НАТО эҳтимолий учинчи жаҳон урушига режалар тайёрламоқда
Алянс генералларидан бирининг сўзларига кўра, бу каби уруш катта эҳтимол билан «кенг жанг майдонига» кўчади ва НАТО учун жиддий йўқотишларга олиб келади.
НАТО учинчи жаҳон уруши бошланган тақдирда ярадорларни фронт чизиғидан кенг кўламли эвакуация қилиш режасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда алянснинг логистика бўйича қўмондонлиги бошлиғи генерал-лейтенант Александр Соллфранк маълум қилди.
Соллфранкнинг сўзларига кўра, бу каби уруш катта эҳтимол билан «кенг жанг майдонига» кўчади ва НАТО учун жиддий йўқотишларга олиб келади. Генералнинг таъкидлашича, Россия Ҳарбий-космик кучларининг имкониятлари кенглиги боис ярадорларни ҳаво орқали эвакуация қилиш катта хавф туғдириши мумкин, шунинг учун санитар поездлардан фойдаланиш яхшироқ. «Вазифа ярадорларга энг ёмон шароитда тезкор ва сифатли ёрдам кўрсатилишини таъминлашдан иборат», — дея қўшимча қилади у.
Соллфранк, шунингдек, НАТО тиббиёт қоидаларини бирхиллаштириш муҳимлигини қайд этди. Ярадорларга керак бўладиган кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш учун «Ҳарбий-тиббий Шенген»нинг яратилиши шу каби ечимлардан бирига айланиши мумкин.
Daily Mail’нинг ёзишича, тиббий эвакуацияни режалаштириш — НАТОнинг Россия билан эҳтимолий урушга тайёргарлигининг битта элементи холос. Чунки 22 январдан 31 майга қадар 1988 йилдан бери НАТОнинг энг йирик Steadfast Defender ўқувлари ўтказилган. Унда 90 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи, 50 дан зиёд кема, 80 дан ортиқ самолёт, вертолёт ва дронлар, шунингдек, 1,1 минг жанговар машиналар, жумладан, 133 та танк иштирок этган.
Ушбу манёврлар эҳтимолий Россия босқинига тайёргарлик кўриш мақсадида ўтказилган ва унда Буюк Британия, Германия, Венгрия, Греция, Полша, Финландия, Швеция каби Европа давлатлари иштирок этган эди. 2024 йил январ ойида Германия мудофаа вазири Борис Писториус Ғарб давлатлари яқин 3-5 йил ичида Россияга қарши урушга фаол тайёргарлик кўриши кераклигини айтган эди.
Мавзуга оид
20:43 / 12.11.2024
НАТО бош котиби Украинадаги можаро «траекториясини» ўзгартиришга чақирди
16:07 / 12.11.2024
Greenpeace: НАТО ҳарбий жиҳатдан Россиядан сезиларли даражада устундир
01:18 / 10.11.2024
Россиялик ўқитувчилар «НАТОдан ҳимояланиш учун» фолгадан қалпоқлар ясади
10:09 / 09.11.2024