Жаҳон | 13:37 / 25.09.2024
4852
9 дақиқада ўқилади

Фаластинни тан олишга чорлаган Эрдўған, БМТда чиқиш қилган Зеленский ва «русофобия» учун жазо — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Исроилнинг Ливанга ҳужуми

Исроилнинг Ливанга ҳужуми қурбонлари мингга яқинлашди.

17-18 сентябр кунлари Исроилнинг Ливанга пейжерлар воситасида уюштирган портлашлари ва 23 сентябр кунги ёпирилма авиазарбалари натижасида камида 649 киши ўлдирилган. Қурбонлар орасида ёш болалар ва аёллар жуда кўп. Шунингдек, 5035 киши яраланган.

Ливан ҳокимиятига кўра, бу 2006 йилги Исроил-Ливан урушидан сўнг ўтган вақт ичида энг қонли зарба бўлган.

Ливан оммавий ахборот воситаларининг маълумотларига кўра, Исроил ҳарбийлари Ливаннинг жанубий ва шарқий ҳудудларида яшовчи аҳолига СМС жўнатиб, ҳаводан кенгайтирилган ҳужум бошланиши олдидан ўз турар жойларини тарк этиш ҳақида буйруқ берган.

Тел-Авивнинг таъкидлашича, исроллик ҳарбийлар «Шимолий найзалар» деб номланган операция мобайнида Ливаннинг жануби ва шарқидаги объектларга 1600 та ракета учириб, шунингдек, пойтахт Байрут шаҳрига «мақсадли зарба» бериб «Ҳизбуллоҳ»нинг «кўп сонли» жангариларини йўқ қилган.

Исроил ҳарбий идораси раҳбари, генерал-лейтенант Ҳерци Ҳалевининг айтишича, Исроил «Ҳизбуллоҳга қарши» операцияларнинг «янги фазаси»ни тайёрламоқда. Юзлаб инсонларнинг нобуд бўлишига олиб келган авиазарбалар эса «огоҳлантирувчи характер»га эга.

Эрдўған БМТдаги хитоби

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған БМТ Бош Ассамблеясида чиқиши чоғида Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳуни Ҳитлерга қиёслади.

«Худди Ҳитлер 70 йил аввал инсониятнинг бирлашуви сабаб тўхтатилгани сингари Нетаняҳу ва унинг қотиллар тармоғи ҳам инсоният бирлиги билан тўхтатилиши керак.

Афсуслар бўлсинким, биз БМТ лаёқатсиз, мўрт ва инерт тузилмага айланиб бораётганини кўрмоқдамиз. Улар БМТ Низомини йўқ қилишмоқда ва шу минбардан туриб орсизларча бутун жаҳонга таҳдид солмоқда.

Биз халқаро тинчлик бешта имтиёзли давлатнинг қўлига бериб қўйилишидан кўра каррасига муҳимроқ эканининг гувоҳи бўляпмиз. Дунё бештадан каттароқ! БМТ Хавфсизлик Кенгаши, Ғазодаги геноциднинг олдини олиш ва бу ваҳшийликка нуқта қўймасдан нимани кутиб турибсизлар? Гарчи кимларгадир ёқмаса ҳам, биз ҳақиқатни айтишдан чўчимаймиз.

Биз ҳақиқатни охиригача ҳимоя қиламиз ва гарчи аччиқ бўлса ҳам, ўзимиз тўғри деб билган нарсаларни гапирамиз», — деган Эрдўған.

Ўз чиқишида Ражаб Тоййиб Эрдўған давлатларни Фаластинни тан олишга ҳам чорлади. Исроилнинг Фаластинга нисбатан агрессиясига ягона сабаб бир нечта алоҳида давлатлар буни қўллаётгани, деди Эрдўған.

«Умид қиламанки, бу тарихий қадам Фаластиннинг БМТнинг тўлақонли аъзоси бўлиши йўлида сўнгги ҳал қилувчи палла бўлади. БМТда ҳамон Фаластинни тан олмаган давлатлар бор. Мен уларни Фаластин давлатини тан олишга, бу критик даврда тарихнинг тўғри томонини танлашга чорлайман», — деган Эрдўған.

Пизишкиён референдум таклиф этди

Эрон Ислом Республикасининг янги сайланган президенти Масъуд Пизишкиён ҳам БМТ Бош Ассамблеясида чиқиш қилди.

Эрон президенти «Сионистик режим олимларимизни ўз тупроғимизда ўлдирмоқда, ИШИД ва террорчиларни қўллаб келмоқда», деди.

Шунингдек, Пизишкиён Исроилнинг Ливанга ёпирилма зарба бергани жавобсиз қолмаслигини таъкидлаган.

Фаластин ҳақида тўхталар экан, Эрон президенти бутун Фаластин халқи ўз келажагини умуммиллий референдумда ҳал қилиши кераклигини таклиф қилди.

«Бу мустаҳкам тинчликка эришишнинг ягона йўли», — деган Пизишкиён.

Эрон Ислом Республикаси номидан гапирган президент урушга қарши чиқиши, Украинадаги можаролар ҳам тезроқ якунланишини исташини таъкидлаб, ҳар қандай тинчлик ташаббусини қўллаб-қувватлашини айтди ва бу можаро мулоқот воситасида тугатилишига ишонч билдирди.

Пизишкиён америкаликларга ҳам хитоб қилди.

«Эрон сизнинг мамлакатингизга эмбарго жорий этгани йўқ, пул-кредит ва банк тизимига уланишингизни узиб қўйгани йўқ ёки армиянинг бош қўмондонини ўлдиргани йўқ. Бироқ Америка бу ишни қилди ва Эроннинг энг ҳурматли қўмондонини ўлдирди», — деди Пизишкиён.

Зеленский БМТ минбарида

Украина президенти Володимир Зеленский ҳам БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессиясида чиқиш қилди.

У жаҳон ҳамжамиятини ўзи томонидан баён этилган «тинчлик формуласи»ни қўллаб-қувватлашга чақирди. Украина раҳбари барча мамлакатларни иккинчи тинчлик саммитида иштирок этишга таклиф қилди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украинадаги уруш «музлатилиш» ва «алмашинув» билан эмас, «давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишни назарда тутувчи БМТ Низомининг тантана қилиши» билан якунланиши керак.

«Бу урушнинг биринчи сонияларидан Россия БМТ Низоми билан асослаб бўлмайдиган ишларни амалга ошириб келмоқда», — деди у.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, «Россияни сулҳга мажбурлаш» зарур, чунки Россия президенти Владимир Путин «ўз ихтиёри билан тўхтай олмайди».

Дарвоқе, БМТдаги сессия доирасида Зеленский Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан ҳам учрашди. Учрашув матбуот учун ёпиқ ўтди.

БМТнинг Афғонистонга талаби

БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Афғонистон бўйича ўтказилган тадбирда чиқиш қилган Розмари ДиКарло бу мамлакатдаги аёлларнинг аҳволини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмаслигини таъкидлади.

ДиКарло афғон ҳукуматидан мамлакат аёлларини камситувчи барча чекловларни зудлик билан олиб ташлашни талаб қилди.

У БМТ Афғонистон билан халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган Доҳа жараёнига бошчилик қилишини эслатиб ўтган.

«Ушбу жараён босқичма-босқич ёндашувни талаб қилади. Биз афғон ҳукумати де-фактор бошқарувни инклюзивлаштиришига, аёл ва қизлар ҳуқуқларини, умуман олганда, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишига ва терроризм ҳамда гивоҳванд моддаларга қарши курашни оширишига умид қиламиз. Халқаро ҳамжамият бунинг эвазига ўз чекловларини секин-аста кучсизлантириб боради», — дейди Розмари ДиКарло.

Унинг сўзларига кўра, толибларни ўз мажбуриятларини бажаришга мажбурлаш керак.

«Мақсад шундаки, толибларни ўз мажбуриятларини аввало афғон халқи, кейин бўлса, халқаро ҳамжамият олдида бажаришга мажбурлаш. Афғонистон фақат шу йўл билан халқаро ҳамжамиятга қайтиши мумкин», — дея қўшимча қилади БМТ вакили.

Эрон-Афғонистон чегарасидаги вазият

Эрон ҳарбийлари мамлакатга афғон муҳожирларининг киришини тўхтатиш учун Афғонистон билан чегарада 10 километрдан ортиқ деворни қуриб битказди. Яна 50 километрлик ҳудудда ишларни якунлаш лозим, деб маълум қилган қуруқликдаги қўшинлар қўмондони ўринбосари Назар Неъматий ОАВга.

Эроннинг Афғонистон билан умумий чегараси 900 километрдан ошиқ бўлиб, уни мунтазам равишда қочоқлар кесиб ўтади.

Муҳожирлар оқими 2021 йилнинг августида АҚШ қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетиб, мамлакат «Толибон» назоратига ўтганидан бери кўпайиб бормоқда.

Теҳрон афғон муҳожирлари сони ҳақида расмий маълумот бермаган, аммо парламент аъзоси Абулфазл Тўробий уларнинг сонини 6 миллиондан 7 миллионгача деб баҳолади. Яқинда расмийлар «ноқонуний» қочқинларга босимни кучайтирди ва улар шарқий чегара орқали чиқариб юборилишини эълон қилди.

IRNA расмий ахборот агентлиги маълумотларига кўра, афғонлар Эрондаги «хорижий фуқароларнинг 90 фоиздан кўпроғини» ташкил этади ва «уларнинг аксарияти мамлакатга шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз кирган».

«Русофобия» учун жазо

Россия ҳукумати чет элликларга «русофобия» учун жазо жорий этишни маъқуллади.

Россия Жиноят кодексига мамлакатдан ташқарида чет элликлар томонидан россияликларга нисбатан камситувчи ҳаракатлар учун модда киритилади. Россия ҳукумати тегишли қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади.

Янги модданинг биринчи қисми чет элликлар (шу жумладан, мансабдор шахслар) томонидан Россиядан ташқарида Россия фуқаросига, шунингдек, мамлакатда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсга ёки Россия фуқароси бўлмаган ватандошга нисбатан содир этилган камситиш ҳаракатлари учун жавобгарликни назарда тутади. Иккинчи қисм — бундай ҳаракатларни содир этишга оммавий чақириқлар учун жазо белгилайди.

Ҳукумат мазкур моддада назарда тутилган муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жазога доир мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда қонун лойиҳасини маъқуллади.

Вазирлар маҳкамаси жиноят предметининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда мазкур қоидани амалда қўллашда қийинчиликлар юзага келиши мумкин, деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид