Ўзбекистон | 14:49 / 21.09.2024
14506
6 дақиқада ўқилади

“Супер контракт” тартиби барча ОТМларни чалкаштиряпти. Нега комиссия қарори эълон қилинмайди?

Ўқишга қабул қилинганлар биринчи йўналишда фақат катта миқдордаги “супер контракт” билан ўқиши мумкин. Бунда уларнинг қабул чизиғига неча балл етмай қолганининг аҳамияти йўқ. Тартиб қабул комиссияси томонидан тасдиқланган. Бундан олийгоҳларнинг ҳам, талабаларнинг ҳам хабари бўлмаган.

Қўшимча контракт ва супер контракт фарқи борми?

Тушунарли бўлиши учун мақолада шартли равишда қабул чизиғига 4,05 балл етмай қолганлар тўлайдигани қўшимча контракт дейилади. Тўплаган балли 56,7дан юқориларни эса супер ёки табақалаштирилган контракт деймиз. Хўш, буларнинг фарқи қандай?

Қўшимча контрактчилар тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига:

  • 1,05 баллгача етмаса — 1,5 баробар;
  • 1,06 баллдан 2,05 баллгача етмаса — 2,0 баробар;
  • 2,06 баллдан 3,05 баллгача етмаса — 2,5 баробар;
  • 3,06 баллдан 4,05 баллгача етмаса — 3,0 баробар базавий контрактга қўшимча пул тўлаб ўқийди.

Балли 56,7 дан юқори бўлган супер контрактчилар эса базавий тўлов контракт миқдоридан 6-19 баробаригача кўп контракт тўлаб ўқиши мумкин. Буни таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси янги ўқув йили учун тасдиқлади.

Қўшимча контрактда кимлар ўқиши мумкин?

Ўқишга топшириб, киролмаганлар. Яъни балли қабул чизиғига 4,05 баллгача етмаган абитуриент ўзи танлаган 5 йўналишнинг бирида қўшимча контракт тўлаб ўқиши мумкин. Бу имконият ўқишга кирганларга берилмайди. Шуни эслатиш керак, ўтган йили ўқишга кирган талаба ҳам биринчи йўналишида қўшимча контрактда ўқиши мумкин эди. Нега тартиб 1 йил ичида ўзгарди деган саволни вазирлик матбуот хизмати қуйидаги изоҳлади:

Кирган университетида ўқишни истамаса, талаба супер контракт тўлайди, сабаби бир нечта университетларга талаб катта, уларнинг моддий-техник базаси барча талабаларни қабул қилишга кучи етмайди”, – деди Назокат Абдуқундузова.

Супер контрактда ким ўқийди?

56,7 дан юқори бўлиб ўқишга киролмаган ёки бошқа йўналишда ўқишга кирган, лекин биринчи йўналишида ўқимоқчи бўлган абитуриент ўқийди. Фарқи ўқишга киролмаган талаба ўзи белгилаган 5 йўналишдан исталган бирида супер контракт тўлаб ўқиши мумкин. Ўқишга кирган талаба эса фақат биринчи йўналишида супер контрактда ўқий олади. Бунда шарт – абитуриент тўплаган балли биринчи таълим йўналишида тўлов-контракт асосидаги ўтиш баллидан паст бўлиши керак.

Нима муаммо бўляпти?

Ўқишга киролмаганлар учун муаммо йўқ. Муаммо ўқишга кирганларда.

Kun.uz’да “Юридик университетга 4 балл етмади, шунда ҳам 317 млн сўм тўлашим керак экан” — Супер контрактда нима ўзгарди?” сарлавҳали мақола чиққанидан сўнг бошқа давлат ОТМга талабаликка тавсия этилганларнинг бир гуруҳи Kun.uz’га мурожаат йўллади. Уларнинг барчасида бир хил муаммо: биринчи йўналишга қўшимча контрактда ўқий олмасликларини кеч билиб қолишгани, энди улардан кутилганидан анча кўп контракт тўлаш сўралаётгани айтилади. Чунки ўтган йилги қабулда бундай тартиб бўлмаган.

Талаба:

– Мен Миллий университетга қабул қилинганман. Биринчи йўналиш сифатида Дипломатия университетига ўқишга қўшимча контракт қилдирмоқчи бўлдим. 157,4 балл олганман, яъни биринчи йўналишим ўтиш баллига 0,9 балл етмаганди. Дастлаб менга базавий контрактнинг 1,5 бараварини тўлаш бўйича шартнома берилган. Маълум вақтдан кейин контракт 213 миллион сўм бўлиб ўзгариб қолди.

Талабанинг акаси:

– Синглим 3-йўналиш Тошкент Тиббиёт академияси Термиз филиали фармацевтика йўналишига тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилди. Биринчи йўналиш Тошкент Фармацевтика институти фармация йўналишига 0,3 балл етмаган. Ўтган йилги тартиб бўйича биз қўшимча контракт, яъни 18 миллион тўлаймиз деб ўйлагандик. Лекин 135 миллион сўм тўлаш керак дейишяпти. Ҳеч қанақа қонуний ҳужжат тақдим этилмаяпти. Биз сарсонмиз.

Талабанинг онаси:

– Фарзандим 167,8 балл йиғиб, танланган ОТМларидан 4-йўналишга контракт асосида ўқишга кирди. 1-йўналишига 0,9 балл етмади. Биз қўшимча контрактда ўқитмоқчи бўлиб, 1-йўналишига ариза ёздик. Бизга 4 сентябр куни контрактнинг 1,5 баробарини тўлаш кўрсатилган – 44 миллион сўмлик шартнома беришди. Унинг ярмини тўладик. Яқинда бу шартнома яроқли эмаслиги айтилиб, контрактнинг 9 баробар миқдори – 260 миллион сўм тўлашимиз сўраляпти.

Махсус комиссиянинг ёпиқ қарори

Талабаларнинг эътирозига сабаб бўлаётган тартиб 5 сентябр куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Telegram-каналида эълон қилинган. Лекин унда ўқишга кирган талабага қўшимча контрактда ўқиш имконияти олиб ташлангани ҳақида батафсил тушунтириш берилмаган. Мурожаатлардан кўриниб турибдики, бундан талабалар ҳам, ОТМ ҳам бехабар бўлган.

Kun.uz махсус комиссия қарори матнини сўради, бироқ вазирлик бу очиқ эълон қилинмайдиган ҳужжат эканини айтиб, хизмат доирасида фойдаланиш учунгина вазирлик ходимларига берилишини маълум қилди.

Бунда ҳақли эътироз пайдо бўлади, махсус комиссия қайси асосга кўра, ўқишга кирганларнинг қўшимча контрактда ўқишини чеклаган? Нега махсус комиссия талабалар тақдирини ҳал қиладиган қарорини жамоатчиликка эълон қилмайди?

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2024 йилнинг май ойида Олий таълим масъуллари, жумладан вазир Қўнғиротбой Шарипов ҳам қабулдаги янги тартиб бўйича президентга тақдимот қилган эди. Бироқ унда супер контрактга қабул қилишнинг тартибида янгилик бўлиши айтилмаган.

Зеро Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонунининг 10-моддасига кўра маъмурий тартиб-таомиллар очиқ, шаффоф ва манфаатдор шахслар учун тушунарли бўлиши лозим.

Янгиланган Конституция талабига кўра, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.

Зуҳра Абдуҳалимова,
журналист

Мавзуга оид