Жаҳон | 19:18 / 25.09.2024
4704
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда Ўзбекистондан келтирилган 2,5 тонна шафтолида зараркунанда аниқланди

Зарарланган маҳсулотлар изоляциялангани ва йўқ қилингани таъкидланмоқда.

Фото: gov.kz

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Агросаноат комплекси Оқтўбе вилояти ҳудудий инспекцияси томонидан Ўзбекистондан келтирилган шафтоли партиясида карантин зараркунандаси – шарқ мевахўри (Grapholita molesta Busck) борлиги аниқланди.

Қайд қилинишича, Марказий божхона расмийлаштируви пунктидаги карантин фитосанитар назорати чоғида 2,58 тонна шафтолининг янги партияси текширилган. Партия Тошкент вилояти, Янгийўл туманидан автомашинада келтирилган. Мева намуналари танлаб олиниб, Оқтўбе вилоят карантин лабораториясига юборилган. Таҳлил шарқ мевахўри мавжудлигини тасдиқлаган.

Карантин объекти тарқалишининг олдини олиш мақсадида зарарланган маҳсулотларни изоляциялаш ва йўқ қилиш ишлари ўз вақтида амалга оширилгани таъкидланмоқда.

Мавзуга оид