Жаҳон | 07:30 / 26.09.2024
6744
3 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Украинага янги ёрдам пакети миқдори очиқланди

АҚШдан Киевга янги ҳарбий ёрдам пакетига, жумладан, 130 кмгача масофага учадиган бомбалар ҳам киритилган, деб ёзади Reuters.

Фото: Reuters

АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага 375 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Пакет мазмунини ўз ичига олган пресс-релиз 25 август, чоршанба куни Пентагоннинг расмий сайтида чоп этилди.

Ушбу ҳужжатга кўра, Киев HIMARS ЯЎРТ учун ўқ-дорилар, 105 мм ва 155 мм калибрли артиллерия снарядлари, Javelin кўчма танкка қарши ракета тизимлари, AT-4 танкка қарши гранатометлар, зирҳли ва минадан ҳимояланган ускуналар, патрул катерлари, ўзиюрар кўприк тизимлари, шунингдек, қуроллар, ўқ-дорилар, илгари узатилган қуроллар учун эҳтиёт қисмлар олади.

Янги ҳарбий ёрдам пакетининг алоҳида банди «ҳаво-ер» синфидаги ўқ-дорилар» бўлиб, Reuters маълумотларига кўра, гап юқори аниқликдаги AGM-154 Joint Standoff Weapon (JSOW) авиабомбалари ҳақида кетяпти.

Агентлик манбаларининг қайд этишича, бу Украина учун бундай қуролларнинг биринчи етказиб берилиши. JSOW 130 кмгача бўлган масофадаги нишонларга зарба бера олади ва улар Украинада чекланган миқдордаги F-16 қирувчиларидан учирилиши мумкин.

Исроиллик ҳарбий эксперт Игал Левин Пентагон пресс-релизида анъанавий охирги сатрлар ўзгартирилганига эътибор қаратмоқда. Агар АҚШ Мудофаа вазирлиги аввалроқ Киевнинг иттифоқчилари билан «Украинанинг жанг майдонидаги шошилинч эҳтиёжларини қондириш ва Россия агрессиясидан ҳимояланиш устида» ишлаётганини ёзган бўлса, 25 сентябрдаги ҳужжатда гап «Украина урушда ғалаба қозониши учун зарур бўлган ёрдамни тақдим этиш ҳақида кетаётгани» айтилади. 

Reuters: АҚШ Киевга яна 8 млрд долларлик ҳарбий ёрдам тайёрламоқда

Жо Байден маъмурияти 30 сентябрда АҚШда молиявий йил тугагунга қадар Украинага 5,6 миллиард долларлик ҳарбий ёрдамдан фойдаланишга рухсат бериш учун Конгресс билан шошилинч музокаралар олиб бормоқда. Айтилишича, Оқ уй аввалроқ тегишли сўров юборган, бироқ пакет мазмуни ҳақида маълумот берилмаган.

Бундан ташқари, 26 сентябр куни Украина президенти Володимир Зеленский ва АҚШ етакчиси Жо Байден, вице-президент Камала Ҳарриснинг Вашингтондаги учрашуви фонида Оқ уй Киевга навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини – 2,4 миллиард доллар миқдорида эълон қилиши кутилмоқда. Булар Байден маъмуриятига Америка компанияларидан қурол сотиб олиш имконини берувчи Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси доирасида харидлар бўлади.

Агар иккала ташаббус ҳам тўғри бўлса, пакетлар жами 8 миллиард долларни ташкил қилади.

Мавзуга оид