Жаҳон | 12:50 / 23.09.2024
2477
5 дақиқада ўқилади

Нетаняху «Ҳизбуллоҳ»га навбатдаги жавоб зарбалари билан таҳдид қилди

«Охирги кунларда биз «Ҳизбуллоҳ»га улар тасаввур ҳам қила олмаган бир қанча зарбаларни бердик, агар «Ҳизбуллоҳ» бу хабарни тушунмаса, мен ваъда бераманки, кейингиларини аниқ тушунади», деди Исроил бош вазири.

Фото: Baz Ratner/AP Photo/dpa/picture alliance

«Ҳизбуллоҳ»нинг қўшни Ливандан Исроилга қарши ҳужумлари фонида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу жангчиларга янги жавоб зарбалари билан таҳдид қилди. «Охирги кунларда биз «Ҳизбуллоҳ»га улар тасаввур ҳам қила олмаган бир қанча зарбаларни бердик. Агар «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати бу хабарни тушунмаган бўлса, мен ваъда бераманки, кейингиларини аниқ тушунади», — дея 22 сентябр, якшанба куни Исроил бош вазирининг сўзларидан иқтибос келтирган AFP агентлиги. 

Шу билан бирга, Нетаняҳу ўз баёнотида яна бир бор ўзи бошчилигидаги вазирлар маҳкамаси «Ҳизбуллоҳ»нинг Исроил шимолига ҳужумларини тўхтатишга ҳаракат қилишини, бу ҳудудларни тарк этишга мажбур бўлган одамлар ўз уйларига қайтишини таъкидлади. «Ҳеч бир давлат ўз фуқароларига ҳужумларга, шаҳарларига қилинган ҳужумларга тоқат қила олмайди, биз - Исроил давлати ҳам уларга тоқат қилмаймиз», деди у.

Исроил Ливан ҳудудига зарбалар берди

22 сентябр куни эрталаб Исроил мудофаа армияси ракеталар отилганидан сўнг Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати объектларига зарба берганини маълум қилди.

ЦАҲАЛ маълумотларига кўра, 22 сентябр куни эрталаб Ливандан Исроил шимолидаги Ҳайфа ҳудудига 85 та ракета учирилган. Уларнинг аксарияти Исроил ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган, бироқ баъзи ракеталар ўз нишонларига етиб борган. Умуман олганда, «Ҳизбуллоҳ» жангчилари Исроил шимолига 115 та ракета учирди.

Исроил қутқарув хизматларининг хабар беришича, Ливандан ўққа тутилиши натижасида Ҳайфа ҳудудида камида уч киши яраланган. Бундан ташқари, бир қанча бинолар ва автомобилларга зарар етган.

Аввалроқ, 20 сентябр куни Исроил Байрутга ҳаво ҳужуми уюштирди. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 22 сентябр ҳолати бўйича камида 45 киши ҳалок бўлган. Шу билан бирга, «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали қўмондони Иброҳим Оқил ва «Радван» махсус кучларининг Ҳамас жангчиларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳарбий операциялари қўмондони Аҳмад Маҳмуд Ваҳбий ҳалок бўлди. «Ҳизбуллоҳ» Оқил ва Ваҳбийнинг ўлимини тасдиқлади. Айни пайтда, AP агентлигининг ёзишича, зарба қурбонлари орасида аёллар ва болалар ҳам бор.

Ливанда «Ҳизбуллоҳ» пейжер ва рацияларининг портлаши

Икки кун давомида бутун Ливан бўйлаб «Ҳизбуллоҳ» жангчилари фойдаланадиган пейжерлар, рациялар ва радиостанцияларнинг катта портлашлари содир бўлди. Умуман олганда, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, гаджетлар портлашлари оқибатида камида 26 киши ҳалок бўлган, 3500 дан ортиқ киши жароҳатланган.

18 сентябр, чоршанба куни бир кун олдин ҳалок бўлган «Ҳизбуллоҳ» жангчисининг дафн маросимида портлашлардан бири юз берди. Бир кун аввал Эроннинг Ливандаги элчиси пейжернинг портлаши оқибатида жароҳатланган эди. The New York Times газетасининг ёзишича, у бир кўзини йўқотган.

Расмий Байрут ва «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати вакиллари воқеада Исроилни айблади. У қилган ишлари учун «лойиқ жазо» олишига ваъда берилди. Reuters манбасининг таъкидлашича, пейжерлар Исроил разведка хизмати «Моссад» томонидан «ишлаб чиқариш босқичида» ўзгартирилган. Sky News Arabia манбаларига кўра, қурилмаларда детонатор қопқоқларини жиҳозлаш учун ишлатиладиган азот кислотаси эфирини ўз ичига олган портловчи модда - пентаэритриттетранитрат бўлган. Тахминларга кўра, портлашлар «Моссад» аккумуляторлар ҳароратини масофадан оширганда содир бўлган.

Яқин Шарқдаги кескинлашув

2023 йил 7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 41 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид