Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳалок бўлган «Ҳизбуллоҳ» қўмондонлари, Telegram’ни чеклаётган Украина ва Россиядаги мигрантлар — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Исроилнинг Байрутга зарбаси
Исроил армияси 20 сентябр, жума куни Ливан пойтахти Байрут шаҳрига «юқори аниқликдаги» ракета зарбаларни берди. Зарбалар дронлар ёрдамида амалга оширилгани айтилмоқда.
Reuters хабарига кўра, ҳужум нишони «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали вакили бўлган.
Times of Israel гуруҳнинг сара бўлими катта қўмондони Иброҳим Оқил ўлдирилгани ҳақида хабар берди. Аввалроқ АҚШ расмийлари у ҳақидаги маълумот учун 7 млн доллар мукофот эълон қилган эди, чунки Вашингтонга кўра, у 1980-йилларда Ливандаги америкалик асирларни гаровга олиш ва Байрутдаги АҚШ элчихонасини портлатишда иштирок этган.
Исроил томонининг билдиришича, авиазарба натижасида «Радван» махсус бўлинмаси етакчиси Иброҳим Оқил билан бирга «Ҳизбуллоҳ»нинг 10 га яқин қўмондонлари ўлдирилган.
«Ал-Жазийра» телеканалининг Ливан соғлиқни сақлаш вазирлигига асосланиб хабар қилишича, ҳужум натижасида 12 киши ҳалок бўлган. Улар орасида ёш болалар ҳам бор. Ярадорлар сони 66 кишига етган. Уларнинг 9 нафарининг аҳволи жуда оғир.
Ливан шикоят қилади
Ливаннинг турли ҳудудларида пейжерлар ва рациялар портлаши оқибатида қурбонлар сони 37 кишига етган. Ливан соғлиқни сақлаш вазири Фирас ал-Эбяднинг маълум қилишича, ярадорлар сони 600 дан зиёд ва уларнинг 61 нафари қритик аҳволда.
Ливан Ташқи ишлар вазирлиги Исроил устидан пейжер ва рацияларнинг портлатилиши юзасидан БМТ Хавфсизлик кенгашига шикоят қилади.
«Вазир Абдуллоҳ Буҳабиб кибертеррорчилик ҳужуми юзасидан БМТ хавфсизлик кенгаши ва Ливаннинг БМТдаги доимий вакиллигига шикоят йўллаш топшириғини берди», — дейилади вазирлик баёнотида.
Ташқи ишлар идораси бўлган воқеани «Исроил томонидан бегуноҳ ливанликларга қарши содир этилган ҳарбий жиноят», деб атаган.
Фаластиндаги вазият
Дунё афкор оммасининг эътибори Ливандаги воқеаларга қаратилгани билан, Исроил Ғазо секторида ва оккупация остидаги Ғарбий соҳилда зулмни бас қилгани йўқ.
Исроил самолётлари Ғазодаги турар жойларга зарба бериши оқибатида 6 киши ҳалок бўлди ва кўплаб фаластинликлар яраланди.
Фаластиннинг WAFA агентлиги хабарига кўра, зарба Ғазо муниципал истироҳат боғи ёнида жойлашган Эбулҳатал ва Зиярат оилалари уйларига мақсадли берилган.
Шунингдек, Исроил кучлари Ғазонинг жанубий-шарқий қисмидаги бир неча бино, «Нусайрат» қочқинлар лагерига ҳам ҳужум қилгани айтилмоқда. Бироқ эҳтимолли қурбонлар ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.
Ғарбий соҳилда эса Женин шаҳрига Исроил армиясининг рейдлари натижасида 2 фаластинлик ҳалок бўлди.
Воқеа гувоҳларининг айтишича, Исроил ҳарбийлари Қабатия шаҳарчасида рейд ўтказиб, фаластин оиласи истиқомат қиладиган уйни қамал қилишган.
Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги 7 октябрдан буён оккупация остидаги Ғарбий соҳилдан 716 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Уларнинг 10 нафари аёллар ва 160 нафари вояга етмаган болалардир. Кўрсатиб ўтилган муддатда 5750 киши яраланган.
Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ғазодаги бўлинмаси эса Ғазода ҳалок бўлган инсонларнинг тўлиқ рўйхатини ясади.
649 саҳифалик ҳисоботда 2023 йилнинг 7 октябридан 2024 йилнинг 31 августигача 34 мингдан ортиқ ўлим ҳолатлари, жумладан ҳалок бўлганларнинг исми, насаби, ёши ва паспорт маълумотлари батафсил келтириб ўтилган.
Украинага ёрдам
АҚШ келгуси ҳафтада Украина учун йирик ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилади, деб хабар бермоқда CNN.
Нашр маълумотларига кўра, ушбу пакет сўнгги етказиб берилган ёрдамларга нисбатан анча салмоқли бўлади. Унга артиллерия ўқ-дорилари, зенит ракеталари ва жанг олиб бориш учун зарур бошқа қурол-яроғлар киритилади.
Бироқ таҳлилчилар Пентагон омборларида қурол-яроғ етишмовчилиги туфайли чўзилиб кетиши мумкинлигини айтишмоқда.
Давлат бюджети билан боғлиқ оғир вазиятга қарамай, Германия йил охиригача Украина учун яна 400 млн евро ажратади.
Германия молия вазирлиги Бундестагдан Киевга зудлик билан кўрсатилиши керак бўлган қўшимча ҳарбий ёрдамни маъқуллашни сўради, деб ёзади AFP.
