Жаҳон | 11:20 / 18.09.2024
2813
2 дақиқада ўқилади

Киев россияликлар томонидан ҳарбий асир ўлдирилгани эҳтимолини текширмоқда

Z-каналлар «Курск учун» ёзуви бўлган қилич билан ҳужум қилинган кишининг суратини чоп этди. Украина прокуратураси тергов бошлади.

Фото: Sergei Malgavko/TASS/dpa/picture alliance

Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари Россия қуролли кучлари вакиллари томонидан украиналик ҳарбий асирнинг ўлдирилиши эҳтимоли бўйича судга қадар тергов бошлади. Украина Бош прокуратураси ва Донецк вилоят прокуратураси 17 сентябр, сешанба куни хабар беришича, уруш қонунлари ва урф-одатларини бузиш, шунингдек, қасддан одам ўлдириш бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Аввалроқ Россия ҳарбий Telegram-каналларида кўкрагига «Курск учун» ёзуви туширилган қилич санчилган, украиналик ҳарбий хизматчи бўлиши мумкин бўлган қонга беланган кишининг ерда ётган суратлари тарқалган эди. Суратлардан бирида қурбоннинг қўлида кулранг скотч кўринади, унинг қўллари боғланган бўлиши мумкин.

Бу кадрларни таҳлил қилган OSINT-таҳлилчилари суратлар Покровскдан унча узоқ бўлмаган Донецк области Новогродовка шаҳрида олинган деган хулосага келишди. Украина Бош прокуратурасининг хабар беришича, ҳозирда жиноят ҳолатларини ва унга алоқадор шахсларни аниқлаш бўйича бир қатор тезкор тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Украина омбудсмани БМТ ва ХҚХҚга мурожаат қилди

Олий раданинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец БМТ ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасига Россия армияси томонидан «янги уруш жинояти» қайд этилгани бўйича мактублар юборганини айтди. «Ёввойилик ва қонхўрлик даражасини тушуниш мумкин эмас, бу каби ҳаракатлар ҳарбий асирлар билан муносабатда бўлиш тўғрисидаги Женева конвенциясини қўпол равишда бузишдир», - дея таъкидлади омбудсман.

Июн ойида Украина бош прокурори Андрей Костин Россия Федерациясининг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери Россия ҳарбийлари камида 61 украиналик ҳарбий асирни ўлдирганини маълум қилган эди.

Мавзуга оид