ЎзЛиДеП хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва жиноий жавобгарликни кучайтиришни таклиф этмоқда
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) хусусий мулкка зарар етказганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш ташаббусини илгари сурди. Бу борадаги ғоя партиянинг сайловолди дастурида акс этган бўлиб, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишни янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Партия вакилларига кўра, янгиланган Конституциянинг 30 ва 65-моддалари хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлайди. Шу боис, мулк ҳуқуқини бузишга оид жиноятлар учун жазо чораларини кучайтириш зарур. Айниқса, ер участкалари билан боғлиқ ҳолатларда ҳуқуқбузарликлар кўп кузатилмоқда. Масалан, Сурхондарё вилоятидаги маҳаллий ҳокимликларнинг ер бўйича бир неча ноқонуний қарорлари аниқланган.
Тошкент шаҳридаги реновация лойиҳалари ҳам бир қанча эътирозларга сабаб бўлди. Реновация оқибатида тураржойлар бузилиши мулк дахлсизлигига жиддий таъсир қилмоқда. Шу сабабли, ЎзЛиДеП хусусий мулкни ҳимоя қилишни таъминлаш учун жазо чораларини кучайтиришни муҳим деб ҳисоблайди.
Айни пайтда Жиноят кодексининг 173-моддасига кўра, мулкка қасддан зарар етказганлик учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. ЎзЛиДеП вакиллари бу жазо чораларини кучайтириш ва мансабдор шахслар томонидан хусусий мулк ҳуқуқини бузишга оид жиноятлар учун жазони янада қаттиқлаштиришни таклиф этмоқда.
Ташаббусга кўра, хусусий мулк дахлсизлигига қарши жиноятлар учун жавобгарлик 10-15 йил озодликдан маҳрум қилишгача оширилиши мумкин.
ЎзЛиДеПнинг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги таклифлари яқин келажакда парламент муҳокамасига киритилиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
17:49 / 03.11.2024
ЎзЛиДеП фермерлар фаолиятига ноқонуний аралашувни қоралаб, баёнот берди
16:17 / 25.10.2024
Пойтахтда ЎзЛиДеПнинг оммавий тадбири бўлиб ўтди
12:00 / 25.10.2024
Сайлов яқин, партиялар нималарни ваъда қилади? – Кун дебати
11:30 / 19.10.2024