Жаҳон | 23:17 / 19.09.2024
14604
2 дақиқада ўқилади

Таиландда питон чангалида қолиб кетган аёл икки соатдан кейин қутқариб олинди

Аром исмли 64 ёшли аёл уйида идиш-товоқларни юваётганида оёғидан нимадир чаққанини пайқаган. Шундан кейин питон аёлга ўралиб, уни бўға бошлаган.

Фото: Khaosod English

Таиланд полицияси икки соатдан ортиқ вақт давомида питон чангалида қолиб кетган аёлни қутқарди, деб хабар беради CNN.

Қайд этилишича, Аром исмли 64 ёшли аёл уйида идиш-товоқларни юваётганида оёғидан нимадир чаққанини пайқаган. «Илон олдинга ташланиб, мени чақиб олди», — дея эслайди аёл.

Шундан кейин питон аёлга ўралиб, уни бўға бошлаган. Полициячиларнинг сўзларига кўра, у икки соат давомида илон чангалидан қутулишга уринган. Аёл ёрдам сўраб бақирган, аммо аввалига ҳеч ким уни эшитмаган. Охир-оқибат қўшнилардан бири чинқириқларни эшитиб, полицияга мурожаат қилган.

«Аёл ерда, унинг устини эса питон ўраб олганини кўриб ҳайратга тушдик. Илон ҳақиқатда катта эди», — дейди полиция сержанти Анусорн Вонгмали. Қутқарувчилар аёлни илон чангалидан қутқаришга 30 дақиқа вақт сарфлаган ва уни шифохонага юборган.

Полициянинг маълум қилишича, мазкур воқеадан кейин илон қочиб кетган. «Уни тутиб қола олмадик», — дейилади хабарда.

Таиланд миллий боғларининг маълумотларига кўра, мамлакатда 250 турдаги илонлар учрайди, улар орасида уч турдаги питонлар ҳам бор. Питонлар заҳарли эмас, аммо улар ўз ўлжасига чирмашиб олиб, уни бўғиб ўлдиради. Таиланд Миллий соғлиқни сақлаш бошқармасининг қайд этишича, ўтган йили мамлакатда 12 мингга яқин одам заҳарли илонлар чақишидан даволанган, 26 киши ҳалок бўлган.

Мавзуга оид