Жаҳон | 20:47 / 26.09.2024
4965
4 дақиқада ўқилади

АҚШ ва иттифоқчилар Исроил ва «Ҳизбуллоҳ»ни урушни тўхтатишга чақирди. Нетаняҳу зарба йўллашда давом этишни буюрди

Исроил Қўшма Штатлар ва Евроиттифоқнинг уруш кенг кўламли тус олишининг олдини олиш мақсадида «Ҳизбуллоҳ» билан уч ҳафталик сулҳ тузиш бўйича таклифини рад этди.

Фото: KAWNAT HAJU/AFP

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу исроиллик ҳарбийларга жангни «тўлиқ куч билан» давом эттиришга ҳамда ўт очишни тўхтатиш бўйича чоршанба кунги чақириқларни эътиборсиз қолдиришга буйруқ берди, деб хабар бермоқда унинг канцелярияси.

Бир кун олдин 11 мамлакат ва Евроиттифоқ қўшма баёнотида Исроил ва «Ҳизбуллоҳ»ни уч ҳафталик сулҳ эълон қилиш ва бу вақт давомида можарони тинч йўл билан ҳал қилиш чораларини кўришга чақирганди.

Баёнот АҚШ, Франция, Буюк Британия, Германия, Италия, Япония, Канада, Австралия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Евроиттифоқ вакиллари томонидан имзоланган.

Бу таклифга жавобан Нетаняҳунинг канцелярияси шуни маълум қилган: «Ўт очиш тўхтатилиши ҳақидаги хабар — рост эмас. Бу Америка-Франция таклифи бўлиб, бош вазир унга ҳатто эътибор қаратмади».

«Бош вазир ЦАҲАЛга ҳарбий ҳаракатларни тўла куч билан ва у томонидан тақдим этилган режаларга мувофиқ давом эттиришни буюрди. Бундан ташқари, Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар ҳам урушдаги барча мақсадларга эришилмагунича давом этади», — дея қайд этади Нетаняҳунинг офиси.

Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац кейинроқ аниқлик киритиб, «шимолда ўт очишни тўхтатиш бўлмаслиги»ни айтди. «Биз ғалаба ва шимолдаги аҳоли ўз уйларига қайтиши учун хавфсизлик таъминланмагунича „Ҳизбуллоҳ“ террорчилик ташкилотига қарши бор кучимиз билан курашни давом эттирамиз», — дейилади Кацнинг X ижтимоий тармоғида жойланган баёнотида.

Фото: Suleiman Amhaz/Anadolu

Исроил мудофаа армияси ўз қирувчи самолётлари Сурия ва Ливан чегарасида «Ҳизбуллоҳ» томонидан «қурол олиб ўтиш» учун фойдаланилган инфратузилмаларга зарбалар йўллаганини маълум қилган.

ЦАҲАЛ ўз мақсади — «Ливанга қурол кириб келиши ва „Ҳизбуллоҳ“ қуроллантирилишининг олдини олиш» эканини, Исроил қўшини «ҳарбий салоҳият ва инфратузилмаларга зарар етказиш учун кучларни қўллаган ҳолда ҳужум қилиш»да давом этажагини билдирган.

Ливан транспорт вазири Али Ҳамиеҳнинг тасдиқлашича, исроилликлар зарбаси чегарадаги кўприкнинг Сурия ҳудудидаги қисмига тушган.

Ҳамиеҳ Reuters агентлиги билан суҳбатда кўприк зарбадан кейин қандай ҳолатда эканидан хабардор эмаслигини айтган.

Ўз навбатида, «Ҳизбуллоҳ» пайшанба куни Исроил шимолида, Ҳайфа яқинидаги ҳарбий объектга зарба йўллагани ҳақида хабар берган. AFP маълумотига кўра, «Ҳизбуллоҳ» «ракеталар учириш»да фойдаланиладиган 
«Rafael ҳарбий саноат комплексларини бомбардимон қилган».

Аввалроқ исроиллик ҳарбийлар Ливандан мамлакат ҳудудига  45 га яқин ракета учирилгани ҳақида хабар қилганди. Уларнинг аксари тутиб қолинган, қолгани очиқ жойларга тушган, деб хабар қилган Исроил мудофаа армияси.

Rafael Advanced Defense Systems — Исроилдаги мудофаа компанияси бўлиб, «Темир гумбаз» ракеталарга қарши мудофаа тизимини ҳам ишлаб чиққан. Исроил компания бинолари шикастлангани тўғрисида расмий хабар бермаган.

Мавзуга оид