Жаҳон | 15:24 / 22.09.2024
16481
4 дақиқада ўқилади

Украин дронлари Россиянинг яна иккита қурол арсеналига зарба берди

Кубаннинг Тихорецк районида фавқулодда ҳолат режими жорий этилди. Украина қуролли кучлари бу ерда ўқ-дорилар ортилган эшелонга зарба берилганини маълум қилган. 

Краснодар ўлкаси Тихорецк районида маҳаллий даражада фавқулодда ҳолат режими жорий этилди, деб хабар берган регион губернатори Вениамин Кондратев.

Унинг сўзларига кўра, одамларга ҳеч нарса хавф солмаяпти, аммо ФВ ёрдам ташкиллаштириш ва «рўй берган ҳодиса билан боғлиқ барча масалалар»ни оператив ҳал қилиш учун киритилган.

Украин дронлари ҳужумидан кейинги тонгда, Кондратевнинг сўзларига кўра, Тихорецк районидан 1200 киши эвакуация қилинган. Улар аввалига вақтинча жойлаштириш пунктларига олиб борилган, кейин эса одамларнинг бир қисми меҳмонхоналарга кўчирилган. Эвакуация қилинган аҳоли икки кундан кейин уйига қайтиши мумкин — миналардан тозалаш бўйича ишлар тугалланганидан кейин, деб хабар қилган Краснодар ўлкаси фуқаролик мудофааси ва фавқулодда вазиятлар вазири Сергей Штриков.

Украина қуролли кучлари бош штаби ўтган тун якунларига кўра Россиянинг яна иккита ўқ-дори омбори нишонга олингани ҳақида хабар қилган — Тихорецк райони ва Твер областида.

Краснодардан тахминан 150 километр шимоли-шарқда жойлашган Тихорецкда украин кучлари Россиянинг ўқ-дори сақланадиган учта энг йирик омборидан биттасига зарба берди, дейилади бош штаб маълумотида. Украин ҳарбийларига кўра, зарба вақтида бу ерда камида икки минг тонна ўқ-дори, жумладан Шимолий Кореядан олинган снарядларни олиб келган эшелон турганди. Зарбадан кейин ёнғин бошланган, унинг ортидан ўқ-дорилар детонацияга учраган.

Шунингдек, Тихорецк районида «Подлет» радиолокация станциясига ҳужум қилинган, ундан омборхонага қараб келувчи ҳаво нишонларини аниқлаш учун фойдаланиб келинарди, дея таъкидлайди Украина қуролли кучлари бош штаби. Ҳужум оқибатлари тўғрисида маълумот берилмаган.

Тихорецк райони маъмурияти раҳбари Анатолий Перепелин ҳарбий омбордаги ёнғин ва портлаш ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган ҳамда ҳудуддаги дала ишлари тўхтатилганини маълум қилган.

Унинг аниқлик киритишича, даладаги ишлар воқеа жойидан 10 километр радиусдаги ҳудудларда «портловчи моддалар бор-йўқлигини текшириб чиқиш» мақсадида тўхтатилган. «Бу чеклов бекор қилиниши ҳақида қўшимча хабар берилади», — дея қўшимча қилган Перепелин.

«Схема» телеграм-канали зарба оқибатлари акс этган сунъий йўлдош фотосини эълон қилган, унда ҳудудда тутун устунлари пайдо бўлганини кўриш мумкин. Тасвирда шунингдек Тихорецк ҳарбий аэродроми атрофида ҳам ёнғин давом этаётгани кўринган.

Твер областида Россия мудофаа вазирлиги бош артиллерия бошқармасининг Октябрский посёлкаси яқинида жойлашган 23-арсенали ҳам зарба остида қолган. Украина қуролли кучлари бош штабига кўра, ҳужумдан кейин Старая Торопа станциясидаги йўловчилар ва ходимлар эвакуация қилинган; шунингдек, «Балтия» М-9 федерал автойўли маълум муддатга ёпиб қўйилган.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳам кечки видеомурожаатида Россиянинг икки арсеналига зарба берилгани ҳақида тўхталиб, украин ҳарбийларига «мерганлик ва аниқлик» учун миннатдорчилик билдирган. «Бу вазиятни тубдан ўзгартирадиган нарса — бизнинг урушни уйига, Россияга кўчириш қобилиятимиз», — дея ёзган у.

Мавзуга оид