Ўзбекистон | 17:54 / 17.09.2024
108372
8 дақиқада ўқилади

Яширилган миллиардлар, қимматбаҳо Mercedes ва Райҳоннинг 1,8 млн долларлик уйи — Panorama Airways ва Gulbakhor Airways иши тафсилотлари

Минглаб ўзбекистонликлар Умра зиёратига бориб, Саудияда узоқроқ қолиб кетишига сабаб бўлган Panorama Airways ва Gulbakhor Airways компанияларининг норасмий раҳбари бир киши бўлиб чиқди. У жуда кўп миқдорда фирибгарлик қилиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришда айбланмоқда. Иш тафсилотининг хонанда Райҳон Ғаниевага алоқадор жиҳати ҳам бор.

Фото: Kun.uz

Kun.uz Panorama Airways ва Gulbakhor Airways компаниялари мансабдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг айблов хулосаси билан танишди. Ҳужжатда келтирилишича, А.Ф. исмли шахс ҳар икки компаниянинг норасмий раҳбари сифатида Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбланмоқда.

Gulbakhor Airways МЧЖ билан боғлиқ қисқа тафсилотлар

Айблов хулосасига кўра, 43 ёшли А.Ф. Gulbakhor Airways МЧЖни норасмий бошқариб келиб, шериклари билан 2 454 нафар шахсни 2024 йилнинг январ ва феврал ойларида Умра тадбирини ташкиллаштириб беришга ишонтириб, улардан 24 млрд 233 млн сўм пулни йиғиб олган. У ушбу маблағни жамиятнинг ҳисоб рақамларига кирим қилмасдан ўзининг эгалигига киритган.

Gulbakhor Airways МЧЖда ўтказилган тафтиш натижаларига кўра, А.Ф. ва бошқалар томонидан 2023 йилнинг ноябридан 2024 йилнинг февралига қадар яна 42 млрд 654 млн сўм пул жамият ҳисоб рақамларига кирим қилинмагани аниқланган. Шу тариқа, яширилган пуллар 66,8 млрд сўмга етган.

Айблов хулосасида А.Ф. Gulbakhor Airways МЧЖ билан тижорий ҳамкорлик қилиб келган шахсни 381 нафар фуқарога 2024 йилнинг 15-28 январ кунлари Умра тадбирини ташкиллаштириб бериш билан алдаб, 286 минг доллар пулини олгани ҳам айтилади.

А.Ф. аэропортлардан қарздорликлар чипталарни арзон сотганидан келиб чиққанини таъкидлаган. Шунингдек, у Gulbakhor Airways МЧЖга 66 млрд 888 млн сўм кирим қилинмагани аниқланган тафтиш якунларига эътирозлари борлигини айтган.

Panorama Airways МЧЖ билан боғлиқ қисқа тафсилотлар

Мазкур жиноят ишида Panorama Airways МЧЖга оид масала ҳам мавжуд. Хусусий авиакомпания сифатида фаолият юритган бу МЧЖга 2023 йилнинг апрел ойидан 2024 йилнинг феврал ойига қадар авиачипталар учун жами 1 трлн 97 млрд сўм тўловлар амалга оширилган бўлса-да, А.Ф. шериклари билан жамият ҳисоб рақамларига ушбу маблағнинг 669 млрд 350 млн сўмини кирим қилмагани айтилади.

Бундан ташқари, ҳужжатда айбланаётганлар давлат бюджетига 3 млрд 296 млн сўм қўшилган қиймат солиғини, қарийб 25 млрд сўм фойда солиғини тўлашдан бўйин товлаб келишгани қайд этилган.

Иш тафсилотларида А.Ф. топилган пул маблағларини мулкка айлантириш орқали қонунийлаштиришга ҳаракат қилгани ҳақида ҳам гап боради. У 325 ҳамда 375 минг долларлик иккита “Mercedes Benz” машинасини харид қилиш учун бошланғич тўлов сифатида 150 минг доллар тўлаган. Қолаверса, хонанда Райҳон Ғаниеванинг Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги уйини 1,8 млн долларга сотиб олишга келишиб, хонандага 600 минг доллар берган. Шу тариқа у жиноий фаолиятдан олинган жами 750 минг АҚШ долларини легаллаштирган, дейилади айблов хулосасида.

Жиноят иши юзасидан А.Ф. айбланувчи тариқасида сўроқ қилинганида, у ўзига қўйилаётган айбловга иқрор эмаслигини билдирган. У 2021 йилда ташкил қилинган Panorama Airways МЧЖ таъсисчиси этиб турмуш ўртоғини, 2022 йилда ташкил этилган Gulbakhor Airways МЧЖ таъсисчиси этиб эса божасини белгилаганини, аммо ҳар икки МЧЖнинг бенефициари ўзи эканлигини тан олган.

А.Ф.га кўра, 2022 йилда Фуқаролик авиацияси агентлиги томонидан Panorama Airways МЧЖга ҳаво орқали ташиш ва авиация ишларини бажаришга рухсат берувчи эксплуатант сертификат берилган. Шундан сўнг у Тошкентдан Россиянинг Москва, Екатеринбург, Казан, Самара, Новосибирск, Минводи ва Сочи шаҳарларига парвозларни амалга ошира бошлаган.

2022 йилнинг ноябридан 2023 йилнинг апрелига қадар ушбу йўналишларда парвозларни зарарга амалга оширганим сабабли Россия Федерациясидаги аэропортларга 4 млн АҚШ доллари атрофида қарз бўлдим. Panorama Airways МЧЖ томонидан 2023 йилнинг май ойидан бошлаб “Тошкент-Мадина-Тошкент”, 2023 йилнинг сентябр ойидан “Наманган-Мадина-Наманган” ҳамда 2023 йилнинг декабр ойидан бошлаб “Тошкент-Жидда-Тошкент” йўналишларида авиапарвозлар амалга оширилган.

2023 йилнинг май ойидан буён Ўзбекистон ва Саудия Арабистондаги аэропортларга ва парвозларни амалга оширишда хизмат кўрсатувчиларга тахминан 16 млн АҚШ доллари қарз бўлиб қолдим. Қарз қопланмай келинганлиги сабабли 2024 йил 22 январ куни Саудия Арабистондан Ўзбекистонга парвозларни амалга оширишга тақиқ қўйишди. Шу сабабли жорий йилнинг 25-31 январ кунлари Ўзбекистонга қайтиб келиши лозим бўлган 3 931 нафар шахс Саудия Арабистонида қолиб кетганди”, деган А.Ф. кўрсатмасида.

Райҳон Ғаниеванинг уйи билан боғлиқ эпизод ҳақида қисқача

А.Ф. хонанданинг Тошкент шаҳридаги уйини 1,8 млн долларга сотиб олишга ва пулни бўлиб тўлашга келишган. У Райҳонга бир марта 300 минг доллар, икки марта 150 минг доллардан жами 600 минг доллар берганини айтган. Бироқ келишув амалга ошмасдан, А.Ф. пулни қайтариб беришни сўраган, хонанда эса қайтармаган.

Райҳон менга дўқ-пўписа қилиб, пулларни қайтариб бермаслигини маълум қилган. Ушбу пулларни ундириб, Gulbakhor Airways МЧЖга тўлов қилган ҳолда Умра зиёратига боролмаган фуқароларга пулларни қайтариш учун прокуратуранинг ҳисоб рақамига ўтказишда амалий ёрдам беришингизни сўрайман”, деган А.Ф.

Жиноят иши доирасида хонанда Райҳон Ғаниева ҳам сўроқ қилинган. У ўз кўрсатмасида 600 минг долларни қайтаришдан бош тортмаслигини, фақат уни 500 минг доллар қилиб қайтаришини билдирган.

Мен уларга уйимни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан 1,8 млн долларга сотишга рози бўлганман. Келишув бўйича улар 2023 йилнинг октябр ойидан 2024 йил март ойига қадар ҳар ойда 300 минг доллардан тўлашлари керак эди. 2023 йилнинг октябр ойида 300 минг долларлик илк тўлов амалга оширилиб, ушбу ҳақда ўртамизда тегишли ҳужжат тузилган. Бироқ улар 2023 йилнинг ноябр ойида тўловни амалга оширишмади. Шу тариқа, кейинги тўлов 2023 йилнинг декабр ойида бўлак-бўлак қилиб амалга оширилди. 2024 йилнинг январ ойида ҳам тўлов амалга ошмади. Кейинчалик холаси менга қўнғироқ қилиб, уларнинг молиявий аҳволи оғирлашганлигини маълум қилган ҳолда шу кунгача тўланган 600 минг долларни қайтариб беришимни сўради.

Менга тўланган 600 минг долларни қайтаришга тайёрман, бироқ 500 минг доллар қийматида. Бунинг сабаби шундаки, улар 2023 йилнинг октябр ойида дастлабки 300 минг долларлик тўловни амалга оширгач бирданига уйимга кўчиб келишган”, деган Райҳон Ғаниева.

Хонанда уйи янги харидорга сотилмагунга қадар 500 минг долларни қайтариш имконияти йўқлигини айтган.

Айблов хулосасига кўра, А.Ф.дан ташқари яна 3 нафар шахс судланмоқда.

Kun.uz манбаларига кўра, суд ЖИБ Миробод туман судида ҳафтанинг душанба, чоршанба ва жума кунлари кўриб чиқиляпти.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил бошида Умра зиёрати учун Саудия Арабистонига борган минглаб ўзбекистонликлар маълум муддат ортга қайтолмасдан Макка ва Мадина шаҳарларида қолиб кетганди. Кейинчалик яна минглаб фуқаролар Умра зиёратига бориш учун пул тўлаб, алданиб қолгани айтилди. Ҳолат юзасидан Panorama Airways хусусий авиакомпаниясининг мансабдор шахсларига жиноят иши қўзғатилиб, 1 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланганди.

Мавзуга оид