Жаҳон | 19:34 / 17.09.2024
3723
2 дақиқада ўқилади

Intel Германияда 30 млрд евролик заводининг қурилишини тўхтатиб қўйди

Ярим ўтказгичларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган иккита заводдан иборат мажмуанинг қурилиши Германия тарихида энг йирик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция бўлиши кутилаётган эди.

Фото: AP

Американинг Intel технологик гиганти Германияда чиплар ишлаб чиқаришга мўлжалланган мажмуанинг қурилишини тўхтатиб қўйди. Компания раҳбари Пэт Гелсинжернинг сўзларига кўра, лойиҳани амалга ошириш икки йилга кечиктирилади.

Ярим ўтказгичларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган иккита заводдан иборат мажмуанинг қурилиши Германия тарихида энг йирик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция бўлиши кутилаётган эди: у 30 миллиард еврога баҳоланган, маблағларнинг учдан бир қисми — 9,9 миллиард еврони Германия ҳукумати субсидия шаклида тақдим этишга тайёр эди.

Шунга қарамай, ҳозирда йўқотишларга учраётган компаниянинг харажатлари ортиб кетган. «Биз рақобатбардош харажатлар тузилмасини яратиш ва 10 миллиард доллар тежаш мақсадимизга эришиш учун зудлик билан ҳаракат қилишимиз керак», — дейди Гелсинжер. Шунингдек, у Полшада ҳам микрочиплар заводини қуриш тўхтатилганини маълум қилди.

Ўз навбатида Германия иқлим ҳимояси ва иқтисодиёт вазири Роберт Хабек қурилишнинг кечиктирилишини корхонанинг корпоратив сиёсатга алоқадор ички қарори эканини билдирди.

Германия ҳукумати Intel заводини қуриш учун ажратиладиган маблағларни энди қаерга йўналтиришни муҳокама қилмоқда. Шу билан бирга, Германия молия вазири Кристиан Линднер Intel лойиҳалари учун мўлжалланган субсидияни федерал бюджетнинг 12 миллиард евролик дефицитини камайтиришга йўналтиришни таклиф қилди. «Intel учун мўлжалланган барча маблағлар ҳал этилмаган молиявий муаммоларни қисқартириш учун федерал бюджет захирасига олиниши керак», — деб ёзади Молия вазири раҳбари ўзининг Х тармоғидаги саҳифасига.

Германия канцлери Олаф Шолц ҳам Intel учун ажратиладиган давлат ёрдамининг бир қисмини бюджетдаги камчиликларни ёпишга йўналтирилишини истисно этмади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид