Ўзбекистон | 10:30 / 25.09.2024
1062
3 дақиқада ўқилади

14 та техникум битирувчиларига 70 та давлатда тан олинадиган диплом берилади

Дастлаб, тажриба тариқасида, 14 та техникумда Англиянинг BTEC дастури жорий этилади. Битирувчиларга 70 та давлатда тан олинадиган диплом берилади ҳамда 200 дан ортиқ хорижий университетларга кириш имкони яратилади. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев бугун касбий таълимни ривожлантириш ва миллий малака тизимини ислоҳ қилишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, бу ҳақда шу йил 5 феврал куни ижтимоий соҳалар бўйича бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида вазифа қўйилган эди. Ўтган вақт мобайнида тизимнинг самарадорлиги танқидий ўрганилиб, қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Ҳозирги кунда профессионал таълим тизими уч турдаги муассасалар: 333 та касб-ҳунар мактаби, 227 та техникум ва 112 та коллеждан иборат. Улар табақалашганлиги ва дастурлари ўртасида узвийлик бўлмагани сабабли мавжуд қувватлардан унумли фойдаланилмаяпти.

Шу боис мазкур 3 турдаги муассасалар негизида техникумлар тармоғини ривожлантириш таклиф этилмоқда. Унга кўра, 600 та техникум ташкил этилади. Мақбуллаштириш натижасида бўшайдиган 71 та муассаса биноси мактабларга айлантирилиб, 42 мингта янги ўқувчи ўрни яратилади.

Бундан ташқари, илгари коллежлар турли вазирлик ва идораларга қарашли эди. Энди бу тизимда бошқарув, ташкилий ва методик жиҳатдан ягона давлат сиёсати Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан юритилади.

Замон талабларига тез мослашиши учун техникумларнинг академик мустақиллигини кенгайтириш мўлжалланмоқда. Ўқиш муддатлари ва давомийлигини касб мураккаблиги ва ўқувчининг таълим даражасига қараб белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Техникумларда таълим сифати ва жозибадорлигини ошириш мақсадида халқаро таълим дастурлари йўлга қўйилади. Дастлаб, тажриба тариқасида, 14 та техникумда Англиянинг BTEC дастури жорий этилади. Битирувчиларга 70 та давлатда тан олинадиган диплом берилади ҳамда 200 дан ортиқ хорижий университетларга кириш имкони яратилади. Натижага қараб, бу тажриба босқичма-босқич бошқа техникумларга ҳам татбиқ этилиши мумкин.

Қабул жараёнини иш берувчилар талаби асосида шакллантириш ҳам муҳим. Шу мақсадда электрон платформа яратилиб, унга барча вазирлик ва тармоқлар уланади. Техникумларнинг таълим дастурлари саноат тармоқлари, тадбиркорлар бирлашмалари, йирик иш берувчилар ва уюшмалар билан келишилганидан сўнг амалиётга киритилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид