатда, пушти ёки қизил рангда тусланади ва шу туфайли бу касаллик сўзлашув тилида “пушти кўз” ҳасталиги, илмий тилда конюнктивит деб аталади.

Шифокорнинг таъкидлашича, конъюнктивит кўзларнинг қизариши, қичишиши, ёшланиши, қовоқларнинг шиши, кўриш қобилиятининг пасайиши каби белгилар билан намоён бўлади.

“Кўз гриппини юқтириб олган одамда ёруғликка сезгирлик ҳисси ошиб кетади, кўзининг ичида ёт жисм юргандек туюлади. Кўзлар атрофида шилимшиқ, сарғиш оқинди ҳосил бўлади ва шу туфайли уйғонгандан сўнг қовоқлар бир-бирига ёпишиб қолади. Ушбу аломатлар билан бирга томоқ ва бош оғриғи, йўтал, баъзида иситма пайдо бўлиши мумкин”, – Республика кўз касалликлари шифохонаси шифокор-ординатори Мансур Матёқубов.

Кўз гриппи – юқумли, у турли усуллар орқали ҳосил бўлади ва тарқалади, шунга кўра қуйидаги турларга бўлинади:

Вирусли конъюктивит – энг тез тарқаладиган тури бўлиб, у аденовируслар, энтеровируслар ёки бошқа респиратор вируслар сабаб юзага келади. Кўзнинг қизариши, шишиши, кўздан йиринг ёки суюқлик оқиши, кўз қичишиши каби белгилар билан намоён бўлади. Бунда кўзларнинг ёруғликка сезгирлиги ошади, кўз атрофида шишади. Баъзан бурун оқиши, йўталиш ва бош оғриғи каби умумий грипп симптомлари ҳам ҳосил бўлади. Вирусли конъюнктивит жуда юқумли бўлгани учун бошқа одамлар билан мулоқотда бўлишдан сақланиш ва касаллик тарқалишининг олдини олиш учун гигиена қоидаларига риоя қилиш талаб этилади.

Бактерияли конъюнктивит эса стафилококк, пневмококк, гемофилус каби бактериялар орқали пайдо бўлади. Вирус ва бактериялар юқиши одамдан одамга тўғридан тўғри контакт орқали амалга ошади, масалан, касалланган одамнинг юз сочиқлари, қўллари ёки бошқа шахсий буюмлар орқали ўтади ва кўзнинг яллиғланишига олиб келади. Кўз оқи ва қовоқларнинг қизариши, қалин сариқ ёки яшил оқинди ҳосил бўлиши, кўзда тирналиш ҳисси сингари симптомлар кузатилади.

Аллергик конъюнктивит – полен, ҳайвонлар тирноқлари, чанг каби аллергенлар таъсирида келиб чиқади. У юқумли бўлмайди. Кўзда қичишиш, қизариш, шишиш ва ёруғликка сезгирлик кузатилади. Шунингдек, аксириш, бурун битиши каби бошқа белгилар ҳам ҳосил бўлади.

Кимёвий конъюнктивит – кўз конъюнктива қопламасининг кимёвий моддалар билан таъсирланиши натижасида юзага келадиган яллиғланиш. Бу турдаги конюнктивит кўплаб кимёвий моддаларнинг кўзга тегиши ёки нафас олиш орқали организмга кириши натижасида юзага келиши мумкин.

Чанг, кўзга тушадиган бактерия ва вируслар, кўз томчилари, косметика воситалари ёки контакт линзаларда мавжуд бўлган зарарли моддалар ҳам кимёвий конюнктивит сабабчилари ҳисобланади. Контакт линзалардан нотўғри фойдаланиш, уларни тўғри дезинфекция қилмаслик, линзаларни белгиланганидан узоқ муддат давомида ишлатиш, алмашиб тақиш ҳам конюнктивитни келтириб чиқариш хусусиятига эга.

Катталарда юзага келадиган кўз гриппида юқумли вируслар, болаларда эса бактериал сабаблар устунлик қилади.

Кўз гриппини юқтириб олган одамнинг кўзи ёруғликка нисбатан сезгир бўлиб қолади. Шу сабабли, касаллик вақтида қора рангли кўзойнакларни тақиб юриш тавсия этилади. Аммо кўз гриппи билан хасталанган одамнинг кўзойнакларини соғлом кўзли одам тақиши умуман мумкин эмас, сабаби кўзойнаклар орқали вирус ва инфекциялар кўзга тушиши мумкин. Шунингдек, мазкур вақтда косметика воситалари ва линзалардан умуман фойдаланмаслик керак”, - дейди шифокор.

Мутахассиснинг таъкидлашича, бу касалликни даволаш бошқа кўз касалликларига нисбатан осонроқ, аммо даволаш чоралари ўз вақтида амалга оширилмаса, кўз гриппи кўриш қобилиятининг пасайишига сабаб бўлиши мумкин.

Кўз гриппининг олдини олиш учун гигиена қоидаларига риоя қилиш, нотоза қўллар билан кўзга тегмаслик, аллерген ва тирнаш хусусияти ҳосил қилувчи моддалар бор жойда, айниқса, гулчанглар кўп бўладиган мавсумларда ҳимоя кўзойнакларидан фойдаланиш, хонадонни тоза сақлаш, йўталиш, аксириш ёки кўзнинг қизариши каби респиратор инфекциялар белгилари мавжуд бўлган одамлар билан мулоқот қилишдан сақланиш лозим.

Даволаниш учун шифокор кўригидан ўтиш тавсия этилади.

Диёрахон Набижонова тайёрлади.
Оператор ва монтаж устаси: Бекзод Панжиев.

Мавзуга оид