Жаҳон | 14:30 / 21.09.2024
10264
3 дақиқада ўқилади

The Guardian: Россия армияси Украинанинг Курск областидаги режалари ҳақида олдиндан билган

Курск областидаги бўлинмалар қўмондонлари 2024 йил январ ойи бошидан бери Украина қуролли кучларининг бўлажак ҳужуми ҳақида огоҳлантирилган. Россия разведкаси Суджанинг қўлга олиниши ва Сейм дарёси устидаги кўприк портлашини тахмин қилган, бу ҳақда Украина қуролли кучлари томонидан қўлга киритилган ҳужжатларда айтилган.

Фото: Evgeniy Maloletka/AP Photo/picture alliance

Британиянинг The Guardian газетаси 20 сентябр, жума куни украиналик ҳарбий қўлга киритган Россия ички ишлар вазирлиги, ФСБ ва армия ҳужжатларига таяниб, Россия ҳарбий раҳбарияти Украина қуролли кучлари томонидан Курск областига ҳужум уюштириш эҳтимоли юқори эканлигини олдиндан билгани тўғрисида хабар берди.

Ушбу ҳужжатларга кўра, Курск областидаги бўлинмалар қўмондонлиги 2024 йил январ ойининг бошидан бошлаб яқинлашиб келаётган ҳужум ҳақида огоҳлантирилган. Феврал ойи ўрталарида Россия разведкаси Украина қуролли кучлари Украинанинг асосий бўлинмалари келишидан олдин тўрт кунлик «йўлак» яратиш учун Суми вилояти ҳудудидан 80 километр чуқурликка кириб боришга ҳаракат қилади, деб тахмин этган. Март ойида маҳаллий ҳарбий хизматчиларга мудофаа чизиғини мустаҳкамлаш ва қўшимча мудофаа машғулотларини ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилди. Июн ойининг ўрталарида Украинанинг август ойида содир бўлган Суджа шаҳрини назорат қилиш режалари ҳақида аниқроқ огоҳлантириш пайдо бўлди. Ҳужжатларда, шунингдек, Россиянинг минтақадаги таъминот линияларини бузиш учун Сейм дарёси устидаги кўприк портлатилиши эҳтимоли ҳақида сўз боради.

Россия армияси сафида руҳий ҳолат ва ўз жонига қасд қилишлар

Бундан ташқари, Украина ҳарбийлари томонидан қўлга киритилган қўлда ёзилган журналларда Курск областидаги бўлинмаларнинг руҳий ҳолати пастлиги ва шахсий таркиб етишмаслиги ҳақида гапирилади. Россия армиясининг фронт чизиғи яқинида жойлашган бўлинмаларининг 60-70 фоизи заиф тайёргарликка эга бўлган захирадаги аскарлардан иборат бўлиб, Россия қуролли кучлари сафларида руҳий тушкунлик туфайли ҳарбийлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қайд этилган, деб ёзади The Guardian.

Командирларнинг қўл остидаги бўлинмаларда маънавий-руҳий ҳолатни сақлаш учун шахсий таркибни ҳар куни сиёсий тайёргарликдан ўтказиш, шунингдек, аскарлар орасидан «девиант хулқ-атворга мойил» шахсларни аниқлаш, кейинчалик уларни ҳарбий тиббиёт муассасаларига юбориш бўйича кўрсатмалари берилган.

The Guardian таъкидлашича, у барча бу ҳужжатларни украиналик ҳарбийлардан олган ва уларнинг ҳақиқийлигини мустақил тасдиқлай олмайди. Унинг ихтиёридаги қоғозларнинг аксарияти 488-мотоўқчилар полкининг бўлинмаларига тегишли.

Украинанинг Курск областидаги ҳужуми

Украина қуролли кучлари 6 август куни Россия Федерациясининг Курск области ҳудудига ҳужум бошлади. Президент Зеленский операцияни Россия ҳудудида «буфер зона» яратиш зарурати билан изоҳлади. Унинг фикрича, Украина қуролли кучларининг Курск областидаги ҳужуми Украина шимоли-шарқида фаол ҳарбий ҳаракатлар зонасини кенгайтириш мақсадига эга бўлган рус қўшинларининг режалаштирилган ҳужум операцияларини тўхтатди.

Шу билан бирга, Киев Курск области аҳолисига гуманитар ёрдам етказилиши, Украина ва Россия Федерациясига эвакуация қилиниши ҳақида бир неча бор маълумот берган. Сентябр ойида Россия қуролли кучлари минтақада қарши ҳужум бошлади.

Мавзуга оид