«Судя мустақиллигини таъминлаш учун ўз устида ишлаши керак» — Судялар олий кенгаши
Суд мустақиллиги ўз ичига жуда кўп компонентларни олади. Қачонки, суд профессионал, холис ва адолатли бўлса у мустақил бўла олади, дейди Судялар олий кенгаши шуъба раҳбари Нодира Бобохонова. Кенгаш аъзоси Ваҳобжон Файзуллаевга кўра, 2023 йилда судялар фаолиятига дахл қилиш ҳолатлари аниқланиб, бош прокурорга тақдимномалар киритилган.
19 сентябр куни АОКАда Судялар олий кенгаши мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Kun.uz мухбири ижтимоий тармоқларда судга доир хабар ва материаллар остида кўплаб фойдаланувчилар «судлар мустақил эмаслиги» ҳақида ёзаётган изоҳлари ҳақида сўради. Шунингдек, айрим ҳолларда фойдаланувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан судяларга босимлар бўлиши, уларнинг фаолиятига таъсир ўтказишга уриниш ҳолатлари ҳақида ҳам ёзади.
Судялар олий кенгаши шуъба раҳбари Нодира Бобохонованинг айтишича, суд мустақиллиги ўз ичига жуда кўп компонентларни олади. Қачонки, судлар профессионал ва холис бўлса мустақил бўла олади.
«Ўз фикримни айтадиган бўлсам, Конституцияда ҳам, қонунларда ҳам судларнинг мустақиллиги асосий конституциявий принцип сифатида таъминлаб келиняпти. Суд мустақиллиги шундай тушунчаки, у ўз ичига жуда кўп компонентларни олади.
Суд қачон мустақил бўла олади? Қачонки у профессионал бўлса, холис бўлса. Қачонки у адолатли ва беғараз бўлса. Буларнинг ҳаммаси суднинг мустақиллигига таъсир қиладиган ҳолатлар.
Сиз умумий қилиб айтяпсизда, «баъзи ҳолатларда»… Агар шундай ҳолатлар аниқланадиган бўлса, суднинг ишига кимдир аралашган бўлса, бу қонунга зид ва унга чора кўрилиши керак. Бу шубҳасиз.
Агар институционал жиҳатдан суд мустақил бўлмаса, судя шахсан мустақил бўлолмайди. Институционал дегани бу умуман суднинг мустақиллиги, бу қонунлар билан кафолатланган. Лекин судянинг мустақиллигини таъминлаш учун авваламбор судя ўз устида ишлаши керак. Боя айтиб ўтган сифатларим (профессионаллик, холислик, адолатли ва беғараз бўлиш) судянинг мустақиллигини таъминлайди.
Сиз айтаётган ҳолатлар бўлса, у билан келишиш мумкин эмас ва албатта, чора кўрилади. Бундай таъсир ва босим остида чиқарилган қарор, албатта, бекор бўлиши керак», — дейди Нодира Бобохонова.
Судялар олий кенгаши аъзоси Ваҳобжон Файзуллаевнинг айтишича, ўтган йилда судялар фаолиятига аралашиш ҳолатлари аниқланган.
«Давлат раҳбарининг 2020 йилдаги фармони билан Судялар олий кенгаши таркибида «Судялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси» ташкил қилинган. Инспекциянинг бевосита вазифаларидан бири судялар дахлсизлигини таъминлаш. Ҳар қандай судялар мустақиллигига таъсир қиладиган, фаолиятига дахл қиладиган ҳолатлар бўладиган бўлса, инспекцияга мурожаат қилиши мумкин. Шунингдек, мазкур фармон билан Судялар олий кенгаши раисига ваколат берилган, агар судя фаолиятига таъсир қиладиган ҳолатлар аниқланса, раис бевосита бош прокурорга тақдимнома киритади. Ўтган йили бўйича шундай ҳолатлар ҳам аниқланган ва бош прокурорга тақдимномалар киритилиб, тегишли чоралар кўрилган», — дейди у.
Нодира Бобохонова, шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун махсус қўлланма тайёрланиб, судяларга таъсир ўтказиш эҳтимоли бор давлат органларга тарқатилганини билдирди.
«Жамоатчиликда айнан шу масалада кўплаб эътирозлар бўлгани учун мансабдор шахсларнинг, ҳокимлар ва бошқа давлат органлари таъсири ва аралашувининг олдини олиш борасида Судялар олий кенгаши томонидан рисола тайёрланди. «Судялар мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш, унинг учун жавобгарлик асослари» номли тушунарли тилда ёзилган қўлланма тайёрладик. Бу қўлланмани судяларга эмас, балки судяларга таъсир ўтказиш эҳтимоли бор органларга тарқатганмиз», — дея Кенгаш аъзоларининг сўзини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024