Исроил авиацияси Ливандаги юзлаб нишонлар бўйлаб зарбалар берди. 300 га яқин киши ҳалок бўлган
Ливан расмийлари қарийб 300 киши ўлдирилгани, мингдан ортиқ киши яраланганини маълум қилмоқда.
Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ливанда 300 дан ортиқ нишонга зарбалар йўллаган, Исроил расмийларига кўра, бу объектлар «Ҳизбуллоҳ»га алоқадор деб ҳисобланган. Ливан соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳужумлар оқибатида камида 274 киши ҳалок бўлган, мингдан ортиқ киши яраланган.
Ёпирилма зарбалар берилиши 23 сентябр куни тонгида бошланди. «Ал-Жазира» телеканали хабар беришича, ҳужум Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» нисбатан устун мавқега эга бўлган жанубий қисмидаги ўнлаб шаҳарлар бўйлаб берилган. Гуруҳ айнан шу ҳудудлардан Исроил бўйлаб ракеталар учириб келади.
Ҳужум олдидан Ливан аҳолиси телефонларига қўнғироқ бўлиб, «Ҳизбуллоҳ» фойдаланадиган ҳар қандай объектдан камида бир километр масофага узоқлашиш талаб қилинган, дея ёзади Reuters. Ливан ахборот вазири Зиёд Макарий агентлик билан суҳбатда бундай қўнғироқ ўз раҳбарлигидаги идоранинг Байрутдаги штаб-квартирасига ҳам қилинганини тасдиқлаган. Макарий бу қўнғироқни «психологик уруш» элементи деб атаган. Исроил армиясидагилар «Ливандаги барча тармоқ ва платформалар» бўйлаб эвакуация зарурати ҳақида огоҳлантириш тарқатилганини билдирган.
ЦАҲАЛнинг ҳаракатларига жавобан «Ҳизбуллоҳ» Исроилнинг шимолий қисмидаги ҳарбий базалар бўйлаб 35 та ракета учирган, бу зарбалар қурбонлар ва жиддий вайронгарчиликларга олиб келмаган.
Ливан бош вазири Нажиб Микати БМТ ва жаҳондаги нуфузли давлатларни Исроилга таъсир ўтказишга чақирган. «Исроилнинг Ливанга қарши давом этаётган тажовузи — сўзнинг ҳар қандай маъносида Ливан қишлоқлари ва шаҳарларини вайрон қилишга қаратилган бузғунчи режадир», — деган у Ливан ҳукумати йиғилишида.
Исроил президенти Исҳоқ Ҳерцог мамлакат «урушни истамаслиги», аммо унда «ўз халқини ҳимоя қилиш ҳуқуқи ва бурчи» борлигини билдирган. У фуқаролик объектларига қилинган ҳужумларни «Ҳизбуллоҳ» «ракеталарни тинч аҳоли уйларида сақлаши ва уларни тинч аҳоли яшовчи ҳудудлардан туриб учириши»ни айтган.
ЦАҲАЛ расмий вакили Даниэл Ҳагари Исроил Ливан жануби бўйлаб авиазарбалар беришда давом этишидан огоҳлантирган. Журналистларнинг Исроил армияси қуруқлик орқали бостириб кириши эҳтимоли ҳақидаги саволига жавобан Ҳагари шундай деган: «Биз [ўз мақсадларимизга эришиш учун] зарур бўлган барча ишни қиламиз».
Ливанда 17 ва 18 сентябр кунлари пейжерлар, рациялар ва «Ҳизбуллоҳ» аъзолари ўзаро алоқада фойдаланадиган бошқа қурилмалар ёппасига портлаши кузатилди. 30 га яқин киши ҳалок бўлган, бир неча минг киши яраланган. Қурбонлар орасида «Ҳизбуллоҳ» аъзоларидан ташқари оддий фуқаролар, жумладан болалар ҳам бор.
Мустақил текширувлар портлашлар Исроил разведкаси амалиёти бўлганини кўрсатганига қарамай, Исроил ҳукумати ҳодисага алоқадорлигини расман рад этиб, «гуруҳнинг душманлари кўплиги»ни билдирган. Портлашлар ортидан Исроил мудофаа вазири Йоав Галант «урушнинг янги босқичи бошланаётгани»ни маълум қилиб, «ҳарбий ҳаракатларнинг оғирлик маркази» «Ҳизбуллоҳ»га қарши курашиш учун шимолга кўчишини айтганди. 20 сентябр куни ЦАҲАЛ Байрут бўйлаб авиазарба йўллади — натижада 45 киши ҳалок бўлди, шундан 16 нафари «Ҳизбуллоҳ» аъзолари эди, улар орасида бир неча юқори мартабали қўмондонлар ҳам бўлган.
Мавзуга оид
10:30 / 23.11.2024
Халқаро суд қарори: Нетаняҳу ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
14:54 / 22.11.2024
Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди
17:37 / 21.11.2024