Жамият | 10:00 / 22.09.2024
3362
2 дақиқада ўқилади

Андижон ва Хоразм вилоятларида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланган корхоналар аниқланди

Учта ҳолатда қарийб 600 млн сўмлик электр энергияси ноқонуний ишлатилган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Андижон вилоятида иккита, Хоразм вилоятида битта корхона энергия ресурсларидан ноқонуний фойдалангани аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, департаментнинг Балиқчи тумани бўлими, ЭТК ва бошқа масъул идоралар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда тумандаги “I.S.” МЧЖ масъул шахслари ва бошқалар МЧЖ қарашли ёғни қайта ишлаш заводида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида уланиб, 250 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Департаментнинг Избоскан тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда ЯТТ Б.Н. ва бошқалар "Овулмат" МФЙда жойлашган новвойхонада умумий фойдаланишдаги газ тармоғига тижорат мақсадида тўғридан тўғри уланиб, 149,3 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Шу каби, департаментнинг Хонқа тумани бўлими томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “G.” МЧЖга қарашли Урганч тумани, Киллавут маҳалласида жойлашган дам олиш масканида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида электр ҳисоблагичдан ташқари уланиб, 160,7 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид