Ўзгартирилган ҳукм ва суд залидан озодлик – ясама жиноятда айбланган аёл очиққа чиқди
Қибрайда 10 ёшли қизини сотганликда айбланиб, суд ҳукми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Зулхумор Абдураҳимова иши апелляция инстанция судида кўриб чиқилди. Ҳуқуқ фаоллари бу ишни ёлланма одамлар иштирокида амалга оширилган “ясама жиноят” деб атаб, тергов ноқонуний ўтказилгани ва адолатсиз ҳукм чиқарилганини билдиришганди.
Иш тафсилотларини ўрганган «STRONG SHIELDING» адвокатлик бюроси адвокати Қобил Анорбоев Зулхуморни текинга ҳимоя қилиш истагини билдирди. 17 сентябр куни ушбу жиноят иши Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция инстанциясида кўриб чиқилди.
Адвокат жиноят ишини ўрганишда тергов жараёнларида йўл қўйилган бир қанча хато ва камчиликлар юзасидан далиллар келтирди.
“Бевосита сўзлашув стенограммасини кўрадиган бўлсак, биринчи ўринда аризачи аёлга пул таклиф қиляпти. Ўзининг 4 нафар фарзанди бўла туриб, 5 йилдан буён фарзанди йўқлигини айтиб алдаб, ўзига турмуш ўртоқ бўлмаган шахсни олиб бориб, турмуш ўртоғим деб таништирган. Сўнгра бир неча бор “онанинг сут ҳақи деган нарса бор, сизни рози қилайлик”, дея аёлни жиноят қилишга ундаяпти. Она эса “йўқ, олдин фарзандим сизларга ўргансин”, деяпти. Бу гаплардан мақсад нима? Фарзандини сотиш эмас, фарзандликка бериш, боқиш учун тарбияга бериш. Ўзининг ижтимоий аҳволи оғирлиги учун уни бошқа оилага топширяпти”, деди адвокат.
Қобил Анорбоев ишни ўрганишда қонун нормалари жиддий бузилгани, адолатсиз жазо тайинланиб, айбсиз шахс жазога тортилгани учун Абдураҳимовага нисбатан ишни қайта кўриб чиқиш кераклигини сўраб шикоят киритилганини маълум қилди. Адвокат аёл фарзандини сотмагани ва бунга етарли далиллар борлиги туфайли биринчи инстанция суди ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқаришни сўради.
Апелляция инстанция суди ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгартирилди. Яъни аёлга қўлланган 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил муддатга туширилди. Жазо шартли ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланди ҳамда аёл суд залида қамоқдан озод қилинди.
Шунингдек, суд Зулхумор Абдураҳимованинг моддий аҳволини яхшилаш бўйича Қибрай туман ҳокимлигига хусусий ажрим киритилишини маълум қилди.
Бир оиланинг парокандаликдан қутулиши қувонарли, албатта. Аммо масаланинг яна бир жиҳати – агар тажрибали адвокат ҳимоясига олмаганида аёл балки умрининг 8 йилини қамоқда, фарзандлар эса меҳрибонлик уйида ўтказган бўларди. Терговнинг бир тарафлама, процессуал нормаларга мутлақо зид олиб борилгани, бир аёл ва икки боланинг ҳаёти қурбон қилингани ва ёлғончи аризачиларнинг эътибордан четда қолиши хавотирли. Бу каби вазиятлар аҳолида ички ишлар тизимига нисбатан ишончсизликни оширади холос.
Эслатиб ўтамиз, 35 ёшли Зулхумор ўзининг яшаш хонадонида “2014 йилда туғилган қиз фарзандини 2 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 500 АҚШ долларини олган вақтида” ушланган ва қамоққа ташланган эди. Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов буни “ясама” жиноят деб атаганди.
Гулмира Тошниёзова тайёрлади.
Таҳририят: Айни пайтда аёл турар жой ва ҳимояга муҳтож. Унга фарзандларини меҳрибонлик уйидан олиб, бирга яшаши учун ёрдам зарур. Ўзидаги қандли диабетнинг оғир тури, ногирон фарзандининг парвариши учун, оиланинг оёққа туриб кетишига оз бўлса-да ҳисса қўшиш истагида бўлганлар 9860010101053659 (синглиси Мирзаева Муҳайё номида) банк картаси орқали ёрдам кўрсатишлари мумкин.
Мавзуга оид
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024