Ҳужжатда Мудофаа вазирлиги Киевга қўшимча ёрдам зарурлиги, шунингдек, Украинадаги мураккаб вазиятни қайд этган. Маблағлар махсус «мудофаа саноатидан ҳарбий техника сотиб олиш» учун ишлатилиши керак, деган Германия молия вазирлигидаги парламент давлат котиби Флориан Тонкар.
Украинада Telegram’га тақиқ
Украинада ҳарбийлар, махсус хизматдагилар ва давлат хизматчиларига Telegram мессенжеридан фойдаланиш чекланди.
Киберхавфсизлик бўйича миллий координацион марказ давлат ҳокимияти органлари, ҳарбийлар, хавфсизлик ва мудофаа сектори ходимлари, шунингдек, критик инфратузилма оператори бўлган корхоналарда Telegram мессенжеридан фойдаланишни чеклаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Бу Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг Facebookʼдаги саҳифасида эълон қилинган.
Ўтказилган йиғилишда кенгаш котиби Олександр Литвиненко миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва кибермуҳитда таҳдидларга самарали қарши кураш учун кучларни бирлаштириш муҳимлигини айтган.
Йиғилишнинг асосий мавзуси Telegram мессенжеридан фойдаланиш миллий хавфсизликка таҳдид уйғотаётгани муҳокамаси бўлган.
Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Будановнинг қайд этишича, Россия махсус хизматлари Telegram фойдаланувчиларининг шахсий ёзишмаларини, жумладан, ўчириб юборилган ёзишмаларини ҳам ўқий олади, шахсий маълумотларига улана олади.
«Мен доим сўз эркинлигини ёқлаб келганман, бироқ Telegram масаласи фақат сўз эркинлиги масаласи эмас, бу миллий хавфсизлик масаласи ҳамдир», — деган Буданов.
Будановнинг қайд этишича, гап Telegram’да маълумот алмашинувни чеклаши ҳақида бормоқда, давлат идораларининг расмий ахборот каналлари қолаверади.
Украина Қрим ҳақида
Қрим статуси муҳокама қилинмайди ёки муроса предмети сифатида ишлатилмайди, дея баёнот берган Украина ташқи ишлар вазирлиги.
Вазирлик мамлакат ҳудудий яхлитлиги «ҳеч қачон мунозара ва муроса предмети бўлмагани ва бўлмаслиги»ни таъкидлаган.
«Украина томонда бизнинг мудофаа кучларимиз, ҳамкорларимиз, БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ турибди. Қрим — бу Европа хавфсизлик архитектурасининг оғирлик марказидир. Унинг тўлақонли тикланиши Украинанинг бутун ҳудуди, жумладан Украина яримороли тўлиқ деоккупация қилинганидан сўнггина имконли бўлади», — дейилади вазирлик баёнотида.
Украина ТИВдагиларнинг қайд этишича, «Россияни халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомини ҳурмат қилишга мажбурлаш, Украинанинг суверен ҳудудидан ўз қўшинлари ва қурол-яроғларини олиб чиқиб кетиши, ҳудудий яхлитлик тикланиши ҳамда Россияни Украинага қарши агрессияси ва бошқа барча жиноятлари учун жазога тортиш» учун Киев ҳамкорларининг келгусида ҳам қатъий қўллаб-қувватлашини кутаётгани қайд этилган.
Россиядаги мигрантлар
Россиядаги энг кўп меҳнат муҳожирлари Ўзбекистон фуқаролари экани маълум қилинди.
РФ ички ишлар вазирлигига кўра, айни вақтда мамлакатда 1,8 млн нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бор. Тожикистоннинг эса 1,2 млн фуқароси Россияда ишламоқда. Икки мамлакатдан келган ишчилар Россиядаги жами мигрантларнинг қарийб ярмини ташкил қилмоқда.
Россия федерацияси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-полковник Александр Горовой Коммерсант нашрига берган интервьюсида мамлакатдаги мигрантлар сонига тўхталиб ўтди.
Вазирликка кўра, Россияда 6,1 млндан ортиқ чет элликлар бўлиб, уларнинг асосий қисми Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларидан келган. Статистиканинг барча устунлари энг кўп Ўзбекистон фуқаролари эканини кўрсатмоқда.
2024 йилнинг 8 ойида Россияга 1 млн 880 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси борган. Мамлакатдан чиқиб кетганлар сони эса 1,5 млн кишидан ошади. Шу билан бирга 1 млн 792 минг нафардан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари айни вақтда Россияда ишламоқда.
Кейинги ўринда 1,2 млндан ортиқ тожикистонлик меҳнат муҳожирлари Россияда бўлиб турганини кўриш мумкин.
Қозоғистон ва Россия ўртасидаги борди-келди муносабатлари млндан ошган бўлса-да, айни вақтда Россия бўлиб турган қозоғистонликлар сони нисбатан камроқ – 609 минг киши. Марказий Осиёнинг яна бир давлати — Қирғизистоннинг 262 мингдан ортиқ фуқароси Россияда бўлиб турибди.
Россияда бўлиб турган қарийб ярим миллион хитойликлар рўйхатда тўртинчи ўринда.
Россияда 739 мингга яқин ноқонуний мигрантлар ҳам бор. Уларнинг асосий қисми ҳам Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон ва Озарбойжон фуқаролари.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025