Жаҳон | 08:40 / 16.09.2024
7654
3 дақиқада ўқилади

Трампнинг голф-клуби ёнида отишма юз берди

Доналд Трампнинг сайловолди штаби унга яқин ерда отишма бўлганини айтди. Республикачилар партиясидан президентликка номзод хавфсиз жойда, бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

Фото: AP

Республикачилар партиясидан президентликка номзод Доналд Трампга «яқин масофада» отишма юз берди. Бу ҳақда сайловолди штаби 15 сентябр, якшанба куни ижтимоий тармоқдаги аккаунтида ёзган. Америка Қўшма Штатларининг собиқ президенти хавфсиз жойда экани хабар қилинмоқда. Воқеа бўйича бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

Шу билан бирга, Трампнинг ўғли, кичик Доналд Трамп ўзининг Х аккаунтида воқеа содир бўлган жой яқинидаги буталар орасидан АК-47 автомати топилганини даъво қилмоқда. «Гумонланувчи қўлга олингани хабар берилмоқда», деб қўшимча қилди кичик Трамп.

New York Post газетасининг хавфсизлик манбаларига таяниб ёзишича, ўқ фақат АҚШ махфий хизмати агенти томонидан отилган. Гумонланувчи қўлга олинган, бироқ унинг бундай қилишига нима сабаб экани ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Reuters агентлиги икки манбага таяниб хабар беришича, Палм-Бичдаги (Флорида штати) Трампга тегишли голф майдончаси яқинида бир неча марта ўқ узилган.

Бундан олдин New York Post икки киши собиқ президентга қаратилмаган отишма бошлагани ҳақида хабар берган эди.

АҚШ Махфий хизмати матбуот котиби Энтони Гуглиелми ўзининг Х аккаунтида идора воқеани Палм-Бич округи шерифи билан ҳамкорликда тергов қилаётганини ёзди. Шунингдек, у Махфий хизмат ва маҳаллий шериф идораси тез орада қўшма матбуот брифингини ўтказишига ваъда берди.

Оқ уйнинг билдиришича, АҚШ президенти Жо Байден ва вице-президент Камала Ҳаррис воқеадан хабардор бўлган ва «у (Трамп) хавфсиз жойда эканини билиб, хотиржам тин олган». «Америкада зўравонликка ўрин йўқ», - дейди Демократик партиядан давлат раҳбари лавозимига номзод Ҳаррис.

Июл ойида Трампга суиқасд уюштирилган эди

Доналд Трамп 13 июл куни Пенсилвания штатининг Батлер шаҳрида сайловолди митингида нутқ сўзлаётганида ҳужумга учради. Тўртта ўқ узилди, шундан сўнг собиқ президент қулоғини ушлаб олганича, бешинчи ва олтинчи ўқдан олдин минбар орқасига яширинишга муваффақ бўлди. Шу пайт қўриқчилар уни ўраб олишди ва яна бир неча ўқ узилди. Кейин қулоғидан қон оқаётган Трампни саҳнадан олиб кетишди.

Собиқ президент касалхонага ётқизилган ва у ерда даволанган. Кейинроқ Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида тезкор реакция учун махсус хизмат идораларига миннатдорчилик билдирди. «Энг муҳими, митингда ҳалок бўлган одамнинг оиласига ҳамда оғир жароҳат олган яна бир эркакнинг оиласига ҳамдардлик билдираман», — деб ёзади у.

Трампга ҳужумни 20 ёшли Томас Мэтю Крукс амалга оширган, деб маълум қилди Федерал тергов бюроси (ФТБ) вакили. Матбуот хизмати бошқа тафсилотларни келтирмади. Аввалроқ ФТБ сайловолди митингидаги отишмани Трампга «суиқасд уюштириш» сифатида расман тан олган эди.

Мавзуга оид