Фан-техника | 12:14 / 26.09.2024
11588
6 дақиқада ўқилади

iPhone 16'даги ўзгаришлар ва “понт” учун 3 карра тўлов — Apple кутилмаларни оқлаяптими?

9 сентябрь куни Apple компанияси ўзининг янги тақдимотида iPhone 16 линиясидаги смартфонлар, 10-авлод ақлли соатлари ва бошқа қурилмаларини тақдим қилди. Кўпчилик iPhone'лар дизайнида ўзгариш бўлмаётганидан нолимоқда, шунга қарамай айримлар учун қурилмани ҳаммадан биринчи, қимматроқ нархга сотиб олиш бу йил ҳам “понт” бўлди. Kun.uz мухбири техноблогерлар Жавлон Асатуллаев ва Маъруф Боймуродов билан жамиятда Apple феномени ва купертиноликларнинг янги маҳсулотлари ҳақида суҳбатлашди.

Ҳар бирига алоҳида тўхталишимиздан олдин, келинг, дастлаб тақдимот ҳақида. 9 сентябрдаги тақдимот сизнинг кутилмаларингизни қанчалик оқлади? Сиз яна нималар кутгандингиз?

Жавлон Асатуллаев:

– Мен iPhone’нинг янги кўриниши қандай бўлар экан деган саволни олдимга қўймагандим, чунки бу ҳақида тахминларим бор эди. Буни WWDC тақдимотида кўриб бўлгандим. Ва биз фойдаланаётган смартфонлар ўз ўрнини AI iPhone'ларга бўшатяпти. Яъни сунъий интеллект бошқарувидаги телефонлар даврига етиб келмоқдамиз. Ва ўз саволларимга WW DC тақдимотида жавоб олгандим ва 9 сентябрдаги тақдимотдан бирор катта янгилик кутмаган эдим.

Маъруф Боймуродов:

– Мен ҳам Жавлон аканинг фикрларига қўшиламан. Йилдан йилга қурилмаларнинг дизайни ва тузилишини тахмин қилиш имкони ошмоқда. iPhone 16 Pro'нинг ҳам қандай дизайнда бўлиши олдиндан маълум эди. Apple watch'лар борасида катта нарсани кутишган бўлишса ҳам 10 йилликдаги сўнгги маҳсулот деб тақдим қилинган бўлса, бу охирги 3 йилликда шундай шаклда чиқишни давом этади. Бундан ўзгача шаклда watch'лар чиқмайди менимча. Аммо қулоқчинлар бўйича кўпроқ нарсани кутгандим. Кутганимдан анча камроқ нарса тақдим қилинди.

Янги “айфон” 16'нинг дизайни мен кўрган ёки ўқиган одамларнинг кўпчилиги танқид қилди, 11 авлоддан буён деярли ўзгариш йўқлиги айтилмоқда. Янги мобил қурилмаларнинг ўзгариши сизнингча секинлашиб қолмадими ёки Apple янгича дизайнлар учун илҳом тополмаяптими?

Жавлон Асатуллаев:

– Бутун дунёда кремнийнинг нархи ошган ва Apple компанияси рақобат кучли бўлгани учун ҳам Apple маҳсулотларининг таннархи ошишига қарамай, нархларни бу қадар кўтариб ташламаяпти. Агар маҳсулот хомашёси сифатли қилиниб нархни бир хилда ушлаб туриш амалга оширилса, компания инқирозга кириши мумкин. Шу сабабдан ҳам iPhone 11 дан кейин маҳсулотларнинг кўриниши бир хил бўлиб қолаётган бўлиши мумкин. Бу албатта менинг фикрим. Apple ҳар йили янги маҳсулот чиқаради ва бу маҳсулотларнинг кўриниши ҳар хил бўлиши керак деган мажбурият олмаган. Ва бу оддий ҳолат албатта. Келажакда бу борада бошқа режалар амалга оширилиши мумкиндир. Тахминимча, технологик ривожланишнинг кейинги босқичи қўлимизни телефондан бўшатиш бўлади: телефонларимиз машинада ёки сумкада турган ҳолда унинг бошқарув объекти ўзгариши мумкин. Бу кўзойнак ёки соат орқали амалга оширилиши мумкин.

Янги iPhoneʼлардаги камера технологияси олдингидан яхшироқ бўлгани ҳақида айтишади. Лекин 14-авлоддан бошлаб 48 MP'дан ошмаяпти. Унда янги ўзгаришлар қандай ва фойдаланувчи буни қандай сезади?

Маъруф Боймуродов:

– iPhone ишқибозлари учун кенг бурчакли камерани (ultrawide) 12 MP'дан 48 MP'га ўтиш катта ўзгариш сифатида баҳоланиши мумкин. Кенг камерада расм олиб юрган одам бундаги фарқларни сезади. Техникани яхши тушунадиган одамлар ундаги ўзгаришларни тез ажрата олишади. iPhone камерасидаги янги қулай хусусиятлардан бири 120 FPS'да олинган видеоларни, кейинроқ 60, 30 ёки 24 FPS'га ўзгартириш мумкинлигида. Бу мобилографлар учун жуда катта қулайлик, дегани.

Ўзи Apple телефонлари феномени рекламаларсиз нима учун одамлар орасида бунчалик “понт” даражасига чиқиб кетди? 3-4 баробар қимматга бўлса ҳам янги “айфон” олиш, ҳар доим янгилаш хоҳишига нималар мажбурлайди, одамларни?

Маъруф Боймуродов:

– Бу Apple’га боғлиқ вазият эмас инсонларнинг психологиясига боғлиқ нарса. Қора Gentra менда бўлиши керак, iPhone'нинг янги формаси менда бўлиши керак деб ҳисобловчилар бу каби ҳолатнинг кучайишига сабаб бўлишмоқда.

Жавлон Асатуллаев:

– Бу ривожланиши суст кечадиган мамлакатларда кўпроқ учрайдиган ҳолат. Бу нафақат Ўзбекистонда, Бангладеш, Ҳиндистонда бу ҳолатга дуч келиш мумкин. Бир неча кун ҳеч кимда йўқ янги “айфонни” тутиб юриш учун айримлар 2-3 минг доллар кўпроқ тўлашга ҳам рози. Ва бунинг ортидан ўзбекларнинг шу “муаммоси”ни билган бошқа бир ўзбек фойда қиляпти, Apple компанияси эмас. Боя айтилганидек компанияга боғлиқ эмас, балки одамларнинг руҳиятидаги муаммолар ва орзу-ҳавас.

Мен бир неча йил олдин Apple маҳсулотларини сотиш билан шуғулланмоқчи бўлдим ва бир нарсани шу ерда англадим: Ўзбекистонга кўп ҳолатларда коробкасидан очилган, баъзида ишлатилган қурилмалар кириб келар экан. Баъзилари бож тўламаслик учун божхонада очилгани ҳам бўлади. Шунинг учун янги Apple қурилмаларини олаётганда эҳтиёт бўлиш керак. Янги Apple маҳсулотларини серия рақами орқали компания ўзи яратган ушбу сайт checkcoverage.apple.com орқали ёки www.3u.com дастури орқали текшириб кўриш мумкин.

Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видео орқали кўришингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди. 

Мавзуга оид