Ўзбекистон | 21:16 / 23.09.2024
6582
6 дақиқада ўқилади

23 сентябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг янги раҳбари, камбағал оилаларга боғ учун ерлар, собиқ қишлоқ хўжалиги вазирига нисбатан айбловлар ва қайта тикланган олтин экспорти — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўзгарди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида йиғилишда давлат раҳбари камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш масалаларига тўхталди.

Куни кеча имзолаган 2 та муҳим ҳужжатга мувофиқ, шу йилнинг ўзида 500 минг, келгуси йилда яна 1 миллион одамни камбағалликдан чиқаришга қаратилган «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури бошланмоқда.

Бу дастурни амалга ошириш учун Бандлик вазирлиги фаолиятида кескин ўзгариш қилиб, янги босқичга кўтариш зарурлиги таъкидланди.

Шу муносабат билан Шайхонтоҳур тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Ботир Зоҳидов камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири лавозимига тасдиқлангани маълум қилинди.

Бу вазирлик фаолияти ҳам мутлақо бошқача бўлиши кўрсатиб ўтилди. Маҳаллабай агентлиги тугатилиб, унинг барча вазифалари ҳамда ҳоким ёрдамчилари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ўтади.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз олдида ташқи меҳнат миграцияси соҳасида очилаётган улкан имкониятларни тўлиқ ишга солиш зарурлигини таъкидлади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ҳукумат бўйсунувига ўтказилади ва Беҳзод Мусаев унга раҳбар этиб тайинланади.

Камбағал оилаларга боғ учун ерлар

Президент раислигидаги йиғилишда камбағал оилаларга деҳқончилик ва боғдорчилик учун 50 минг гектар ер ажратиш чора-тадбирлари кўриб чиқилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ҳокимликларга яна қўшимча 50 минг гектар ер топиш, улар негизида 200 минг оилани даромадли қилиб, камбағалликдан чиқариш бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш топширилди.

Сўх, Бахмал, Поп, Оҳангарон туманларида саноатлашган «ин-витро» боғлар яратиш тажрибасини бутун республикага ёйиш зарурлиги қайд этилди.

Бунда, «ипотека боғлари» яратилиб, ҳосилга кирганидан кейин одамларга 5 йилда бўлиб тўлаш шарти билан лизингга берилади. Боғ яратаман, деган тадбиркорга ерни арзон кредити ва тайёр лойиҳаси билан бирга берадиган тизим бўлади.

Ушбу тизимни йўлга қўйиб, шу йилнинг ўзида 14 минг, келгуси йил 29 минг гектарда мана шундай боғ ва токзорлар ташкил қилиш вазифаси қўйилди.

Собиқ вазирга қўйилган айбловлар

Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовга нисбатан қўйилаётган айбловларнинг бир қисми унинг “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ бошқаруви раиси сифатида ишлаган даврига ҳам боғлиқлиги маълум бўлди.

Талон-торож қилинган кредит маблағлари, бюджет пуллари ҳамда давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 200 млрд сўмдан ошиқ. Айблов хулосасида Воитов бу ишларни асосан курсдоши, қайнотаси ва бошқа яқинлари орқали қилгани келтирилган. 

Азиз Воитов 2017 йил 13 декабрдан 2020 йил 11 мартга қадар “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ бошқаруви раиси, 2020 йил 8 июлдан “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Кузатув кенгаши раиси, 2022 йил 29 августдан 2023 йил 25 сентябрга қадар қишлоқ хўжалиги вазири сифатида фаолият юритган.

Айблов хулосасига кўра, у ушбу лавозимларда ишлаб келиб, ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва мансаб сохтакорлигида ифодаланган жиноятларга қўл урган.

Ўзбекистон ташқи савдосида ўсиш

Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг 2024 йил январ-август ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир маълумотни тақдим этди.

2024 йилнинг 8 ойида Ўзбекистон 1,15 млрд долларлик газ сотиб олди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 5,7 баробарга кўп. Газ импортининг ошиб бораётгани фонида ташқи савдода Россияга боғлиқлик кучайиб боряпти.

Хусусан, ҳисобот давридаги умумий ташқи савдо айланмасининг 18,6 фоизи Хитой, 18,2 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган.

Бир неча ойлик танаффусдан кейин, август ойида олтин сотиш қайта тикланди. Ўтган ойда қарийб 800 млн долларлик олтин экспорт қилинган.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида республика ташқи савдо айланмаси 42,7 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 17,34 млрд доллар, импорт ҳажми эса 25,36 млрд доллар. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда экспорт 5,5 фоизга, импорт 7,4 фоизга ошган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 8 млрд долларга етган.

8 ойда 260 мингта енгил автомобил

Ўзбекистонда 2024 йилнинг ўтган 8 ойида 260 минг 191 та енгил автомобиллар ишлаб чиқарилган. Шундан энг кўп ишлаб чиқарилган авто Cobalt бўлиб, 102 минг 52 донани ташкил этган. Энг кам Haval автоси ишлаб чиқарилган — 1390 дона.

2024 йилнинг январ-август ойларида ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар сони қуйидагича бўлган:

- Cobalt — 102 минг 52 дона;

- Damas — 59 минг 545 дона;

- Tracker — 27 минг 454 дона

- Onix — 21 минг 607 дона

- Lacetti/Gentra — 12 минг 837 дона

- KIA — 12 минг 795 дона

- Cherry — 5 минг 190 дона

- Haval — 1390 дона

- Махсус енгил автомобиллар — 17 минг 321 дона.

Мавзуга оид