Қозоғистон 2022 йилдан бери 2,3 млрд долларлик активларни давлат ҳисобига қайтарди
Капиталлар Австрия, Франция, Лихтенштейн, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Россия ва бошқа давлатлардан қайтариб келинган.
2022 йилдан бери Қозоғистон ҳукумати мамлакатдан ноқонуний олиб чиқилган 1 триллион тенге (2,3 миллиард доллардан ортиқ) миқдоридаги активларни давлат мулкига қайтарди. Бу ҳақда республика коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Асхат Жумагали коррупцияга қарши курашиш бўйича давлатлараро кенгаш йиғилишида маълум қилди.
Жумагалининг сўзларига кўра, капиталлар Австрия, Франция, Лихтенштейн, БАА, Туркия, Россия ва бошқа давлатлардан қайтариб келинган. Гап пул кўринишидаги активлар, компаниялардаги улушлар, кўчадиган ва кўчмас мулклар ҳақида кетмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлатлараро кенгаш 2013 йилда тузилган. У МДҲнинг соҳавий ҳамкорлик органи ҳисобланади ва порахўрликка қарши кураш масалаларида давлатларни мувофиқлаштириш учун мўлжалланган.
2022 йил январь ойида мамлакатда оммавий норозилик намойишларидан сўнг Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев хорижга сармоя олиб чиқиш ҳолатларини текширишни буюрди. Феврал ойида Тўқаев ҳукумат олдига Қозоғистондан ноқонуний олиб чиқилган пулларни қайтариш режасини ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.
2022 йилнинг ёзида республикадан олиб чиқилган активларни қайтариш билан шуғулланувчи идоралараро комиссия ташкил этилди. Идорага мамлакат бош прокурори раҳбарлик қилади, шунингдек, Тўқаев комиссия фаолиятини шахсан назорат қилади.
2023 йилнинг декабр ойида Қозоғистонда қонунга зид равишда берилган ва фойдаланилмаётган 10 миллион гектар ер давлат мулкига қайтарилгани хабар берилганди.
Шунингдек, ўтган икки йил давомида биринчи президент Нурсулотн Назарбоевнинг жияни Қайрат Сотиболдиули давлатга 1,6 млрд доллардан ортиқ қийматли мулкларни қайтарган.
Маълумотларга кўра, қайтарилган активлар қаторига маъмурий бинолар, эксклюзив заргарлик буюмлари, ҳашаматли уйлар, квартиралар ва автомобиллар, компаниялардаги улушлар, Олмаотадаги бизнес маркази, тижорат кўчмас мулки, темирйўллар ва маблағлар, шу жумладан хориждан олинган маблағлар киради.
У Қозоғистон давлат идораларидан миллионлаб доллар маблағларини ўмаришда айбланиб, ҳибсга олинганди. Август ойида Сотиболдиули етказилган зарарни қоплагани боис озодликка чиқиши хабар қилинди.
Бундан ташқари, 2023 йилда Назарбоевнинг собиқ қудаси Қайрат Бўронбоев қарамоғидаги миллионлаб долларлик мулкларни давлатга топширганидан сўнг қамоқдан чиқарилди.
Мавзуга оид
17:27 / 26.11.2024
Қозоғистон паспорти Марказий Осиёда энг кучли деб топилди
12:25 / 26.11.2024
Ўзбекистон ва Қозоғистон мавсумий мева-сабзавотларни ўзаро етказиб беради
17:43 / 25.11.2024
Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида юзлаб юк машиналари тўпланиб қолди
12:47 / 22.11.2024