Жаҳон | 00:28 / 19.09.2024
3414
2 дақиқада ўқилади

Дунёда бир ой ичида қарийб 50 минг кишида вабо аниқланди

Касаллик асосан Шарқий Ўрта ер денгизи ва Африка минтақасида кенг тарқалмоқда. Афғонистонда йил бошидан бери 120 мингдан ортиқ инсонда вабо қайд этилган.

Фото: Report.az

Дунёда 2024 йилнинг август ойи давомида қарийб 50 минг кишида вабо аниқланди, уларнинг 160 нафардан ортиғи вафот этди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълум қилди.

ЖССТ маълумотларига кўра, августда 17 та давлатдан вабо билан касалланишга оид 49,9 мингта ва ўлим билан боғлиқ 161 та ҳолат ҳақида хабар келиб тушган. Июл билан таққослаганда ушбу ойда касалланиш кўрсаткичи 16 фоизга, ўлим ҳолати эса 28 фоизга камайган.

Афғонистонда август ойида 24 минг 977 кишида, Покистонда — 7 минг 802 кишида, Яманда эса 7 минг 123 кишида вабо аниқланган. «Яқинда Марказий ва Ғарбий Африкада, шунингдек, Жануби-Шарқий Осиёда юз берган сув тошқинлари вабонинг юқиш эҳтимолини оширди», — дейилади ЖССТ хабарида.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 1 январидан 25 августига қадар дунёнинг 28 та давлатида 371,5 мингдан ортиқ вабо билан касалланиш ҳамда 2 минг 527 та ушбу касаллик оқибатида юзага келган ўлим ҳолати аниқланган.

Касаллик асосан Шарқий Ўрта ер денгизи ва Африка минтақасида кенг тарқалмоқда. Афғонистонда йил бошидан бери 120 мингдан ортиқ инсонда, Покистонда — қарийб 50 минг кишида, Яманда — 31 мингдан зиёд инсонда вабо аниқланган. Ундан кейинги ўринларда Конго Демократик Республикаси, Эфиопия, Замбия ва Зимбабве турибди.

Аввалроқ 2023 йили дунё бўйича вабо инфекциядан ўлим кўрсаткичи 2022 йилга нисбатан 71 фоизга, касалланиш ҳолатлари эса 13 фоизга ошгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид