Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тадқиқотчилар Марсдаги вулқонлар қайта уйғониши мумкинлигини маълум қилди
Нидерландиялик тадқиқотчилар гуруҳи сунъий йўлдошлар Марс атрофидан олган бир нечта тасвирларни ўрганиб, сайёранинг гравитацион майдони харитасини тузди.
Марсни гравитацион ўрганишлар унинг юзаси остидаги аномалия ва вулқонларнинг қайта уйғониш потенциалини аниқлади, деб хабар беради Naked Science.
Нашрнинг ёзишича, Нидерландиядаги Делфт техника университети тадқиқот гуруҳи Марсда секин, аммо ишонч билан Тарсис вулқон ҳудуди остидан кўтарилаётган улкан магма қатламини аниқлади. Бу келажакда «Қизил сайёрада»ги энг баланд вулқон — Олимп тоғи уйғониши мумкинлигидан далолат беради.
Олимпнинг баландлиги 21,9 километрга етади, унинг калдераси Марс атмосфера қатламидан ҳам кўринади. Шунингдек, Тарсис ҳудудида яна учта сўнган вулқон мавжуд: Аскрий, Арция ва Павонис тоғлари. Ушбу вулқонларнинг барчаси миллионлаб йиллар давомида ҳаракатсиз ётган, аммо келажакда барчаси ўзгариши мумкин.
«Марс ичида унинг юзасида янги вулқонларни пайдо қиладиган фаол ҳаракатлар давом этаётган бўлиши мумкин», — дейди профессор Барт Рут.
Тадқиқотчилар гуруҳи Mars Express, Mars Reconnaissance Orbiter ва ExoMars Trace Gas Orbiter миссиялари доирасида сунъий йўлдошлар Марс атрофидан олган бир нечта тасвирларни ўрганиб, сайёранинг гравитацион майдони харитасини тузган.
Олимлар ушбу маълумотларни NASA’нинг Mars InSight миссияси ёрдамида олинган қобиқ, мантия ва «Қизил сайёра» қатламларининг қалинлиги ва сейсмик ўлчовлари билан бирлаштириб, Марснинг ички тузилиши турли хил зичлик аномалияларига эга эканини аниқлади.
Рут бошчилигидаги жамоа Тарсис атрофида кучсиз гравитацияни қайд этган. Ушбу улкан магма қатлами 1100 километр чуқурликда бўлиб, сайёра қаридан юқорига секинлик билан кўтарилмоқда.