Ўзбекистон | 19:33 / 24.09.2024
24538
4 дақиқада ўқилади

Халқаро миқёсдаги кўзбўямачилик: Самарқандда қуриб ётган учта боғ

Самарқандда халқаро делегация билан биргаликда барпо этилган иккита боғнинг, шунингдек, экология бошқармаси ва журналистлар жамоаси томонидан яратилган боғ дарахтлари қуриб ётибди.

Қайд этиб ўтиш лозимки, янги боғларнинг барчаси Самарқанд туманида жойлашган.

Биринчи боғ «CRIC-21 яшил боғи» деган тантанали ном билан 2023 йилнинг 13 ноябрида Самарқанд шаҳрида БМТнинг чўллашишга қарши курашиш конвенциясини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида барпо этилган эди.

Дарахт экиш тадбирида БМТ бош котибининг ўринбосари, чўллашиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш конвенциясининг ижрочи котиби Иброҳим Тиау, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг раиси Танзила Норбоева, экология вазири Азиз Абдухакимов ва хорижий делегация вакиллари иштирок этишган эди.

Фото: Экология вазирлиги ахборот хизмати

Орадан бир йил ўтмасдан, 1000 туп қимматбаҳо манзарали дарахтлар экилган 2,5 гектар эканлиги айтилган боғ тўлиқ қуриб кетган.

Иккинчи боғ Самарқанд тумани маркази Гулобод шаҳарчасига бориш йўлининг ёқасида, жойлашган. У 2024 йилнинг февралида Самарқандда ўтказилган ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича конвенция томонларининг 14-конференцияси — COP14 йиғилиши доирасида барпо этилган эди ва «COP-14 Яшил жамоат парки» деб аталганди.

Фото: Экология вазирлиги ахборот хизмати

Ўшанда ҳам экология вазири Азиз Абдуҳакимов, БМТнинг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенцияси ижрочи котиби Эми Френкел, халқаро делегациялар вакиллари ва хорижлик меҳмонлар иштирокида боғда шумтол, заранг, япон сафораси, Қрим қарағайи ва бошқа дарахт кўчатлари ўтқазилган.

Фото: Экология вазирлиги ахборот хизмати

Азиз Абдуҳакимов «COP14 — Яшил жамоат парки» 4,5 гектар майдонни эгаллаши, паркда жами 2500 туп турли дарахтлар экилиши, бу ерда савдо дўконлари, автотураргоҳ, шахмат майдончалари қурилишини, умуман парк аҳоли учун ҳар томонлама қулай бўлган маданий ҳордиқ масканига айланиши айтган эди.

Аммо яшил жамоат паркига айланиши лозим бўлган ва Самарқанд туманига ишониб топширилган ва қаровсиз қолган парк қисқа вақт ичида қуриб, янтоқзорга айланди.

Самарқанд туманида маҳаллий жамоатчилик томонидан катта ташаббус билан очилган ва қаровсизликдан қуриб қолган яна бир боғ бор.

Самарқанд вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ташаббуси билан Самарқанд туманидаги Оҳалик маҳалласи ҳудудида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2 гектарли ер майдонида шу йилнинг баҳорида «Экология боғи» барпо этилган.

Унинг бир гектарли қисмида журналистлар боғи ҳам боғи барпо этилган, вилоятда фаолият кўрсатаётган журналистлар ҳам бориб 500 тупдан зиёд кўчат экишган эди.

Фото: nuz.uz

Энг қизиғи, ҳар иккала боғда суғориш учун қудуқлар қазилган, бироқ улар умуман ишлатилмаган. Фақатгина журналистлар ўша кўчат экиш жараёнида унинг суғорилишидан хавотирини билдиришган ва ўртада бир икки марта боғни ўша ерда оқиб ётган каналдан сув олиб, қўлда суғоришни ҳам ташкил қилишган.

Фото: nuz.uz

Аммо боғларнинг барчаси кўкармасдан қуриди.

Бу нима деб аташ мумкин: вилоят даражасидаги лоқайдликми? Катта дабдаба билан ўтказилган халқаро тадбирлардан эсдалик бўлиб қолиши керак бўлган боғларни кўкартириб, паркларни вилоят ва туман аҳолиси ҳордиқ чиқарадиган жой қилишнинг имкони бўлмагани ниҳоятда таассуфли.

Бу хўжасизлик, беҳудага сарфланган маблағлар ва саъй-ҳаракатлар учун ким жавоб беради? Битта боғни кўкартиришни йўлга қўя олмаганларга лавозимни буёғигаям ишониб топшириш мумкинми?

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид