Ўзбекистон | 18:30 / 20.09.2024
4276
2 дақиқада ўқилади

Ҳоким ва маҳаллий Кенгаш раиси лавозимлари бир-биридан ажратилди

Сенат маъқуллаган қонунда ҳоким маҳаллий Кенгаш раиси бўла олмаслиги белгиланди.

Сенатнинг навбатдаги мажлисида «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун маъқулланди.

Қонунга кўра, ҳоким ва маҳаллий Кенгаш раиси лавозимлари бир-биридан ажратилди. Энди ҳоким маҳаллий Кенгаш раиси бўла олмаслиги белгиланди.

Шунингдек, халқ депутатлари Кенгашларига депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши, у ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга ошириши белгиланди, у ваколат муддати тугагунига қадар лавозимида ишлайди.

Бундан ташқари, халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимлар томонидан қабул қилинадиган ҳужжатларни Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимида рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги талаб мустаҳкамланди. Бунда ушбу тизимда рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ҳамда ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.

Қонун билан вилоят, туман, шаҳар ҳокими ваколатлари ва вазифаларига айрим ўзгартиришлар киритилиб, уларга кўра ҳоким ўз номзодини кўриб чиқишда маҳаллий Кенгашга ҳудудни ривожлантириш дастурини тақдим этиши белгиланди.

Шу билан бирга, Қонунда маҳаллий Кенгаш раиси ваколатлари ҳам кенгайтирилиб, «Кенгаш сўрови» ва «Кенгаш текшируви» институтлари жорий этилиш назарда тутилмоқда.

Мавзуга оид