Фан-техника | 22:20 / 23.09.2024
3940
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Хитой ва Россия технологияси мавжуд «ақлли» автомобилларни тақиқлашни таклиф қилмоқда

Янги тартиб-қоидалар ҳозирда АҚШ йўлларида ҳаракатланаётган ва Хитой дастурий таъминоти ўрнатилган транспорт воситаларига тааллуқли эмас.

Фото: Getty Images

АҚШ Савдо вазирлиги миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб Хитой ва Россия технологиялари фойдаланилган «ақлли» транспорт воситалари импорти ҳамда уларнинг савдосини тақиқлашни таклиф қилди, деб хабар беради CNN.

АҚШ ҳукумати томонидан феврал ойида бошланган терговда Америка транспорт воситаларига ўрнатилган Хитой ва Россияга тегишли ускуналардаги дастурий таъминотларда миллий хавфсизликка таҳдид мавжудлиги аниқланган.

«Экстремал вазиятда чет эллик душман Қўшма Штатлардаги барча транспорт воситаларини бир вақтнинг ўзида тўхтатиб қўйиши ёки назоратга олиши мумкин — бу эса йўлларнинг тўсилишига ёки аварияларга олиб келади», — дейди савдо вазири Жина Раймондо.

Янги тартиб-қоидалар ҳозирда АҚШ йўлларида ҳаракатланаётган ва Хитой дастурий таъминоти ўрнатилган транспорт воситаларига тааллуқли эмас. Автомобиллар учун мўлжалланган дастурий таъминот учун тақиқ 2027 йилги моделлардан, эҳтиёт қисмлар тақиқи эса 2030 йилдан кучга киради.

«Агарда Хитой ёки Россия, масалан, ҳайдовчи қаерда яшаши, фарзандлари қайси мактабга бориши, у қайси шифокорга қатнаши ҳақидаги маълумотларни қўлга киритса, бу америкаликларни заиф қилиб қўяди», — дейди вазир.

АҚШ амалдорлари маълум эҳтиёт қисмлар ёки дастурий таъминот билан жиҳозланган электр заряд станциялари ва бошқа инфратузилмалар Хитой, Россия ёки бошқа хориж давлатлари ҳакерлари томонидан бузиб кирилишидан хавотирда.

Мавзуга оид