Жаҳон | 22:15 / 21.09.2024
1020
2 дақиқада ўқилади

Эрон олий раҳнамоси 40 нафар чет эл фуқаросини афв этди

Шунингдек, оятуллоҳ Али Хоминаий мамлакат суд тизими раҳбарининг таклифига биноан ўлим жазоси тайинланган 59 кишининг ҳукмини қамоқ жазосига ўзгартирди.

Фото: AP

Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий мамлакат суд тизими раҳбарининг таклифига биноан 2887 нафар маҳкумни афв этиш ва жазоларини енгиллаштиришга рози бўлди, деб хабар беради IRNA.

Суд тизими раҳбарининг ўринбосари Содиқ Раҳимийнинг маълум қилишича, афв этилган ва жазоси енгиллаштирилган маҳкумларнинг 2745 нафари давлат ва инқилобий судлар, 11 нафари — Қуролли кучлар суд тизими ва 131 нафари — Эрон дирекцион жазо ташкилоти томонидан озодликдан маҳрум этилган.

Шунингдек, ўлим жазоси тайинланган 59 кишининг ҳукми қамоқ жазосига ўзгартирилди.

Афв этилганлар орасида 140 нафар аёл, 40 нафар чет эл фуқароси, 39 нафар хавфсизлик билан боғлиқ жиноятда айбланган ва олти нафар 18 ёшдан кичик маҳкум бор.

Эрон конституциясига мувофиқ, мамлакат олий раҳнамоси суд ҳукумати раҳбарининг таклифига кўра маҳкумларни афв этиш ёки жазосини енгиллаштириш ваколатига эга.

Давлатга оид барча масалаларда сўнгсўзни айтиш ваколатига эга Хоминаий одатда маҳбусларга маълум бир байрам кунлари афв эълон қилади. Бу сафарги афв этиш қарори 21 сентябр — «Мавлидун-Набий» куни муносабати билан чиқарилган.

Мавзуга оид