Жаҳон | 22:28 / 19.09.2024
8396
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари Хитой билан урушга тайёргарлик режасини эълон қилди

Режа 2027 йилгача Хитой Халқ Республикаси билан эҳтимолий урушга тайёрликни таъминлашни назарда тутади.

Фото: Getty Images

АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари 2027 йилгача Хитойга қарши ҳарбий ҳаракатлар ўтказиш имкониятига тайёрланмоқда, дейилади адмирал Лиза Франкетти томонидан тайёрланган ҳужжатда (.pdf).

Навигация режаси (NAVPLAN) иккита стратегик мақсадга эришишга қаратилган: 2027 йилгача Хитой Халқ Республикаси билан эҳтимолий урушга тайёрликни таъминлаш ва денгиз флотининг узоқ муддатли устунлигини кучайтириш.

Франкетти ўз режасида Хитой раҳбари Си Жинпинг томонидан ўз армиясини 2027 йилгача «жаҳон даражасидаги» даражага етказишга ҳақидаги икки йил аввал айтилган баёнотига эътибор қаратди.

Шунингдек, ҳужжатда Россия ҳарбий-денгиз флоти «Қора денгиздаги йўқотишларга қарамай, Узоқ Шимолда, Атлантика, Ўрта Ер денгизи, Болтиқбўйи ва Шимолий Тинч океанида жанговар кучини сақлаб қолгани» ҳақида қисқача эслатиб ўтилади.

Ғарб давлатлари Хитойнинг Тайванга нисбатан сиёсатини бир неча бор танқид қилиб, оролга бостириб кирилган тақдирда ҳарбий чоралар кўриш билан таҳдид қилиб келмоқда. 2022 йилда қабул қилинган Шимолий Атлантика алянси концепциясида Хитой «тизимли муаммо» деб номланган.

Июн ойида АҚШ Ҳинд-Тинч океани қўмондонлиги раҳбари адмирал Самуэл Папаро агар Хитой Тайванга ҳужум қилса, АҚШ Тайван бўғозида «дронлар дўзахини» уюштирмоқчи эканини айтган эди.

Хитой Тайванни ўзининг ажралмас ҳудуди деб билади ва орол ҳукуматига ҳар қандай ташқи ёрдамни, шу жумладан хорижий делегациялар ташрифини Хитой суверенитетини бузиш деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид